Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи)

Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир чақириққа эргашиб кетавермай мулоҳаза билан иш кўришни муҳим омиллардан деб билади.

 عَنْ حُذَيْفَةَ، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ‏ «‏ لاَ تَكُونُوا إِمَّعَةً تَقُولُونَ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَحْسَنَّا وَإِنْ ظَلَمُوا ظَلَمْنَا وَلَكِنْ وَطِّنُوا أَنْفُسَكُمْ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَنْ تُحْسِنُوا وَإِنْ أَسَاءُوا فَلاَ تَظْلِمُوا ‏»‏.‏

Ҳузайфадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалллам: “Одамлар яхшилик қилса, яхшилик қиламиз ва зулм қилса, зулм қиламиз, дейдиган фикру қарори йўқлардан бўлманглар! Одамлар яхшилик қилса, яхшилик қилишга ва ёмонлик қилса, зулм қилмасликка ўзингизни тайёрланг!” дедилар” (Термизий ривоят қилган).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида одамларга насиҳат қилиб: لاَ تَكُونُوا إِمَّعَةً  Фикру қарори йўқлардан бўлманглар”, дедилар. إِمَّعَة [иммаъатун] сўзи фикр, ким қандай гап айтса ҳам, “мен сиз билан биргаман” дейдиган, қатъий қарори йўқ, одамларга кўр-кўрона эргашиб кетаверадиган кишини билдиради. Ундай одам барча ишида эргашгани билан бирга бўлади. Тўғрими, нотўғрими, эргаштирувчи нима қилса, шуни қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундайлар тоифасидан бўлманг демоқдалар. Одамлар яхшилик қилса, яхшилик қиламиз, зулм қилса, зулм қиламиз”, яъни сизлар “одамлар бизга ва бошқаларга яхшилик қилса, уларга мукофот ўлароқ ёки қилган яхшиликларининг оқибати сифатида яхшилик қиламиз. Одамлар бизга ёки бошқаларга зулм қилса, биз ҳам уларга тақлид қилиб, зулм қиламиз”, дейдиганлардан бўлманглар. Бунинг маъноси шуки, улар яхшиликда ҳам, адолатсизликда ҳам бошқаларга кўр-кўрона эргашиб, изидан боради. Бошқаларга кўр-кўрона эргашувчи бемулоҳаза ва фикрсиз бўлгани боис хатти-ҳаракатлари ўзига ҳам, жамият учун ҳам хавф туғдиради. Чунки бу барча ишларда фикрлаш ва ақл юритиш деган омилни йўқотишга олиб келади. Шу сабабдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингизни тайёрланг!” дедилар. Яъни ўзингизни яхши иш қилишга ва вазият қандай бўлишидан қатъи назар эзгуликни давом эттиришга қатъий қарор билан тайёрланг. Одамлар яхшилик қилса, яхшилик қилишга ва ёмонлик қилса, зулм қилмасликка (ўзингизни тайёрланг)!” яъни яхшиликни ўзингизга вазифа деб билинг, одамлар сизларга ёки бошқага зулм қилса, уларга эргашиб кетманглар. Уларга ўхшаб адолатсиз бўлманглар. Зулм қилмасликнинг ўзи яхшиликдир. Мана шу чиройли хулқ бўлиб, нафсни тайёрлаш манзилидадир. Шунда нафс кўникиш ҳосил қилиб, яхшиликка ўрганади.

Ҳадиси шарифда ёмон хулқларга кўр-кўрона эргашиш чиройли хулқни тақиқлашнинг бир белгиси экани эслатилган. Аллоҳ таоло эзгуликни яхши кўради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам яхши кўрадилар. Шунинг учун у зот ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшиликни васият қилганларини унутмайлик.

Иймонли киши собитқадамлик ва қарор қабул қилишда заиф бўлмас экан. Тўғри ва нотўғрини ажратиб, шунга яраша иш тутиши лозим экан. Шунингдек, одамларнинг қилганига қараб эмас, дин кўрсатмасига амал қилиши керак экан.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САМАРҚАНД МУТОЛААСИ

Этюд Кўпчилик санъат асари билан танишишдан олдин, унинг муқаддимасига дуч келасиз. Муқаддима ҳар хил шаклда …