Мафкуравий хавфсизлик нима дегани? У диний, сиёсий ва ижтимоий масалаларда инсон тафаккурининг мўътадиллик доирасидан чиқиб кетишидан ҳимояланган бўлишидир. Бу нарса жамоат тартибининг сақланиб қолишига, жамиятда хавфсизлик ва барқарорликнинг таъминланишига олиб келади.
Ислом дини мафкуравий хавфсизликни ҳимоя қилишга даъват қилади. Ана шу хавфсизликка таҳдид соладиган барча ишлардан қайтаради.
Жумладан:
– динда чуқур кетишдан қайтаради.
– мусулмонларни кофирга чиқаришдан қайтаради. Кофирга чиқариш иймон тушунчасида хатога йўл қўйилганликнинг муқаррар натижасидир.
– динда бидъат пайдо қилишдан қайтаради. Мисол учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланишни ўзларига ҳаром қилиб олган кишиларни ёки умр бўйи рўза тутиб яшашни ўзларига фарз қилиб олганларни ва бошқаларни қаттиқ қоралаганлар. Чунки дин ишида қаттиққўллик қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Динда чуқур кетганлар ва ҳаддан ошганлар ҳалок бўлсин!” деб айтганларидек, ўз эгасига зарар олиб келади.
Мафкуравий жиҳатдан тойилишнинг бир қанча сабаблари бор. Жумладан:
– диний тарбиядаги нуқсон,
– динни ва унинг аҳкомларини, айниқса, катта масалалар билан алоқадор ҳукмларини билмаслик. Аллоҳ нозил қилганидан бошқаси билан ҳукм қилиш, амри маъруф ва наҳйи мункарнинг мақсад ва вазифалари, жиҳод ҳамда мусулмонларнинг ғайридинлар билан муносабатлари кабилар ана шундай катта масалалар туркумига киради.
– мусулмон ёшларда диний илмларни ўрганиш яхши йўлга қўйилмагани сабабидан ҳар қандай даъватчининг ортидан эргашиб кетаверишлари.
– ислом оламида пайдо бўлган оғриқли тараққиёт. Чунки мафкуравий хавфсизликка унинг яққол таъсири бор. Хусусан, янгиликлар ва фитналар билан муомала қилишнинг шаръий қоидаларини билмайдиган илмсиз ёшларда бу яна ҳам сезилади.
– динда чуқур кетган ва ҳаддидан ошган, айниқса, шаръий далиллар бўйича етук билимга эга бўлмаган ва диний ҳукмлардан бехабар кишилар билан ҳамсуҳбат бўлиш.
Мафкуравий хавфсизликни ҳимоя қилишнинг эҳтиёт чоралари:
Мафкуравий хавфсизликни ҳимоя қилишнинг эҳтиёт чоралари ҳақида тўхталадиган бўлсак, биз уларни қуйидагилар орқали билиб олишимиз мумкин бўлади:
– тўғри йўлдан оғишган ғояларни яхши билиб олиш ва ёшларни уларга қарши эмлаш.
– исломнинг олийжаноблик ва бағри кенглик тамойилларига асосланган ҳукмларини баён қилиб бериш орқали бу дин мўътадиллик дини эканини кўрсатиб бериш.
– кофирга чиқариш, амри маъруф ва наҳйи мункарнинг шаръий қонун-қоидаларига қаттиқ эътибор қаратиш.
– масжидлар, институтлар, университетлар ва мактабларда соғлом исломий тарбия беришга эътибор қаратиш.
– ёшларга Аҳли сунна вал жамоа асосларини ўргатиш. Шу билан бирга хорижийлар ва муътазилийлар каби адашган фирқаларнинг асосларини ёшларни улардан ҳимоялаш мақсадида ҳозирги воқелик билан боғлаган ҳолда қиёсий ўргатиш.
– ақида ва манҳажни ўрганишда Аҳли сунна вал жамоанинг асл манбаларига мурожаат қилиш ва ёшларни шулар асосида тарбиялаш.
– масалаларни ўртага ташлаш вақтида ёшларнинг онггини ҳам ҳисобга олиш.
– турли хил воқеа-ҳодисалар пайдо бўлиб қолган вақтда ишончли уламоларга мурожаат қилиш учун имконият яратиб бериш мақсадида ёшларда кимга мурожаат қилиш бўйича билим ва кўникмаларни ривожлантириш.
– ислом динининг амри маъруф, наҳйи мункар, жиҳод каби амаллардан кўзда тутган мақсадларини, умумий масалаларга тааллуқли ҳукмларни манфаатлар ва зарарлар қоидаларига боғлаб ўрганиш зарурлигини тўғри тушунтириб беришга қаттиқ эътибор қаратиш.
– мафкуравий жиҳатдан оғишган кишилар билан ҳамсуҳбат бўлишдан қайтариш. Чунки уларнинг шубҳалари ва даъволари мафтункор ва ўғри бўлади.
Мафкуравий хавфсизликни ҳимоя қилиш кимларнинг зиммасида?
Мафкуравий хавфсизликни ҳимоя қилиш дин ходимлари ва уламоларнинг вазифасидир. Бу вазифани биринчилардан бўлиб бажарган шахс – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар. Зеро, у зот алайҳиссалом хорижийларнинг аломатлари энди-энди зоҳир бўла бошлаган бир пайтда мусулмонларга уларнинг сифатларини баён қилиб берганлар ва улардан огоҳ қилганлар:
“Охир замонда ўзлари ёш, эслари паст бир қавм чиқади. Улар энг яхши одамларнинг гапини гапирадилар. Иймонлари эса ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Ўқ камондан чиққанидек диндан тез чиқадилар…”.
Шу ва шунга ўхшаш жуда кўплаб ҳадислар борки, уларда исломнинг бағрикенглик дини эканлиги, динда чуқур кетиш ва ҳаддан ошишдан қайтариши, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш жуда оғир гуноҳ эканлиги баён қилинган. Уларда мусулмонларни кофирга чиқаришдан қайтарилган ва унинг хатарлари тушунтирилган. Уларда ғайридинларга зулм қилиш, уларнинг ҳақларига хиёнат қилиш ҳаромлиги айтилган. Уларда раҳбар ва раиятга нисбатан самимий бўлиш, раҳбар гуноҳ ишга буюрмайдиган бўлса, унга қарши чиқмаслик лозимлиги уқтирилган. Уларда ҳар хил махфий гуруҳ ва ташкилотлар тузиб олиш ҳаромлиги тушунтирилган. Уларда мусулмонлар билан уруш ҳолатидаги юртларнинг фуқароларидан мусулмонлар диёрига омонлик сўраб келганларига нисбатан душманлик қилиш ҳаром дейилган. Фитналардан огоҳлантирилган…
Биз сўз юритаётган мафкуравий хавфсизликнинг ҳимояси учун юқорида санаб ўтганларимизнинг барчаси жуда-жуда лозимдир.
Тепада зикр қилинганлардан хулоса ўлароқ шуни айтиб ўтишимиз лозимки, ҳар қандай жаҳолат ва ҳар қандай залолат ортида илмсизлик турибди. Динни тўғри тушунмаслик, унинг манбаларини яхши билмаслик, олимликни даъво қиладиган ҳар қандай кимсанинг ортидан эргашиб кетавериш инсонни манқуртга айлантириб қўяди. Ўзи эшитаётган ва эргашаётган ўша “олим”нинг илмий хатоларини, кўпчилик уламолар юрган йўлга қарши чиқаётганини кўрмайдиган даражада маънавий кўр ва кар бўлиб қолади. Динимиз илму маърифат дини эканини, ундаги ҳар бир амалнинг ўзига хос ҳукмлари борлигини, ҳатто ҳар битта истилоҳ таржимасининг ҳам ўз қонун-қоидалари борлигини англаб етмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Зурриётларимиз ичида нотўғри йўлга кетадиган ёки диндан чиқиб муртад бўладиганлари бўлишидан Ўзининг паноҳида асрасин.