Home / КИТОБЛАР / БОЛАЛИК

БОЛАЛИК

Имом Бухорийнинг болалик йиллари асосан илм талабида ўтди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Хатиб ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади:
«Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга:
«Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?» дедим.
«Куттоб – бошланғич таълимдалигимдаёқ ҳадис ёд олишга илҳомлантирилдим», деди.
«Ўшанда ёшинг нечада эди?» дедим.
«Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин куттобдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. У бир куни одамларга дарс бера туриб, «Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан», деди. Мен унга:
«Эй Абу Фулон! Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган», дедим.

У мени жеркиб ташлади. Мен унга:
«Агар ҳузурингда бўлса, асл нусхага қара», дедим.
У ичкарига кириб, қаради. Сўнгра қайтиб чиқиб, менга:
«Ҳой бола! Қандай эди?!» деди.
«У Зубайр ибн Адийдан, у эса Иброҳимдан», дедим.
У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғрилаб олди ва:
«Рост айтасан!» деди».
Баъзи асҳоблари ундан «Ўша Дохилийга эътироз билдирган пайтингда ёшинг нечада эди?» деб сўрашди.
«Ўн бирда эдим. Ўн олти ёшга етганимда Ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёд олдим ва уларнинг каломларини билдим. Кейин эса акам Аҳмад ва онам билан бирга Маккага бордим. Ҳаж қилиб бўлганимиздан кейин акам Аҳмад онамни олиб, ортга қайтди. Мен ҳадис ўрганиш учун қолдим».

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …