Home / МАҚОЛАЛАР / РАМАЗОН ОЙИНИНГ ЭНГ УЛУҒ КЕЧАСИ

РАМАЗОН ОЙИНИНГ ЭНГ УЛУҒ КЕЧАСИ

Ойларнинг султони  Муборак Рамазон кечалари ичида энг улуғи шубҳасиз Қадр кечасидир. Ҳадиси шарифларда бу кечанинг фазилатлари ҳақида кўп сўз юритилган бўлсада, унинг аниқ вақти тўғрисида маълумот келтирилмаган.

Бу ҳақда уламолар томонидан турлича изоҳлар билдирилган бўлиб, қуйида Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашлари билан танишамиз.

Ақидавий мазҳаббошимиз Имом Мотуридий “Тавилотул Қуръон” тафсирида  “Қадр” сурасини тафсир қила туриб, “Қадр” кечасининг вақти ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтган:

“Муфассирлар “Қадр” кечасининг қачон бўлиши ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли ривоятлар келганини айтадилар. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳам бу борада ихтилоф қилганлар.
Жумладан: 
Абдуллоҳ ибн Унайснинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятида: “Уни охирги ўн кунликдан изланглар, ҳар тоқ (кеча)дан ахтаринглар”, дейилган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Қадр кечаси) Рамазоннинг ўн тўққизинчи, йигирма биринчи ва йигирма учинчи кечаларидир”, дедилар”, деб ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қадр кечасини охирги етти кечадан ахтаринг”, деганларини айтиб ўтган.

Қадр кечаси йигирма еттинчи кеча экани ҳақида ҳам ривоятлар бор.

Яна Абдуллоҳ ибн Умардан шундай ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечаси ҳақида сўралди, мен эшитиб тургандим. У зот: “Рамазоннинг барча (кечаси)да”, дедилар.

Зиррдан қилинган ривоятда: “Убай ибн Каъбга: “Эй Абу Мунзир, менга Қадр кечаси ҳақида хабар бер, дўстимиз Абдуллоҳ ибн Масъуд у ҳақда сўралувди, ким бир йилни тўлиқ бедор ўтказса “Қадр” кечасини топади, деб жавоб берди”, дедим. У: “Ҳа, Аллоҳ Абу Абдураҳмонга раҳм қилсин, Аллоҳга қасамки у (Қадр кечасини) Рамазонда эканини аниқ билади, кишиларнинг лоқайд бўлиб қолишларини ёқтирмаган холос, Аллоҳга қасамки, у Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидадир”, деди”, дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадр кечасига ишора қилувчи мутавотир хабар собит бўлмас экан, бизга ҳам бошқаларга ҳам Қадр кечасига ишора қилиб, у фалон кечада, йигирма еттинчи кеча ёки йигирма тўққизинчи кеча деб айтишимиз жоиз эмас. Хабар собит бўлгандагина (айтишимиз) тўғри бўлади. Хабар йўқми, унда (Қадр) кечалар орасидан изланаверади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ривоят қилинган ҳадислар эътирозсиз қабул қилинади ва уларнинг барчаси саҳиҳдир. Қадр кечаси бир йили бир кечада бўлса, бошқа йили бошқа кечада, яна бир йил Рамазоннинг охирги ўн кунлигида, кейинги йил Рамазоннинг ўртасидаги ўн кунликда, яна бир йил аввалги ўн кунлигида, яна бир йил Рамазондан бошқа вақтларда келаверади. Энг тўғрисини Аллоҳ билувчидир”.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Қадр кечасининг айнан қайси кечада бўлиши аниқ айтилмаганини қуйидаги ҳикмат билан изоҳлайди:

“Дарҳақиқат баъзи маконларда қилинган ибодатларнинг алоҳида фазилати бор. (Бу ҳақда ҳадисда) шундай дейилган: “Масжидул Ҳаромда ўқилган битта намоз бошқа масжидларда ўқилган юз мингта намозга тенг келади, менинг бу масжидимда ўқилган битта намоз Масжидул Ҳаромдан ташқари бошқа масжидларда ўқилган мингта намозга тенг келади”.

“Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир” (Жин сураси, 18-оят) оятида ҳам бу жойларда (масжидларда) ибодат қилингани учун улар бошқа жойларга нисбатан алоҳида ажратиб кўрсатилмоқда.

Шунга (ушбу оят ва ҳадисга) кўра баъзи вақтлар (учун хос) ибодатлар белгиланганидан келиб чиқиб, бу вақтлар бошқасига кўра алоҳида фазилатга эгадир. Лекин (оят ва ҳадисларга қарайдиган бўлсак, уларда) фазилатли маконлар баён қилиб ўтилган бўлсада, фазилатли вақтлар аниқ қилиб айтилмаган ва улар бошқа вақтлар ичидан ахтариладиган қилиб қўйилган. Бунинг сабаби – Аллоҳ билувчироқ – агарда фазилатли вақтлар (қачонлиги) аниқ айтилиб, унга ишоралар бериладиган бўлса бу (вақтнинг фазилати)ни топаман деган кишига ҳеч бир қийинчилик қолмасди. (Кишилар) Шу вақт ва шу кечанигина ғанимат билган бўлар (ва бошқа вақтларни зое қилган бўлар эдилар). Фазилатли маконларга келсак, уларга бориш шундоқ ҳам машаққат талаб этгани учун аниқ айтиб қўйилган.

Шунга кўра, инсоннинг руҳи жасадидан қачон чиқиши аниқ айтилмаган. Нега деганда, инсонга умрининг ниҳояси қачонлиги маълум қилинса, умрининг охирида тавба қилишга ишониб, бузуқлик ва гуноҳ ишларни қилаверган бўларди. Шунинг учун ҳамиша қўрқув, ҳушёрлик ва умид узра турсин деб умри қанчалиги баён қилинмаган.

Юқоридаги ҳикматларга биноан Қадр кечасини барча тунлар орасидан излаш ва бошқа кечаларни ҳам ибодат билан бедор ўтказиш учун унинг аниқ вақти айтилмаган. Энг тўғрисини Аллоҳ билувчидир”.

Имом Мотуридий раҳматулоҳи алайҳнинг “Қадр” сураси тафсиридаги изоҳаларидан шу равшан бўлмоқдаки, Қадр кечаси вақтининг аниқ айтилмагани бандалар учун Аллоҳнинг бир раҳматидир. Бу кеча фазилатига етиш учун бир неча тунларни бедор ўтказган кишилар Қадр кечасини топиш билан бирга яна кўплаб Рамазон тунларини қоим қилганлик савобига эришадилар. Шуни теран англаган ҳолда ушбу муборак дамларни ғанимат билиш ва охиратимиз учун заҳира тўплаб олиш учун айни фурсатга эга бўлиб турибмиз. Ушбу фурсатни қўлдан бой бермайлик.

Усмонхон МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …