Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛИДА ИФОДА УСЛУБЛАРИНИНГ БОЙЛИГИ (2-қисм)

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛИДА ИФОДА УСЛУБЛАРИНИНГ БОЙЛИГИ (2-қисм)

(1-қисм)

Қуръони каримда тамсилларни ташбеҳ усулида келтириш ҳам унинг хусусиятларидан бири бўлган ва арабларни лол қолдирган. Чунки, тамсилий ташбеҳда ҳодиса ҳам, ифода ҳам очиқ-ойдин кўриниб туради ва уни эшитган одам гап нима ҳақда кетаётганини дарров тўлалигича фаҳмлайди. Масалан:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِائَةُ حَبَّةٍ

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон (савоб) қилувчилар мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради»[1].

وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَكَأَنَّمَا خَرَّ مِنَ السَّمَاءِ فَتَخْطَفُهُ الطَّيْرُ أَوْ تَهْوِي بِهِ الرِّيحُ فِي مَكَانٍ سَحِيقٍ

«Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетгандек»[2].

Ижодий асарларда бўлганидек, Қуръони карим сураларининг баёнида ҳам бир усул қўллаш билан кифояланилган эмас. Турли сураларда турли усул ифода этилган. Масалан: баъзи суралар алифбо ҳарфлари — الم , ق , حم билан бошланган бўлса, баъзилари Аллоҳга ҳамду сано — الحَمْدُ لِلَهِ билан, яна баъзилари хитоб يَا أَيُّهَا билан бошланган. Баъзи сураларнинг бошланишидаёқ бевосита мақсадга киришилган. Масалан:

الَّذِينَ كَفَرُوا وَصَدُّوا عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ أَضَلَّ أَعْمَالَهُمْ

«Кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларнинг амалларини (Аллоҳ) зое кетказур»[3].

بَرَاءَةٌ مِنَ اللَّهِ وَرَسُولِهِ إِلَى الَّذِينَ عَاهَدْتُمْ مِنَ الْمُشْرِكِينَ

«(Бу) Аллоҳ ва унинг пайғамбаридан сизлар (билан) аҳдлашган мушрикларга (нисбатан) ора очиқдир»[4].

Қуръони Каримнинг яна бир мўъжизавий жиҳати шундаки, унинг оятлари ўта балоғатли ва фасоҳатли, аммо лафзи қисқа бўлиши билан бирга бир нечта маънога далолат қилиши билан ҳам ажралиб туради. Масалан:

قَالَ مَعَاذَ اللَّهِ إِنَّهُ رَبِّي أَحْسَنَ مَثْوَايَ

«Юсуф деди: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожамку?! Менга яхши жой берган бўлса?!»[5].

Бу ояти каримадаги «хожам» сўзи Юсуфни қул қилиб сотиб олган хўжайинни билдиради. Хўжайин Юсуфни хотинига топшириб, уни ўғил қилиб олишни таклиф этган ва Юсуфга қул каби эмас, фарзандидек яхши муносабатда бўлган.

«Хожам» сўзи «парвардигорим» деган маънони ҳам билдиради. Юсуф, уни акаларининг зулмидан ва қоронғу чоҳдан бешикаст нажот берган ва меҳрибон одамларга рўпара қилган Аллоҳининг неъматини эслаган ва ношукрлик қилишдан қўрққан, деган маънога ҳам далолат қилади.

Қуръони каримда лафзи ва таркиби ўзгармаган ҳолда икки ва ундан ортиқ маънога ишора қиладиган оятлар жуда кўп.

Аллома Замахшарий «Муддассир» сурасининг тафсирида: «Жумлани жуда қисқа, аммо маънони жуда кенг қамровли ифода қилиш Қуръони каримнинг мўъжизасидир» деб ёзган.

Ҳазрат Умар (р.а.)дан: «Кимки Аллоҳга итоат қилса, унинг пайғамбарига итоат қилса, Аллоҳдан қўрқса ва тақво қилса, бас, улар ҳақиқий зафарга эришувчилардир» деган ояти каримани эшитган Рум патриархи: «Аллоҳ мана шу оятнинг ўзида Исо (А.С.)га нозил қилган Инжилда баён этилган дунё ва охиратнинг аҳволини жамлаган экан», деган[6].

Қуръони Каримда шундай ифода одати мавжудки, бир лафз қаерда келса ҳам бир хил маънони англатади. Бу жиҳатга баъзи муфассирлар алоҳида аҳамият берган. Масалан: Ибн Аббос (р.а.): “Қуръоннинг қайси оятида «гулкоса» сўзи келса, у «ароқ»ни билдиради”, деган. Имом Табарий ҳам Заҳҳокдан шундай ҳадисни ривоят қилган.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда «Анфол» сурасининг тафсирида Ибн Уяйна бундай деган: «Аллоҳ қайси оятда «ёмғир» сўзини келтирган бўлса, ундан мурод «азоб»дир. Ҳолбуки, араблар одатда مَطَرٌ, غَيْثٌ лафзлари билан фақат ёмғирни атайди. Аллоҳ «матор» сўзи билан азобни ифода қилса, «ғайс» сўзи билан ёмғирни ифода қилади»[7].

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: «Қуръоннинг қайси оятида يَأَيُّهَا النَّاسُ – «Эй одамлар» деган жумла келса, бу Макка мушрикларига хитобдир».

Жоҳизнинг «Ал-Баён» китобида ёзилишича, Қуръони каримда бир-биридан ажратиб бўлмайдиган қўшалоқ сўзлар кўп. Масалан, намоз ва закот, очлик ва тўқлик, жаннат ва дўзах, рағбат ва қўрқув, муҳожир ва ансор, жин ва инсон, фойда ва зарар, осмон ва ер [8].

Фахруддин Розий ва Маҳмуд Замахшарийнинг таъкидлашича, Қуръоннинг қаерида ваъид (қўрқитув) оятлари келса, орқасидан башорат оятлари ҳам келади.

Қуръони каримдаги бу каби баёний хусусиятлар ва балоғий тафсирлар ушбу илоҳий китобнинг ифода усулларини очиб беришда муҳим роль ўйнайди. Шундай экан, Қуръони каримни тафсир қилиш, шарҳлаш ҳеч бир замонда охирига етиб, батамом комил бўлмайди, балки янги қирралари очилишда давом этади.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Қуръони карим.
  2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Қуръони карим маънолар таржимаси». – Тошкент, «Ҳилол» нашриёти, 2019.
  3. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. – Тошкент: ТИУ, 2018. –618.
  4. Абу Мансур Мотуридий. Таъвилотул Қуръон. М.Босаллам таҳрири. – Байрут, Дорул кутубил иомийя, 1971.
  5. ZIYOUZ сайти.
Мухсин МАМАДАЛИЕВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти
_________________________________________________________________
[1] Бақара сураси, 261-оят.
[2] Ҳаж сураси, 31-оят.
[3] Муҳаммад сураси, 1-оят.
[4] Тавба сураси, 1-оят.
[5] Юсуф сураси, 23-оят.
[6] Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур. Ат-таҳрир ват танвир. Тунис. 1-ж. 121-б.
[7] Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур. Ат-таҳрир ват танвир. Тунис. 1-ж. 124-б.
[8] https://forum.ziyouz.com/index.php?topic=2778.msg143327#msg143327.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …