Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Ўн тўртинчи дарс. Иффатли бўлиш.

Эй ўғлим! Иффат яхшиларнинг хулқидир. У билан хулқлангинки, сенга мустаҳкам ўрнашиб олсин. Кўзи тўқ бўлиш ҳам иффатдан. Ейдиган овқатингни муҳтожлар ва дўстларингдан қизғанма. Одамлар қўлидаги нарсани билишга интилмаслигинг ҳам иффатдир. Таоминг ва ўткинчи нарсаларингни кўпайтиришга ошиқ бўлма. Ҳавойи нафсингга қарши кураш. У сени бузуқ ишларга ундаса, бўйсинма.

Эй ўғлим! Қорнини нон билан тўйғизадиган киши уни гўшт, мева ва ширинликлар билан тўйинтирадиган кабидир. Иккаласи ҳам тўйганда ошқозонига ҳеч нарса тиқа олмайди. Бойларнинг егани ҳам, камбағалларники ҳам ҳаммаси нажосатга айланиб кетади.

Эй ўғлим! Кўзи тўқ инсон бўл. Ҳазм бўлиб кетиши билан лаззати ҳам йўқоладиган луқма сабабли ўзингни пастга урма. Қаерга борсанг ҳам қилмишингнинг шармандалиги сени таъқиб этади.

Эй ўғлим! Иффат тожсизга тождир. Омманинг олдида ҳам, хосларнинг олдида ҳам сенга ҳурмат ва салобатни олиб келадиган иффат тожини маҳкам тут.

Ҳаром қилинган ишларнинг барчасидан сақлан. Кўчада юраркансан, аёлларга қарашдан назарингни пастлат. Қариндош бўлмаган, номаҳрам аёллар билан гаплашма. Бирга қолиш ҳалол бўлмайдиган аёл билан ёлғиз қолма. Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсин:

﴿قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ﴾ 

“Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир”[1].

Эй ўғлим! Шайтон инсон боласига яқин ва доим бирга юриши ривоятларда айтилган. У сени ёмонликка тортмасин, энг жирканч хатоларга тушиб қолишдан эҳтиёт бўл. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини доим ёдингда тут:

﴿وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلاً﴾

“Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир”[2].

Сенга насиҳатим шуки, шайтоннинг алдовлари ва ёмонликларидан ўзингни ҳимоя қил. Зеро Аллоҳ, ёлғиз қолган ҳолатингда ҳам сендан хабардор ва амалингга кўра ҳисоб қилувчи Зот.

Эй ўғлим! Инсон токи қўли, тили, қулоғи ва кўзи иффатли бўлмагунича ўзи иффатли бўла олмайди. Тилнинг иффатсизлиги масхара, айблаш, ғийбат, чақимчилик, лақаб қўйиш кабилар билан бўлади. Кўзнинг иффатсизлиги ҳаром нарсаларга ҳамда ёмон шаҳватларни қўзитувчи дунё зийнатларига тикилиш билан бўлади. Қулоқнинг иффатсизлиги гуноҳ ва ёмон нарсаларни тинглаш билан бўлади. Бас, ҳар бир аъзонинг иффати эгаси улардан ҳар бирини ўзига хос бўлган нарсада фақат шариат ва ақл рухсат берган шаҳватсиз ҳамда ҳавойи нафссиз нарсаларга ишлатиш ила бўлади. 

Эй ўғлим! Бу сўзларимни қабул эт. Қачонки фикрингга ёмон ўй-хаёллар келса, насиҳатимни дарров эсга ол. Қатъийлик билан Аллоҳга юзланиб, шайтоннинг макр-ҳийласидан паноҳ беришини сўра. Аллоҳнинг ўзи сени муҳофазасига олади.

[1] Нур сураси, 30-оят.
[2] Исро сураси, 32-оят.
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …