Халаф ибн Муҳаммад айтганлар: «Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффофнинг: “Муҳаммад ибн Исмоил ҳадис илмида Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Аҳмад ибн Ҳанбал ва булардан бошқалардан йигирма марта ортиқроқ билувчидир. Кимки у киши тўғрисида бирор ножўя гап айтса, мендан унга минг лаънат бўлсин. Бизга ҳадис айтган Муҳаммад ибн Исмоил тақводор, покиза, олим. Бунақасини мен кўрмаганман” – деганларини эшитдим».
“Убайд Ижл” номи билан танилган Ҳусайн ибн Муҳаммаддан ривоят қилинди: «Мен Муҳаммад ибн Исмоилдек олимни кўрмадим. Муслим ибн Ҳажжож ҳам бу кишининг даражасида эмас эдилар. Абу Зуръа ва Абу Ҳотимни кўрдим. Улар ёнларида ўтириб Муҳаммад ибн Исмоилдан дарс тинглардилар. Убайд Ижлга Муҳаммад ибн Яҳёнинг таъриф-тавсифи айтиб берилган-да: “Бухорийнинг олдида у ким бўлибди?! Бухорийнинг ўзи бир умматдир. У Муҳаммад ибн Яҳёдан илмда шу қадар, шу даражада юқорики, у киши диндор, фозил, ҳар бир ишнинг устаси эдилар”, – дедилар».
Абу Ҳомид Аҳмад ибн Ҳамдун Қассор айтганлар: «Муслим ибн Ҳажжож Бухорийнинг ҳузурларига келиб, пешоналаридан ўпиб: “Рухсат берсангиз, оёғингиздан ҳам ўпсам. Сизга Муҳаммад ибн Салом, у кишига Махлад ибн Язид Ҳарроний, у кишига Ибн Журайж Мусо ибн Уқбадан, у киши Суҳайлдан, у киши оталаридан, у киши Абу Ҳурайрадан ривоят қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мажлиснинг каффорати” тўғрисидаги ҳадисларини айтган эканлар. Ўша ҳадиснинг нуқсони қаерда?” – деб сўрадилар.
Муҳаммад ибн Исмоил: “Бу яхши ҳадис. Дунёда бу бобда шу санад билан фақат мана шуни биламан. Бошқаси йўқ. Бироқ, бу ҳам нуқсонли. Бизга бу ҳадисни Мусо ибн Исмоил, у кишига Вуҳайб, у кишига Суҳайл шайх Авн ибн Абдуллоҳдан айтиб бердилар. Бу гап авлороқ. Чунки Мусо ибн Уқбанинг Суҳайлдан ҳадис эшитганлари зикр қилинмаган”, – дедилар. Шунда Муслим: “Сизни фақат ҳасадчи ёмон кўриши мумкин. Дунёда сизга тенг келадигани йўқлигига иқрорман”, – деб айтдилар».