Аллоҳ таоло имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ёд олиш ва барча ишларни яхшилаб қилиш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишининг кичиклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшли бола бўла туриб, ўз устозлари Дохилийнинг хатосини тузатганлари бунга далилдир.
Имом Бухорий отасининг дарсхонасида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафсдан Суфённинг «Жомеъ» китобини тинглар эди. Абу Ҳафс бир ҳарфда хато қилган эди, у қайтарди. Иккинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. Учинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. У бир муддат сукут сақлаб турди-да:
«Бу ким?» деди.
«Ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардизбаҳ», дейишди.
«Бунинг айтгани тўғри экан. Эслаб қолинглар! Албатта, бу бир куни Одам бўлади», деди Абу Ҳафс.
«Тобақотуш-Шофеъийя» ва бошқа китобларда қуйидаги матн келтирилади:
«Салийм ибн Мужоҳид айтади:
«Муҳаммад ибн Салом Пойкандининг ҳузурида эдим. Бас, у менга:
«Агар аввалроқ келганингда, етмиш минг ҳадисни ёд биладиган болачани кўрар эдинг», деди.
Мен ортидан излаб бориб, уни топдим ва:
«Етмиш минг ҳадисни ёддан биламан, деган сенмисан?» дедим.
«Ҳа! Ундан ҳам кўп! Мен сенга саҳоба ва тобеъинлардан ҳадис келтирадиган бўлсам, албатта, улардан кўпининг туғилган жойлари, вафотлари ва масканларини ҳам биламан. Саҳоба ва тобеъинлардан бирор ҳадисни ривоят қиладиган бўлсам, албатта, унинг Аллоҳнинг Китобидаги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги аслини ҳам ёдлаган бўламан», деди у».
Имом Бухорий ўн олти ёшида Ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёдлаб бўлган ва аҳли раъйнинг каломини эгаллаган эдилар. Ўн саккиз ёшдан китоб таснийф қилишни бошладилар.
Ёшлик чоғида имом Бухорий ўз тенгдошлари ила Басра машойихларининг дарсларига қатнашар ва уларни ёзиб олмас эди. Бир қанча кун шу тарзда ўтганидан кейин шериклари унга:
«Сен биз билан бирга дарсга қатнашасан ва ёзиб олмайсан, бу қилмишингнинг маъноси нима?» дейишди.
Ўн олти кундан сўнг уларга:
«Жуда гапни кўпайтириб юбордингиз ва маҳкам туриб ҳам олдингиз. Ёзганларингизни менга ўқиб беринглар-чи!» деди имом Бухорий.
Улар ёзганларини чиқаришган эди, ўн беш мингдан зиёд ҳадис чиқди. У ўшаларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди. Улар эса у ёддан айтган нарсадан ёзганларидаги хатоларини тўғрилаб олишди. Сўнгра уларга қарата:
«Айтинг-чи, мен дарсга беҳуда қатнашаётган ва кунларимни зое қилаётган эканманми?!» деди.
Шунда ҳеч ким унинг олдига туша олмаслигини билдилар.
«Таҳзийбул-камол» ва бошқа китобларда келтирилишича:
Машҳур олим Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Бухорий таснийф қилган «Тарих» китобини Хуросон амири ҳамда катта олим Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг олдига олиб кирган ва:
«Эй амир! Сенга сеҳрни кўрсатайми?!» деган.
Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобга назар солиб бўлганидан кейин:
«Бунинг қандай таснийф қилинганига фаҳмим етмади», деган.
Манба:@islomuz_kanal