Home / МАҚОЛАЛАР / МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙНИНГ “КЎЗИ ОЖИЗГА ТАСАЛЛИ” РИСОЛАСИ: ЯНГИ ТОПИЛМА

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙНИНГ “КЎЗИ ОЖИЗГА ТАСАЛЛИ” РИСОЛАСИ: ЯНГИ ТОПИЛМА

Аллома Абулқосим Маҳмуд Умар Замахшарийнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш мустақиллик йилларида жадал олиб борилмоқда. Бугунги кунда Маҳмуд Замахшарий қаламига мансуб асарлар сони 70 га яқинлашганини айтиш ҳар бир оддий инсонда ифтихор ҳиссини уйғотади. Буюк аллома бобомиз ўзининг улкан маънавий мероси билан “Устозу-л-араб ва-л-ажам” – “Араблар ва араб бўлмаган халқларнинг устози”, “Фахри Хоразм” – “Хоразм фахри”, “Каъбату-л-удабо” – “Адибларнинг Каъбаси”, “Тожу-л-ислом” – “Исломнинг тожи”, “Жоруллоҳ” – “Аллоҳнинг қўшниси” каби улуғ шарафли номларга сазовор бўлган.

Маҳмуд Замахшарий илмий меросига мансуб топилмаган асарлари мавжуд. Олимнинг мана шундай асарлардан бири – Теҳрондаги Малик миллий кутубхонасидаги 1622 рақам остида сақланадиган қўлёзма таркибида аниқланган. Қўлёзма 589/1193 йили котиб Муҳаммад ибн Абу Юсуф ибн Умар томонидан кўчирилган ва унинг 12б-17а саҳифаларига “Рисола фи-т-таслия ли-ман куффат ъайнуҳу” – “Кўзи ожиз кишига тасалли бериш ҳақида рисола”си битилган. Мазкур рисола Маҳмуд Замахшарий олимлар томонида йўқолган деб ҳисобланган асари бўлиб, Ёқут Ҳамавий уни “Таслия аз-зарир” номи билан зикр қилган.

Муаллиф асарни кўзи ожиз инсонга мурожаат билан бошлайди. Унда Яратгандан унинг эътиқод ва динини, иймон ва ишончини зиёда порлоқ нур, ёрқинлик билан тўлдиришини сўрайди. Ҳаттоки, уни нури жуда паст бўлган Суҳо юлдузидан ҳам махфий нарсаларни ақл нури билан кўрадиган қилишини айтади. У кўзларининг мантиқий нурлари ва қалб кўзининг идроки билан ўткир кўзлилар ҳам кўра олмайдиган даражадаги нарсаларни илғаб олиши мумкинлигини таъкидлайди.

Назаримизда, асар ҳажми дастлаб каттароқ бўлган, кейинчалик у муаллифнинг таъкидлашича, қисқартирилган. Шу тариқа кўзи ожиз кишининг кўнглига тасалли беришга, панд-насиҳат орқали ғамини енгиллатишга ҳаракат қилган.

Муаллиф кўзи ожиз кишига таскин бериш мақсадида тарихда бўлиб ўтган воқеалардан ибрат сифатида беради. Жумладан, 33/653-94/713 йилларда яшаган Мадинаи мунавваранинг 7 та машҳур фақиҳларидан бири бўлган Урва ибн Зубайр воқеасини келтиради. У ўзининг сабри, зоҳидлиги ва фақиҳлиги билан машҳур бўлган. Тарихдаги турли фитналарга аралашмаган. Унинг онаси Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳо бўлган. Урва ибн Зубайрнинг бир оёғи қорасон бўлиб кесилганда, Исо ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ унга: “Аллоҳга қасамки, биз сизни жангга тайёрламаган эдик. Аллоҳ сизнинг кўп қисмингизни асрабди. Аллоҳ қулоғингиз, кўзингиз, тилингиз, ақлингиз, икки қўлингиз ва бир оёғингизни қолдирибди”, деган экан. Шунда Урва ибн Зубайр “Эй Исо! Ҳеч ким менга сенчалик ҳамдардлик билдирмаган. Мен сени сабру қаноат билан қийинчиликларга бардош берувчи сифатида биламан. Синон ибн Ҳорисадан ҳам мулойимсан, бургут боласидан ҳам ўткирсан”, дея миннатдорчилик билдиради.

Маҳмуд Замахшарий кўзи ожиз кишини тавсифлаб, кўзи мусибатланган инсоннинг диққати кучли ва мустаҳкам, хотираси тўлиқ, қалби тез жамланадиган, қулоғи яхши эшитадиган, туғма қобилияти тоза ва ёрқин, фикри теран, заковати уйғоқ, фикрлаши жуда тез, мияси мулоҳазали, ақли шишадан тозароқ, тили ўткир, суҳбатларда моҳир бўлади, деб таърифлайди. Бундай инсон худди кўргандек эслаб қолиши, жавоб қайтаришда зийраклиги, хотиржамлигини таъкидлайди ва Қуръони каримнинг Ҳадид сурасидаги: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир. Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) ҳам кетмагайсиз” оятларини насиҳат тарзида келтиради.

Олим ўзининг юксак маҳорати билан тасалли беришда буюк шахсларнинг фикрлари ва нодир манбалардан иқтибослар келтиради. У фикрнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қуйидаги байтини келтиради ва назми моҳирона гўзал ушбу байтнинг мазмунини чақиш лозимлигини таъкидлайди:

Агар Аллоҳ кўзим нурини олса,
Майли, тилим ва қалбимда нур бор.
Қалбим закий, ақлимга халал етмаган,
Оғзимда чақмоқ каби ўткир қиличим бор.

Замахшарий тарихий воқеалардаги аниқ маълумотларни лўнда беради ва ўзи хулосалаб ўтади. Хусусан, кўзи ожиз бўлса ҳам ҳозиржавоблиги ва зеҳнининг ўткирлиги билан машҳур адиб Абул Айно Мутаваккилнинг “Абул Айнонинг кўрлиги у билан ошна бўлишимга монеълик қилади”, деяётганини эшитади ва “Агар мўминлар амири менга қиличбозлик, ойни кўриш, нақшлардаги ёзувни ўқишни истисно қилганида, унинг ошна-оғайнигарчилиги тўғри бўларди”, деган гапини келтиради. Маҳмуд Замахшарий уни хулосалаб, адиб дўстликка яроқли бўлиш сабабларининг кўплигига ишора қилмоқда. Чунки дўстлик ҳақиқий ақл, юксак фазилат, мустаҳкам хотира, ўткир тил, нутқнинг тўғрилигига боғлиқ ва уларнинг ичида кўзга боғлиқ нарса йўқ, деган фикрни беради.

Инсон кўзлари билан дунё ва унинг гўзалликларига нигоҳ ташлайди ва унинг гирдобига киради. Айни шу дамда қалб ўзини йўқотиши мумкин. Қалб ўзини йўқотса, унга бало ва мусибат ўрнашади, фитна тухум қўйиб, кўпаяди, дард кучаяди, хатога юзланади, қийналади. Аллоҳнинг наздида қанчадан-қанча зинокор кўзлар бор, дейди олим. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳис салом “Икки кўз зино қилади”, деб таъкидлаганлар. Шунингдек, Аллоҳ азза ва жалла:

قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ

“(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар” (Нур сураси, 30-оят), дея тасдиқлайди.

“Эй кўзи ожиз одам, сиз рўпарангиздаги анави ваҳшийларнинг юриш-туришларини, олдингизда туя-ларини чўктирганда ёки чордана қуриб ёки чўккалаб ўтиргандаги одобсизликларини, гўё мўйловни қириш бид–ъат ва уни қолдириш суннатдек, юзингизга узун мўйловлари билан масхараомуз юзланишларини, асл башараларини кўрсатиб, сарғайиб кетган озиқ тишлари билан иржайишларини, ўсиб кетган тирноқли калта қўлларини бигиз қилиб қарашларини кўрмайсиз”, дея мурожаат қилади муаллиф. Бундай ҳолатларда баъзи кўзи очиқлар кўрларнинг ҳолатини орзу қилади ва ўткирлиги билан зарбулмасал бўлган Ямома Зарқонинг кўзларини орзу қилишдан воз кечади, дейди. Рисола давомида ислом тарихидаги кўзи ожиз бўлган 22 та саҳобий ва тобиъийнларнинг номларини зикр қилади. Ману шу рўйхатдан сўнг Маҳмуд Замахшарий тарихий бир ибратни келтиради. Жумладан, Муовия Ибн Аббосга “Абдулмутталиб авлоди, сизлар кўзларингиздан айриласизлар”, дегани, ўз навбатида Ибн Аббос эса “Эй Бани Умайя, сизлар қалб кўзидан айриласизлар” дея берган жавоби келтирилган ва улар сиз учун йўлбошчи ва уларда сиз учун ўрнак бор, деб таъкидланган.

Асар хулосасида Замахшарий кўзи ожизларга юқоридаги инсонларни доимо эслашларини, сабр қилишларини, кўзлари кўрмаса ҳам бошқа аъзолари Аллоҳга итоат қилиб, қалбларини Унинг улуғлиги ва кибриёсига машғул этишларини сўрайди. Доимо улар учун аталган нарсаларни ёд этиш лозимлигини айтади ва тил билан Унинг неъматларининг шукри, оёқлар билан У Зотнинг розилиги учун ибодатда туриш, ҳар иккиси билан Унинг розилиги кўзланадиган жойларга бориш, қўлларини дуо ва истиғфор қилган ҳолда кўтариш, ножўя айтилган сўзлар учун йиғлаган ҳолда қўлларини очиш зарурлигини эслатади. Агар шундай қилинса, у инсон мустаҳкам эътиқод, юксак фазилат, илмда пешқадамлик, ҳилм либосини кийиш, соғлом ақл, мулойим қалб, қўполликдан тоза, душманликдан пок юракли бўлишини таъкидлайди.

Зоҳиджон ИСЛОМОВ,
 ЎзХИА Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори,
филология фанлари доктори, профессор

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …