Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ФАЛСАФАСИ ВА ТАФАККУРИДА ХОТИН-ҚИЗЛАР САЛОМАТЛИГИ МАСАЛАЛАРИ

ИСЛОМ ФАЛСАФАСИ ВА ТАФАККУРИДА ХОТИН-ҚИЗЛАР САЛОМАТЛИГИ МАСАЛАЛАРИ

Ислом дини VII асрда Арабистон ғарбида вужудга келган. Ислом фалсафаси ва тафаккури эса ана шу диннинг негизида шаклланган. Ислом динининг тарқалиши, кейинчалик жаҳон динларидан бирига айланиши ислом фалсафаси ва тафаккурини илмий дунёқараш сифатида англашга замин яратган. Ислом дини пайдо бўлган даврдан кейин ўтган вақт давомида ислом фалсафаси ва тафаккурининг турли илмий-назарий оқимлари, мактаблари пайдо бўлди. Лекин исломнинг барқарор догмаси – тавҳид, рўза, закот, намоз ва ҳаж бу оқимларни фақат ислом дини доирасида ривожланишга йўналтириб турди.

Бугун жаҳонда қарийб 1,8 миллиард киши исломга эътиқод қилади. Уларнинг 2/3 қисми Осиёда, 30 фоизи Африкада истиқомат қилади. Мусулмон жамоалари мавжуд бўлган 120дан ортиқ мамлакатнинг 40дан зиёдида мусулмонлар аҳолининг кўпчилигини ташкил этади. Маълумотларга кўра, Индонезияда 238 миллион, Ҳиндистон ва Покистонда 200 миллиондан, Бангладешда 152 миллион, Нигерияда 100 миллион, Эронда 83 миллион, Марокашда 36 миллион, Жазоирда 42 миллион, Россияда 14 миллион, Германияда 5,5 миллион, Францияда 5 миллион, АҚШда 3 миллион, Англияда 3 миллион, Европа Иттифоқи мамлакатларида эса 43 миллион мусулмон яшайди. ХХ асрда мусулмонлар дунё аҳолисининг 15-16 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 24 фоизга етган [1:7-8].

Мусулмонлар жаҳон цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Улар яшаётган мамлакатларда аҳоли сонининг жадал ошиши, этнорепродуктив жараёнларнинг фаоллашиши кузатилмоқда. Ривожланган Ғарб давлатларининг туб аҳолиси фарзанд кўришни мусулмонларга топшириб қўйгандек… [2:4-5]. Дунё аҳолисининг исломлашиши интенсив давом этаётганидан 2050 йилга бориб Европа Иттифоқида мусулмонлар сони деярли икки баробарга кўпайиши, яъни ҳозирги 43 миллиондан 71 миллионга етиши башорат қилинмоқда [1:8].

Бу жараёнлар хотин-қизларнинг иштирокисиз, репродуктив саломатлигисиз, фаоллигисиз амалга ошаётгани йўқ, албатта. “Ислом омили”нинг позитив таъсирида хотин-қизларнинг роли ва иштироки катта. Бу фаолликка таъсир этувчи ижтимоий, теологик, маънавий, эътиқодий ва этномаданий омиллар ҳам борки, уларни ўрганиш мавзумизни янада қизиқарли, объектив ва тўлароқ очиб беришга ёрдам қилади. Демак, хотин-қизларнинг саломатлиги ташкилий-ҳуқуқий, физиологик ва психологик муаммо эмас, у теологик, этномаданий ва аксиологик хусусиятларга ҳам эга. Ислом фалсафаси ва тафаккури аввало Қуръони карим ва ҳадисларга, дин догмаси ва шариат талабларига асосланади. Ислом теологияси хотин-қизларга паст назар билан қарайди, исломда гендер тенглик масаласи йўқ, деган фикрлар ҳам учраб туради. Бу ислом фалсафаси ва тафаккуридан яхши хабардор бўлмаганларнинг фикридир. Исломда хотин-қизлар саломатлигига оид шундай фалсафий, илмий аҳамиятга эга ёндашувлар борки, уларни тадқиқ этиш ва очиб бериш юқоридаги фикрнинг асоссиз эканини исботлайди.

Бугун илм-фан билан дин ўртасида ижодий диалог ўрнатилмоқда, зиддиятлар бартараф этилиб, диний қадриятлардан инсон ва жамият тараққиёти йўлида фойдаланиш анъанага айланмоқда. Тўғри, бу мутлақ уйғунлашиш эмас, илм-фан ва диннинг принциплари ва мақсадлари турлича эканини унутиб бўлмайди. Шундай бўлса-да, улар ўртасидаги ижодий ҳамкорликни конструктив диалог ўрнатиляпти, десак, бўлади.

Умумжаҳон гуманистик тараққиётининг талаблари ҳам шу пайтгача антагонистик соҳалар ва ёндашишлар сифатида қаралган илмий билиш ва диний билишни уйғунлаштиришни, консенсус асосида яқинлаштиришни тақозо этмоқда.

Ислом фалсафасининг асоси бўлган Қуръони карим ва ҳадислар хотин-қизлар масаласини аввало диний гуманизм нуқтаи назаридан кун тартибига қўяди. “Дин – ахлоқдир” деган ҳадис ана шу гуманизмнинг моҳиятини англатади ва ифода этади. Шунинг учун хотин-қизлар масаласи ахлоқ, гуманистик қадриятлар тизимида қаралиши зарур. Қуръони каримда иймон масаласи биринчи ўринда туради. Унда бундай дейилади: “То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан, гарчи у сизга ёқса-да, иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эрларни эр қилмангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан, гарчи у ёқса-да, иймонли қул яхшидир… Хотинларингиз зироатгоҳингиздир” [3:32]. “Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даражада (имтиёз) бор” [3:33]. Демак, ислом дини иймонни биринчи ўринга қўйса-да, аёлларнинг зироатгоҳ, яъни фарзанд дунёга келтириб, камолга етказувчи инсон эканини алоҳида таъкидлайди. Аёл эри олдида қанчалик бурчли бўлса, бу бурчлари баробарида шунчалик ҳуқуқли ҳам. Ахлоқ ислом учун энг муҳим қадриятдир.

Ислом манбаларида ахлоқийлик, хушмуомалалик, яхшилик, раҳмдиллик, садоқат, вафодорлик, иззат-ҳурмат, итоат, ҳаё ўз аҳамиятини йўқотмайдиган, инсон ҳаётини гўзал ва олийжаноб қиладиган гуманистик қадриятлар саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз – хушхулқ, ширин суҳбатлиларингиздир. Ёмонларингиз эса оғзини тўлдириб, эзмалик ила кўп гапирувчиларингиздир”. “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига (яъни, оила аъзоларига) хушмуомалада бўладиганларингиздир”. “Ҳаё доимо яхшилик келтиради, ҳаё имондадир” [4:66]. Имом Бухорий тўплаган ҳадислардан бирида айтилишича, Пайғамбар (С.А.В.) деганлар: “Ўғлингга (қизингга) одоб бер. Чунки, сен унга нимани одоб берганинг ва нимани ўргатганинг ҳақида сўраласан. У эса, сени унга қилган яхшилигинг ва сенга итоати хусусида сўралади”. “Кимки, бирор аёлга унинг обрў ва шарафи учун уйланса, Аллоҳ унга хорликни кўпайтириб қўяди. Кимки, аёлнинг ота-боболаридаги шон-шараф туфайли унга уйланса, Аллоҳ унга пасткашликни кўпайтириб беради. Кимки, кўзини ҳаромдан тийиш учун, зинодан сақланиш учун уйланса, Аллоҳ аёлни эрига, эрни аёлига баракали қилиб қўяди” [5:37].

Ислом догматикасига амал қилиш эркак ва аёл учун шарт қилиб қўйилган. Аёл ҳайз, нифос ва фарзанд туққандаги вақтдан ташқари қолган кунлари беш карра намозни канда қилмаслиги керак. Масжидларга қатнаш борасида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар аёллар масжидга бориши мумкин, деб ҳисобласа, бошқалар шарт эмас, деган фикрни билдиради. Агар биз масжидни ижтимоий-маданий институт деб ҳисобласак, аёлларнинг у ерга қатнашини тақиқлашимиз мумкин эмас. Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга уйида, осойишта хонада намоз ўқиши мумкинлигини айтганлар, аммо у киши аёлларни масжидга қатнашини тақиқламаганлар.

Исломнинг давлат ва бошқариш тизимига аралашиши, бу давлат ва бошқаришнинг эркаклар қўлида бўлишига, яъни патриархал муносабатларнинг қарор топишига олиб келган.

Намознинг ўзига хос жисмоний машқ эканини айтиб ўтиш зарур. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ёзишича, бундай машқлар инсон организмига ижобий таъсир этади ва эгилувчанлик, чаққонлик, ўз танасини идора этиш каби одатларни шакллантиради. Шу билан бирга, намоз инсоннинг фикрини Аллоҳни англашга қаратади ва одамларни жамоа бўлиб яшашга ўргатади [6:12-16].

Ислом динида Рамазон ва Қурбон байрамлари алоҳида воқелик сифатида нишонланади. Байрамлар инсонни нимагадир умид қилиб яшашга ундайди. Кутилаётган тантанада одамлар учрашади, маълум бир одатларни такрорлайди ва ҳордиқ олади.

ХХ асрда пайдо бўлган турли диний экстремистик оқимлар хотин-қизлардан фойдаланаётгани сир эмас. Аслида ислом динига кўра шаҳидлик Аллоҳнинг ризоси йўлида фидоийлик қилган, иймонини, эътиқодини, номусини, Ватан озодлиги ва мустақиллигини сақлаш йўлида ҳалок бўлган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даража демакдир. Пайғамбаримиз (С.А.В.) ички касалликлар хуружи билан вафот этган, жони, моли, ор-номуси ҳимояси йўлида ўлдирилган ва турли сабаблар билан фожиали ҳалокатга учраган кишиларга шаҳидлик мақоми берилишини башорат қилганлар.

Демак, исломда бошқа савобли ишлар каби шаҳидлик ҳам мусулмон кишининг ихлосу эътиқоди, амали ва мусибатларга сабр-тоқат қилиши эвазига бериладиган мукофот экан. Аммо бизнинг асримизда ўзини портлатиш, террор амалиётини амалга ошириш йўли билан бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётганлар жиноят содир этаётган гуноҳкор бандалардир. Уларнинг шаҳидлик даъво қилишига ҳеч қандай шаръий асос йўқ [1:93]. Экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолаётган хотин-қизларнинг кўпи Қуръони карим ва ҳадислардан бехабар, шу боис улар диндан гапирувчи кишиларга, уларнинг даъватига сўқирона эргашади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича: “Қуръон ёки ҳадисдан гапирувчи киши аввало араб тилини пухта билиши билан бирга, тафсир китоблари, фиқҳга доир асарлардан етарли даражада хабардор бўлиши шарт. Зеро, Қуръони каримда шундай оятлар борки, уларнинг ҳукми мансух, яъни бекор қилинган. Масалан, “Бақара” сурасининг 144 ояти билан ундан олдин ваҳий бўлган шу суранинг 115 ояти мансухдир. Яъни, Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳники, қайси томонга юзлансангиз, ўша томонда Аллоҳни топасиз, дейилгани учун намоз Қуддус томонга қараб ўқиларди. Кейинги оят билан намозни Каъбага қараб ўқиш буюрилди. Қуръон матнининг таркибида сақланиб қолган мансух (ҳукми бекор қилинган) оятлар ибодат вақтида ўқилса-да, амалда татбиқ этилмайди. Чунки баъзи оятлар Макка даврида нозил қилинган бўлиб, Мадинага ҳижрат қилингандан кейин бошқа оятлар нозил бўлган ва олдинги айрим оятларнинг ҳукми бекор қилинган. Шунингдек, ҳадиси шарифларнинг ҳам носих ва мансухлари борки, уларни яхши ўрганмай туриб, таржима ёки нашр қилиш мумкин эмас” [1:99-100].

Хотин-қизларнинг “ҳаётда сабр-бардошли ва фидойи бўлиши билан бирга ҳамиша маънавий-руҳий кўмакка, қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезиши экстремистларга қўл келади. Сўнгги йилларда хотин-қизлардан “худкуш” террорчиларни тайёрлаш ҳам кўпайиб кетганини таъкидлаш зарур. Ўрганиш натижалари террорчилар аёлларга нисбатан онг ва хулқни моделлаштириш, психотехник воситалар ёрдамида дастурлаш, наркотик ёки психотрон моддалар билан “ишлов бериш”дек манфур усуллардан фойдаланаётганини кўрсатмоқда. Натижада бундай хотин-қизлар иродаси заиф, онгига сингдирилган буйруқ ва вазифани сўзсиз бажарадиган, ундан бошқа ҳеч нарсани кўрмайдиган ва ҳеч нарсадан тап-тортмайдиган мавжудотга айланади. Статистик маълумотларга қараганда, Шри-Ланкада узоқ йиллар давомида фаолият кўрсатиб келган “Тамил Илама озодлик йўлбарслари” номли террорчи ташкилот ўзининг амалга оширган террорчилик ҳаракатларининг деярли 70 фоизида хотин-қизлардан фойдалангани ҳам бундай хулосаларнинг ўринли эканини кўрсатади” [1:102-103].

Эътиқод эртадан кечгача намоз ва Қуръон ўқиш, фақат тавҳид ва унинг ҳақлиги ҳақида фикр юритишдан иборат эмас. Инсон жинсидан қатъи назар, қотган тасаввурлар, тушунчалар, ҳатто турғун ҳаёт тарзи билан яшай олмайди, бугунги глобал ўзгаришлар уни динамик тарзда янгиланиб, ижтимоий ҳаёт талабларига мувофиқлашиб боришга ундайди. Динамизм ижтимоий муносабатлар ичида яшаётган субъектларга – давлатга, корпорацияга, таълим муассасаларига, тадбиркорларга, фуқаролик жамияти институтларига, шу жумладан, динга ҳам тааллуқлидир. Хулоса қиладиган бўлсак, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётга, ўз саломатлигини таъминлашга интилишларининг исломдаги талқини чуқурроқ ўрганилиши керак.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Диний бағрикенглик ва мутаассиблик (юз саволга юз жавоб). Тўлдирилган ва қайта ишланган нашри. –Т.: Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт матбаа бирлашмаси, 2020.
  2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бахтиёр оила. –Т.: Шарқ, 2017.
  3. Қуръони карим. А.Мансур таржимаси. –Т.: Чўлпон, 1992.
  4. Шайх Назруллоҳхон эшон ўғли Ўроқхон (Рафиъиддин) ҳожи. Саломатлик сирлари. –Т.: Qamar media нашриёти, 2020.
  5. Имом Бухорий. Ҳадислар. –Т.: Zilol buloq нашриёти, 2021.
  6. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Намоз. –Т.: Шарқ, 2009.
Мохира ЖУМАНИЯЗОВА,
Урганч давлат университети
мустақил тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …