Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, дедилар (Имом Насаий ривояти).
Манбаларда келтирилишича, Рамазон ойининг ўз умматига фарз бўлишини айрим пайғамбарлар ҳам орзу қилган. Бу ой Қуръон ўқиш, хайру саховот улашиш ва меҳр кўрсатиш ойидир. Айниқса, ушбу ойда муборак бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилганидан кўра кўп савобга эришади. Қадр кечасининг қачон бўлиши тўғрисида кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Ҳамда ҳадиси шарифларда келган хабарларга таяниб, уламолар томонидан фикрлар билдирилган.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда иймон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёйинки охирги кеча қадрдир”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳоба Зирр розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил тунлари қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар», деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин! Ҳақиқатан, у Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир. Лекин одамлар шунга суяниб қолмаслиги учун айтмасди, – деди. Сўнг қатъий қасам ичиб: «Йигирма еттинчи кечада», деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, қандай далилга таяниб шундай деяпсиз?” дедим.
У зот: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга айтган белгини далил қиляпман. У кеча тонгида қуёш шуъласиз бўлиб чиқади”, деб жавоб берди (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қанча саҳобалари “Лайлатул қадр”ни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг тушларингизга кўра, Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади. Кимки, Қадрни топмоқчи бўлса, Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг еттинчи кечасида кутсин!”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Саҳоба Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини айтиб, бундай дердилар: “У бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган кеча бўлиб, қуёш ўша куни оппоқ бўлиб, милтиллаб чиқади” (Имом Муслим, Имом Аҳмад, Абу Довуд ривояти).
Фақиҳлар томонидан Қадр кечасининг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд фикрлар, тахминлар айтилган. Аслида, Қадр кечасининг қачон бўлишини Аллоҳ таолодан Ўзга ҳеч ким билмас. Қуйида, тахмин ва фикрларни ўрганиб чиқиб, унда машҳур бўлган айрим белгиларнинг келтирилишини лозим топдик.
ҚАДР КЕЧАСИНИНГ 7 БЕЛГИСИ:
- Қадр кечасида сокинлик ҳукм суради. Атроф мусаффо, ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади.
- Осмондаги юлдузлар учмайди, бошқа жисмлар қалтис ҳаракат қилмайди. Касалликлар пайдо бўлмайди.
- Ҳаво мўътадил бўлади, жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам бўлмайди.
- Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Сабаби, ўша тун ва кунда кўплаб фаришталар ерга тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёшнинг нурларини тўсиб қўяди.
- Қадр кечасида ёмғир-қор ёғмайди, ёғса ҳам ўта майин ва ёқимли бўлади. Шўр сувлар ҳам ўша кечада чучук бўлиб туради.
- Дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб олади.
- Ўша куни шайтонлар чиқишига йўл қўйилмайди.
Мазкур белгиларга қуйидаги саҳиҳ ҳадислардан далил олинган:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қадр кечасини тавсифлаб, бундай дедилар:
“Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади”(Имом Абу Довуд ва Баззор ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Албатта, Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг белгиларидан бири, қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди”(Имом Аҳмад ривояти).
Ибн Абу Осим Набил Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечалардан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, гўё ой борга ўхшайди. У кеча тонг отгунигача шайтонлар чиқмайди”, дедилар».
Қадр кечасининг Рамазон ойига яширилишининг ҳикмати, ўлим вақтининг ёки қиёматнинг соати қачон бўлишига ўхшаш бир ҳолдир. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда Қадр кечасини топишга ҳаракат қилиши ҳамда тоат-ибодат ва дуоларга рағбатини янада кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги лозим. Абул Олия розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир аъробий кимса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Лайлатул қадр қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Лайлатул қадрни Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!”(Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, Қадр кечасини аниқ билишнинг иложи йўқ. Бироқ, Парвардигори олам Ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдириб қўяди. Ҳолбуки, Рамазон ойининг ҳар бир кечаси, айниқса охирги ўн кунлигининг тоқ кечалари Қадрдир.
Имом Табарий ва Имом Байҳақий ривоятларида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши каби белгилар ҳам зикр этилган.