Home / КИТОБЛАР / МУШРИК ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

МУШРИК ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Асмо бинт Абу Бакрдан ривоят қилинади:
«Онам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рағбат қилган ҳолида ҳузуримга келди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Унга силаи раҳм қилайми?» деб сўрадим.
«Ҳа», дедилар».
Ибн Уяйна:
«Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан қайтармас» оятини нозил қилди», деган».

Шарҳ: Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг катта қизлари Асмо бинти Абу Бакр мусулмон бўлиб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетганлар, мушрика оналари Маккада қолган. Мазкура онанинг исми Қийла бинти Абдул Уззо бўлган.
Бир замон ўтиб, ҳалиги мушрика она – Қийла бинти Абдул Уззо қизимни кўрай деб, унинг яхшилигидан умидвор бўлиб келган. Шунда Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо мушрика она билан муслима қиз ўртасида муносабат қандай бўлиши кераклигини сўраб билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган. «Мушрика онамга силаи раҳм қилаверайми?» деб сўраганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа, қилавер», деб жавоб берган эканлар.
Демак, она мушрика бўлса ҳам, фарзанд унга силаи раҳм қилиши, дунёвий ишларда яхшилик қилиб, иқтисодий ёрдам қилиб, яхши гапириб, ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйиши жоиз экан.
Ибн Уяйна: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Мумтаҳана сурасидаги мазкур оятни ўшанда нозил қилган», деган экан. Ана шу ояти каримани тўлиғича ўрганиб қўйсак, масалани англаб етиш яна ҳам осон бўлади.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида айтади:
«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради» (8-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб, ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. Ҳа, эй мусулмонлар,
«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас».
Ушбу ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва бағрикенг дин эканининг ёрқин далилидир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди.
«Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир».
Бундай улуғвор ҳукмни ўзга тузум ва динлар жорий эта олмаганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Саҳобия аёлларнинг диний ҳукмларни ўрганиш ва уларга амал қилишга бўлган рағбатлари.
2. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг шахсий намуналари.
3. Мушрика онага ҳам силаи раҳм қилиш мумкинлиги.
4. Аллоҳ мўминларни диний уруш қилмаган ва диёрларидан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан қайтармаслиги.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: رَأَى عُمَرُ  حُلَّةً سِيَرَاءَ تُبَاعُ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، ابْتَعْ هَذِهِ، فَالْبِسْهَا يَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَإِذَا جَاءَكَ الْوُفُودُ. قَالَ: «إِنَّمَا يَلْبَسُ هَذِهِ مَنْ لَا خَلَاقَ لَهُ». فَأُتِيَ النَّبِيُّ  مِنْهَا بِحُلَلٍ، فَأَرْسَلَ إِلَى عُمَرَ بِحُلَّةٍ، فَقَالَ: كَيْفَ أَلْبَسُهَا وَقَدْ قُلْتَ فِيهَا مَا قُلْتَ؟ قَالَ: «إِنِّي لَمْ أُعْطِكَهَا لِتَلْبَسَهَا، وَلَكِنْ تَبِيعُهَا أَوْ تَكْسُوهَا». فَأَرْسَلَ بِهَا عُمَرُ إِلَى أَخٍ لَهُ مِنْ أَهْلِ مَكَّةَ قَبْلَ أَنْ يُسْلِمَ.

Ибн Умардан ривоят қилинади:
«Умар ипак йўлли кийим сотилаётганини кўриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мана буни сотиб олинг. Жума куни ва ҳузурингизга вафд келганда киясиз», деди.
«Буни фақат охиратдан насибаси йўқ одам кияди», дедилар у зот.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша кийимдан бир неча сидра келди. Умарга бир донасини юбордилар. Шунда у:
«Буни қандай ҳам кияман? Сиз у ҳақда айтадиганингизни айтиб қўйгансиз-ку», деди.
«Мен сенга уни кийишинг учун берганим йўқ. Лекин сотсанг ёки бировга кийгизсанг бўлади», дедилар у зот.
Умар уни аҳли Маккадан бўлган укасига у мусулмон бўлишидан олдин юборди».

Шарҳ: Вафд – подшо, амир кабиларнинг ҳузурига келган махсус меҳмонлар жамоаси, делегация.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган Умар розияллоҳу анҳу ипакдан бўлган чиройли кийим сотилаётганини кўрган эканлар. Кўриб, ҳаваслари келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сотиб олинг, жума кунлари ҳузурингизга чет элдан меҳмонлар келса, кийиб турасиз», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Буни охиратдан умиди йўқ одамлар кияди. Оқибатдан насибаси йўқ одам кияди», деган маънодаги гапни айтганлар. Ипак матодан тикилган кийим мусулмон эркакка ҳаром бўлгани учун шу гапни айтганлар.
Бирмунча вақтлар ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳадя бўлибми, савдо-тижорат бўлибми ёки ўлжа бўлибми, худди шу кийимдан келиб қолган экан. Ўшанда бир кийимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Умарга юборган эканлар.

Шунда ҳазрати Умар ҳалигини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Буни қандай қилиб кияман? Бу тўғрида айтадиганингизни айтиб бўлгансиз», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен буни сенга кийишинг учун берганим йўқ, ё сотиб, бирор ҳожатингга ишлатарсан, ёки бировга, киядиган одамга кийдирарсан», деганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мусулмон одам кийиши мумкин бўлмаган мазкур кийимни Маккада қолиб кетган бир мушрик укасига совға қилиб юборган экан. Ўша вақтларда у одам мусулмон бўлмаган, Исломга кейинроқ кирган экан.
Демак, бу ерда нафақат мушрик ота-онага, балки мушрик ака-укага, опа-сингилга ҳам яхшилик қилиш жоизлиги келиб чиқади.
Ипак кийимни Умар розияллоҳу анҳу Мадинадан Маккага совға қилиб, мушрик укам кийсин, деб юборишларининг ўзи ота-онадан бошқа қавм-қариндошларга, агар улар мушрик бўлсалар ҳам, яхшилик қилиш мўмин-мусулмонларнинг одобидан эканини кўрсатади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмонларнинг раҳбарлари, йўлбошчилари билан бирга юрадиган кишилар уларга кийиниш ва бошқалар олдида обрўни сақловчи бошқа нарсалар ҳақида маслаҳат бериб туришлари жоизлиги.
2. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обрўларини сақлашга бўлган рағбатлари.
3. Кўпчилик ва бошқа юрт вакиллари билан бўладиган учрашувларга алоҳида кийим қилиб қўйиш мумкинлиги.
4. Жума учун алоҳида яхши кийим қилиш мумкинлиги.
5. Ипак кийим мусулмон эркак учун ҳаром экани.
6. Ипак кийимни охиратдан насибаси йўқлар кийиши.
7. Мусулмон эркакка шариатда унга ҳаром қилинган нарсани сотиш ёки совға қилиш учун ҳадя қилиш мумкинлиги.
8. Мусулмон эркак шариат эркакларга ҳаром қилган нарсани мушрикка совға қилиши мумкинлиги.
9. Мушрик ака-укага яхшилик қилиш жоизлиги.
10. Мусулмон эркак ўзига шариат ҳаром қилган ипак кийимга ўхшаш нарсаларни сотиши мумкинлиги.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …