Home / МАҚОЛАЛАР / ВАҚФ – ИСЛОМ ДИНИДА МУСТАҲАБ БЎЛГАН ИБОДАТ

ВАҚФ – ИСЛОМ ДИНИДА МУСТАҲАБ БЎЛГАН ИБОДАТ

“Вақф” сўзи луғатда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларини англатади. Шариатда эса бир молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳнинг мулкига айланади. Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Мазкур нарсанинг ўзи ушлаб турилади, ундан келадиган фойда эса, бардавом бўлиб туради. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди ва мерос бўлмайди.  Вақф – Исломда мустаҳаб бўлган қурбат, яъни ибодатдир.

Мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ва хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулкларга вақф дейилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади.

Мусулмонларнинг хайрия ишларининг барчасига динимиздаги вақфлар тўғрисидаги кўрсатмалар асос бўлган. Чунки вақф садақаи жория бўлади, ундан доимий равишда савоб етиб туради.

Ушбу хайрия ишларини қилишда барча мусулмонларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари бош ўрнак бўлганлар. У киши турли кишилар тарк қилган еттита боғни мискин фақирлар ва ҳожатмандлар фойдасига вақф қилганлар.

Барча мусулмонлар бу хайрли ишни шараф билан давом эттирдилар. Улар ҳадсиз-ҳисобсиз боғу роғларни, ерларни, ҳовли жойларни ва бошқа турли туман мулкларни вақф қилдилар. Бунинг натижасида ҳамма тарафларга хайрия муассасалари тарқалди.

Хайрия муассасаларининг энг биринчиларидан бири масжидлардир. Мусулмонлар азалдан масжид қуришдек хайрли ва эзгу ишларда  бир-бирларини қизиқтириб келганлар. Шунингдек, мадрасалар ҳам бу борада Ислом умматининг алоҳида эътиборга сазовор ишларидан биридир. Вақф фақатгина масжид ва мадрасалар билан чекланиб қолмай  қамрови жуда кенг бўлган.

Вақфлар ҳақида сўз кетар экан, шифохоналар, меҳмонхоналар, такялар каби муҳтожларга аталган муассасалар ҳақида алоҳида таъкидлаш лозим бўлади. Камбағаллиги туфайли уй-жой қура олмайдиган, уни сотиб  ёки ижарага ололмайдиган оилаларга аталган турар-жой вақфлари ҳам кўп бўлган.

Йўловчилар, зироатлар, ҳайвонлар ва муҳтожларни сув билан таъминлаш ниятида ҳамма ерларда қудуқлар қазийдиган вақфлар ҳам кўп бўлган. Мусулмонларнинг хайрия ижтимоий муассасалари қаторида йўл ва кўприкларни тузатиш билан ўз хизматларини тақдим қиладиган вақфлари ҳам бўлган.

Етим болаларга аталган вақфлар  эса, уларни едириш, ичириш, кийинтириш, яшаш жойи билан таъминлаш, хатна қилдириш  кўринишида бўлган. Кўзи ожиз, шол ва имконияти чекланган кишиларга аталган вақфлар уларнинг ҳузур-ҳаловат ила яшашлари учун барча керакли шароитларни яратган.

Оила қуришда қийналиб қолган ёш йигит-қизларга оила қуришда керакли барча ёрдамларни тақдим қиладиган вақфлар ҳам ҳамма ерларда муваффақият билан иш олиб борган.

Эмизикли оналарни сут ва қанд билан таъминлайдиган хайрия муассасалари бўлиб, бу каби вақфни биринчилардан бўлиб, Салоҳуддин Айюбий ташкил қилган эди. У киши Дамашқ шаҳри қалъаси дарвозаларидан бири яқинида икки тарнов қилиб биридан сут, иккинчисидан қандли сув оқиб турадиган қилган эди. Оналар ҳар ҳафтада икки марта келиб, болалари учун сут ва қанд олиб кетар эдилар.

Мусулмонларнинг хайрия ташкилотларидан ҳамма баробарига фойда топар эди. Ҳатто қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотлари ҳам турли ерларда ўз хизматларини адо этар эди. Вақф фаолиятлари Ислом динида ана шундай юқори савияда шаклланган эди.

Қолаверса, буюк аллома, мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратган ва бу бўйича ўзининг “Вақфия” номли китобини ёзиб қолдирган. Ёш авлод вакиллари ҳам аждодларга муносиб авлод бўлган ҳолда, уларнинг бошлаган ишларини давом эттириш ва келажак авлодларга ҳам етказиш муҳим вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз керак.

Илк даврларда вақфлар идоравий шаклига кўра фақат вақф қилувчининг ўзи томонидан ва вақф қилувчи тайинлаган мутавалли томонидан юритиладиган вақфларга бўлинган. Вақт ўтиши билан вақфларнинг васиқалари йўқолиб идора шакллари маълум бўлмай қолган. Шунда қозилар уларнинг идорасини ўз зиммаларига олишган ва учинчи идоравий шакл пайдо бўлган. Кейинчалик эса тўртинчи идоравий шакл — ҳукумат идораси пайдо бўлган. Бу, айниқса, XIX аср ўрталарида Усмонийлар давлатида Вақфлар вазирлиги ташкил этилишида намоён бўлган.

Бугунги кунда ҳам жаҳоннинг бир қатор давлатларида вақфлар турли йўналишларда фаолият олиб бормоқда. Кўп ҳолларда уларнинг фаолияти қонунлар асосида расмий идоралар томонидан тартибга солинишини ҳам кузатишимиз мумкин. Мисол тариқасида Туркиянинг “Вақфлар Қонуни”, Малайзия қонунчилигидан ўрин олган вақф ерлари ва вақф ишлари ҳақидаги бандлар, Уммон, Қувайт, Қатар, Саудия Арабистони, Иордания, Марокаш давлатларида фаолият юритаётган Вақф вазирликларини келтиришимиз мумкин. Бу вақфлар маданий меросларни муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар ва таълим каби соҳаларни ўз ичига олади. Вақфлар фаолияти давлат иқтисодиёти учун ҳам ижобий самара беради. Вақфлар ҳеч қандай моддий манфаатни кўзламаган ҳолда ижтимоий соҳаларга маблағ етказиб беради. Бу маблағларни эса ўз корхона ва ташкилотларидан тушган тушумлар ҳисобига қўлга киритади. Натижада давлат томонидан ижтимоий соҳаларга ажратилиши зарур бўлган маблағлар миқдори камаяди, қолаверса, вақфларнинг даромад манбаи бўлмиш корхоналар ҳисобидан иш ўринлари ортади ва шу орқали ишсизлик даражаси пасаяди. Шу жиҳатдан жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари вақфлар фаолиятини қонун асосида қўллаб-қувватлаш орқали уларга кенг имкониятлар яратиб берган.

 Аммо, Марказий Осиёда Шўролар босқини сабабли, вақф тушунчаси йўқолиб кетган эди.

Сўнгги йилларда  Давлатимиз Раҳбарининг диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътибори ва бу йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли юртимизда ҳам “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Унинг олиб бораётган хайрли ишлари эътирофга молик.

Президент қарори билан вақф мулки ва уни тасарруф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

 Бугунги кунда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қилинаётган хайру-эҳсонлар халқимиз қалбида вақф мулкларига бўлган ҳурмат-эҳтиромни ошишига хизмат қилади.

Абдувоси Шоназаров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими 

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …