Home / МАҚОЛАЛАР / КОНСТИТУЦИЯ – БОШ ҚОМУСИМИЗ

КОНСТИТУЦИЯ – БОШ ҚОМУСИМИЗ

Конституция – давлатнинг Асосий Қонуни. Унда давлат ва жамиятнинг ҳуқуқий тамойиллари аксини топади. Конституция бу – жамиятнинг умумий ҳуқуқий модели бўлиб, барча қонунчилик унга айнан мос келиши лозим. Давлатнинг бошқа бирор бир ҳуқуқий актлари Конституцияга зид бўлмаслиги шарт.

 “Конституция” сўзи лотинча сўздан олинган бўлиб, “ўр­натиш, белгилаш, тасдиқлаш, тузук” маъноларини билдиради. Конституция – давлатнинг Асосий Қонуни бўлиб, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва ҳокимият, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи кучдир. Дунёда биринчи Конституция 1787 йил АҚШда қабул қилинган. Европада эса биринчи бўлиб, 1791 йили Польша ўз Конституциясини қабул қилган.

Ҳар бир давлатнинг Конституцияси ўзига хос бўлиб, ўз фуқароларининг манфаатлари ва анъаналаридан келиб чиқган ҳолда, маълум тартиб асосида тузилади. Ҳозирги кунда дунёда 300 дан ортиқ Конституция бор.

Конституциявий давлат барпо этиш йўлини бош стратегик мақсад қилиб олган мустақил Ўзбекистон ўз истиқлол ва тараққиёт йўлининг беш тамойилидан бирини қонун устуворлиги, деб белгилагани бежиз эмас. Зотан, Ўзбекистон халқининг Конституциявий мақсади – инсонпарвар деморатик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда жамиятда айнан қонун устуворлигига эришиш ҳисобланади.

Ҳар бир миллат ва жамиятнинг давлат сифатида шаклланиши ҳамда ривожланишида унинг ишлаб чиқарган қонунлари, шу билан бирга бу қонунларни амалиётга татбиқ этилиши муҳим аҳамият касб этади. Ватанимиз ҳам бу борада ҳавас қилгулик шонли йўлни босиб ўтди.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мус­тақиллиги эълон қилинди ва “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. Унда белгиланган қоидалар амалиётда бир ярим йил мо­байнида синовдан ўтди, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Конститу­циясининг лойиҳасига киритилди.

1991 йил ноябр ойида лойиҳанинг 158 моддадан иборат дастлабки варианти тайёрланди, 1992 йил йил баҳорда 149 моддадан иборат иккинчи вариант тайёр бўлди, шу йил баҳорнинг охирларида 137 моддадан иборат учинчи вариант тайёр бўлди, лойиҳани матбуотда эълон қилишдан олдин сентябр ойида 127 моддадан иборат тўртинчи вариант пайдо бўлди.1992 йил 5 сентябрда комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтди ва конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилишга қарор қилинди. 1992 йил 26 сентябрда лойиҳа матбуотда эълон қилинди. Тушган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилган лойиҳа 1992 йил 21 ноябрда иккинчи маротаба матбуотда эълон қилинди. Умумхалқ мухокамасида 6 мингдан зиёд таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ниҳоят,1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқ депутатлари Олий Кенгашининг 12-чақириқ 11-сессиясида 128 моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Муқаддима, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат. Ўз ички тузилиши билан Ўзбекистон Конституцияси жаҳон конституциявий амалиётига тўла мос келади. Конституциямизнинг мазмун моҳиятига унинг қабул қилинишида биринчи навбатда инсон ҳуқуқи олий қадрият эканлиги сингдирилган. Унинг асосий мантиқий йўналиши қуйидагича: инсон – жамият-давлат манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ, шиддатли ва кенг қамровли конституциявий ўзгаришлар Ўзбекистон сиёсий-ижтимоий ҳаётининг келажагига муҳим замин яратди. Қонунларимизнинг ҳар бир сатри “Жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи – Инсон” деган фикр асосида “фуқаро – жамият – давлат” ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечими ҳар томонлама асослаб берилган.

Конституция инсон ҳуқуқлари ва давлат мустақиллиги ғояларига садоқат, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаш, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибасига таяниш, демократия ва қонунийликни ҳурматлаш, халқаро ҳуқуқнинг жаҳонда эътироф этилган қоидаларини тан олиш, Ўзбекистон фуқароларининг муносиб ҳаёт кичиришларини таъминлаш, ҳуқуқий жамият барпо этиш ва ниҳоят фуқаролар тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатликни кафолатлаш каби олийжаноб мақсадларни кўзлайди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Қонунларимизни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда мамлакатимизда турли дин ва турли миллатларга мансуб фуқаролар истиқомат қилишларини инобатга олиниб, барча фуқароларни виждон ва эътиқод эркинликлари қонуний йўллар билан кафолатланди. Мамлакатимиз фуқароларини виждон эркинликларини таъминлаш мақсадида 1991 йил «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу аввало мамлакатимиз бош қомуси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ўз аксини топди. Унда шундай таъкидланади: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”[1].

Мазкур қонундан англашиладики, мамлакатимиз фуқаролари виждон эркинлиги борасида ихтиёрлидирлар. Аммо, баъзи бир “демократия” сўзини ўзларига қалқон қилиб, инсонни инсонлик табиатидан чиқарадиган ишларни ҳам “виждон эркинлиги” дея жар солиб, ўзларининг амалдаги қонунларига киритишлари ҳамда жамиятимиздан ҳам ушбу нарсаларни исташликлари на бизларнинг неча минг йиллик миллий қадриятларимиз ва тушунчаларимизга, на инсоний қадриятларга тўғри келади. Аслида “Виждон эркинлиги” ҳар бир шахсни ўз ҳатти-ҳаракатларида нима яхши-ю нима ёмонлигини назорат қилиши ва ўзда ахлоқий масъулиятни ҳис қилган ҳолда жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳаёт кечиришлиги кафолатланганлиги тушунилади. Жамиятда ана шундай виждон эркинлигига эга бўлган “Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.”

Шунингдек, мазкур модданинг давомида “Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб, жамиятда бир дин вакилини бошқа динга алдов ёки мажбурлаш орқали ўтказилиш – миссионерлик фаолиятига йўл қўйилмаслиги ҳам қонун билан кафолатланган.

Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг барча соҳаларда катта ўзгаришлар, ютуқлар қўлга киритилганидек, халқимизнинг маънавий –маърифий ғоясини шаклланишида ҳам жуда катта ишлар амалга оширилди. Ўзбек халқи, мустақил халқ, миллат сифатида ўз қаддини ростлади. Ана шуларни эътиборга олган ҳолда 1998 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан ва бошқа Қонун хужжатларидан иборат бўлган, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Бу қонун 23-моддадан иборат бўлиб, диний ташкилотлар фаолияти тартибларини белгилаб, халқимизнинг виждон эркинликларини кафолатлаб берди.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъий назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туришдан иборатдир.

Қонун ўзининг моҳият эътибори билан Ўзбекистон Республикаси имзолаган халқаро ҳуқуқ доирасидаги барча ҳужжатларнинг мазмунига ҳамоҳанг бўлиб, айни пайтда жамиятимизда яшовчилар ҳаётининг ўзига хос хусусиятларини тўлалигича ҳисобга олади. Масалан, қонуннинг тўртинчи моддасида:

“Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради”, деб ёзиб қўйилган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мазкур модда ислом динининг поклигини ёки ваҳҳобийликнинг бошқа шиорларини ўзларига байроқ қилиб олиб, тинч осойишта ҳаётимизга раҳна солмоқчи бўлаётган баъзи бировларга ақл-ҳушларини йиғиб олиш зарурлиги такидлайди.

Қонунда диний таълим муассасаларига ҳам кенг ўрин ажратилган. Қонуннинг 9-моддасида “Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари, руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақли”, деб ёзиб қўйилган.

Қонуннинг ўн тўртинчи моддасида “Диний урф-одатлар ва маросимлар” га бағишланган бўлиб, унда диний ташкилотлар диндор фуқароларнинг ибодат ва маросимларини тўғри ташкиллаштиришга, фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондиришга масъул эканлиги ҳам аниқ сўзлар билан ифодаланган.

Ҳозирги кунда Республикамизда Ислом дини билан бир қаторда 16 та диний конфессиялар эмин эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатий назар барча учун тенг ҳуқуқлар Қонун орқали кафолатланган.

Қонун қабул қилинди. Унинг фуқароларимизнинг манфаатлари йўлида, жамиятимизнинг маънавий соғломлиги йўлида хизматлари беқиёс бўлажаги шубҳасиз. Лекин ушбу қонунни ҳаётга оғишмай татбиқ этилишини таъминлаш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Ўзбекистон миллий тамаддун ривожининг янги босқичига қадам қўйди. Босқичнинг истиқболи бевосита Асосий Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар мундарижасига, уларнинг кенг халқ оммаси томонидан ижобий теран ўзлаштирилишига боғлиқ. Жамият бугун ана шундай баркамолликка тайёр. Энг асосийси ҳам ана шу комилликда!

Қобилов Н.С., Даурбекова.И.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари
[1] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Т., Ўзбекистон 2003 йил

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …