Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия соҳиблари Муҳаммад Ҳилми Жалил ва Алмас Имангалиев Марказнинг амалиёт дастурига биноан Бухорога илмий сафар қилди.
Хорижлик тадқиқотчилар даставвал Бухоро давлат музей-қўриқхонаси кутубхонасида бўлишиб, унинг фондида сақланаётган нодир қўлёзма нусхалари билан танишди. Музей-қўриқхона илмий ходими Ахтам Аҳмедов меҳмонларга кутубхона фаолияти, қўлёзма, ҳужжатлар ва фонд ҳақида маълумотлар берди.
Марказ стипендиатлари кутубхона аъзолигига қабул қилиниб, улар учун қўлёзмалардан фойдаланиш имконияти яратилди.
Тадқиқотчилар шунингдек, Бухоро давлат университетининг Ахборот-ресурс маркази ва қўлёзмалар фондида ҳам бўлишди. Бу ерда уларни мазкур кутубхонанинг қўлёзмалар фонди мудири Матлуба Рўзиева зарурий маълумотлар билан таъминлаб, илмий изланишларида амалий кўмак кўрсатди.
Сафар давомида амалиётчиларга Марказ илмий ходими Ирода Даурбекова ҳамроҳлик қилди.