Бу дунёда ҳар қайси инсон бирор нарсага эришгудек бўлса, бунда албатта унинг ота-онаси қаторида устоз ва мураббийлари муҳим ўрин тутади. Қуйида қадимда яшаб ўтган донишманднинг шогирдига ўгитларини келтирамиз.
Эй ўғлим! Аллоҳ таолонинг Ўзи сени тўғри йўлга йўллаб, эзгу амалларга муваффақ айласин! Сен мен учун фарзандим ўрнидасан. Сени танинг соғлом, фаҳм-идрокли, қалби пок, гўзал хулқли, бузуқликдан йироқ, ҳаёти чиройли, дўстларга суюкли, фақир ва бечораларга ёрдам берувчи меҳрибон, хатоларни кечирувчи, раббингнинг ибодатида сусткашлик қилмайдиган ҳолда кўриш мени қувонтиради.
Эй ўғлим! Бирор кишининг сўзини қабул қилмоқчи бўлсанг, насиҳати қабул бўлишга энг ҳақли инсонинг менман. Зеро мен устозинг, муаллиминг ва руҳинг тарбиячисидирман. Сенга манфаат келтириш ва яхши инсон бўлишинг учун мендан кўра кўпроқ куюнадиган одам йўқ.
Эй ўғлим! Мен сенга ишончли насиҳатчиман. Сўзларимга қулоқ сол. Менинг ҳузуримда ҳам, дўстларингни олдида ҳам, ёлғиз ҳолатингда ҳам бунга амал қил.
Эй ўғлим! Модомики менинг насиҳатимга ёлғизлик пайтингда амал қилмас экансан, дўстларинг олдида уларга риоя қилишинг оз бўлади.
Эй ўғлим! Мени йўл бошловчи қилиб олмасанг, унда кимга эргашасан? Нима учун менинг ҳузуримда ўзингни қийнаб ушлаб турибсан?
Эй ўғлим! Устоз фақат эс-ҳушли, одобли шогирдларини яхши кўради. Устозинг сендан норози бўлиши, етукликка эришишингдан умидсизланиши сени қувонтирадими?
Эй ўғлим! Сенга фақат яхшиликни раво кўраман. Буни сенга етказишим учун итоат қилиш ва мен буюрган гўзал хулқларни касб этиш билан менга ёрдам бергин!
Эй ўғлим! Чиройли хулқ инсон учун зийнатдир. Айниқса дўстлари ва қариндошлари орасида. Гўзал хулқли бўл, шунда одамлар сени ҳурмат қилади ва яхши кўради.
Эй ўғлим! Илмингни гўзал хулқ билан безатмасанг, билимсизлигингдан кўра зарарли бўлади. Чунки нодон билимсизлиги билан узрлидир. Илмли инсон гўзал хулқлар билан безанмаган бўлса, унинг учун одамлар олдида узр йўқ.
Эй ўғлим! Менинг назоратимга суянма. Ўзингни ўзинг тергаб тур. Зеро шундай қилишинг фойдалироқ ва афзалроқдир.
Эй ўғлим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу динни Ўзи учун холис бўлишини талаб қилди. Динингизга сахийлик ва гўзал хулқ муносиб келади. Динингизни у иккиси билан безанг!” дедилар (Табароний ривоят қилган).
Аҳли дониш камдан-кам хато қилади, нотўғри сўзни ундан ҳам кам айтади. Юқоридаги ўгитлар орасида бирор ортиқчаси йўқлигининг ўзи ҳам бу фикрнинг тасдиғидир. Ўйлаймизки ўсиб келаётган ўғил-қизларимизга катта ҳаётда бу ҳикматлар жуда асқотади.