Home / МАҚОЛАЛАР / Ислоҳотлар – фаровон ҳаёт гарови

Ислоҳотлар – фаровон ҳаёт гарови

Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Юртимизда сўнги йилларда ислом дини равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда, миллий-диний қадриятларимизга бўлган эътибор янада кучайтирилиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганишга кенг имкониятлар яратилмоқда.

Жумладан, бугун ёшларимизнинг диний таълим олишлари учун ҳам барча шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистонда диний таълим тизими жадал ривожланиб, мутлақ янги босқичга кўтарилди. Ушбу тизим нафақат қўшни мамлакатлар, балки, кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос тажриба намунасига айланди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида жами 2240 та диний ташкилотлар мавжуд. Улардан 2056 та исломий, 157 та христиан ташкилотлари, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоаси, 1 та Кришна жамияти ва 1 та Будда ибодатхонаси ҳамда 1 та Библия жамияти фаолият юритмоқда.

Мазкур диний ташкилотлар орасида диний таълим муассасалари ҳам ўрин олган. Республика бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари (мадраса) ва Тошкент ислом институти, Мир араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби, шунингдек, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг Тошкент православ семинаряси ҳамда Тошкент протестант семинариялари шулар жумласидандир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ 2018 йилда Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Бу эса юртимизда Қуръон илми, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, хорижий тиллар ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.

Қолаверса, Муқаддас Ҳаж ва умра зиёрати квоталари сони оширилди. Бу эса, халқимизни кўнглини тоғдек кўтарди. Шунингдек, сафар билан боғлиқ жараёнлар, виза ҳужжатлари, авиачипталарни расмийлаштириш, Саудия Арабистонида жойлардаги шароитлар, меҳмонхона ва бошқа масалаларда мутасадди ташкилотлар билан ишлар уюшқоқликда амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда,  зиёратчиларимизнинг Ҳаж ва умра амалларини адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

 Хусусан, бугунги кунда халқимизни ҳаж амалларини бажаришлари ва уларни хоҳиш-истакларини амалга ошириш мақсадида квота миқдори 7 мингдан зиёдга етказилди. Айни вақтда умра зиёрати учун квота буткул бекор қилинди.

Бундан ташқари, юртимиздаги ноисломий ташкилотлар томонидан ҳам христиан ва яҳудийлар учун муқаддас қадамжоларга зиёратлар ташкил этилмоқда. Ҳар йили Тошкент ва Ўзбекистон епархияси томонидан Исроилнинг Иерусалим шаҳрига, шунингдек, Россия ва Гретсия давлатларига зиёратлар ташкил этиш яхши анъанага айланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасидаги ташрифлари чоғида Қуръон мусобақаларини ўтказиш ҳақида ўзларининг таклиф ва тавсияларини берган эдилар. Қуръон тиловати таралаётган юртда Яратганнинг баракотлари ёғилади, иншааллоҳ.

Ҳозирда қориларимиз жаҳон миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар. Алломалар юрти, бухорийлар, термизийлар юртидан келган қорилар сифатида Эрон Ислом Республикаси, Иордания Ҳошимийлар қироллиги, Саудия Арабистони, Малайзия, Индонезия, Кувайт ва Россия Федерацияси каби мамлакатларда ислом институти ва ўрта махсус билим юрти талабалари – мураттаб ва мужаввид қориларимиз аждодларига муносиб ворис сифатида юртимиз довруғини жаҳонга ёйишмоқда.

Фуқароларимизнинг Қуръони каримни ва уни ўрганиш тили бўлган араб тилидан таҳсил олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тасарруфидаги олий ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда илми мактаблар ҳузурида Қуръони карим ва тажвид ҳамда Араб тили ўқув курслари ташкил этилди.

Диний билим юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, замонавий шарт-шароитларни ташкил этиш, синфхоналар ва талабалар турар жойларини яхшилаш бўйича режали ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, охирги йилларда фанлар бўйича малакали ўқитувчи кадрлар етиштирилди, ўқув жиҳозлари ва дарсликлар билан таъминланди.

Яратганга чексиз шукроналар, сабабчи инсонларга миннаддорлик билдиришга арзигулик хушхабарлардан яна бири 2017-2018 ўқув йилида Мир Араб олий мадрасасининг иш бошлагани қувончимизга қувонч қўшди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сонли фармонига кўра, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабини ташкил этишга  асос қўйилди.

Жорий йили Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилаётгани диний таълим тизимини ривожлантиришдаги навбатдаги салмоқли қадам бўлди.

Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар замирида ислом динининг асл инсонпарварлик тамойилларини,  унинг умуминсоний ғояларини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш, Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, аждодларимиз илмий-маънавий меросини пухта ўзлаштирган, диний соҳада илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлашдек эзгу мақсадлар мужассам.

Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби бўлим бошлиғи

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …