Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳажномалар: Тошкент тошбосма нусхалари

Ҳажномалар: Тошкент тошбосма нусхалари

Бугунги кунда муборак ҳаж сафарига борувчи зиёратчилар учун кўплаб қулай шароитлар яратилди.

Лекин бу муборак ҳаж сафарлари қарийб бундан бир аср илгари қандай эди ва унда ҳаж зиёратчилари қандай шароитларда бу ибодатларни бажаришар эди деган савол ўртага чиқади.

Мазкур тадқиқот, асосан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондидаги тошбосма китоблар тарихини ўрганиш жараёнида юзага келди[1]. Маълумки, Марказий Осиё ҳудудида “ҳажномалар” деярли қўлёзма шаклида учрар эди. Лекин уларнинг нашрлари борасида маълумотлар оз эканлиги бизни қизиқтирди, шу сабабдан тадқиқотга Марказий Осиёда нашр бўлган “ҳажномалар”га оид тошбосма услубда чоп этилган китобларни жалб этишга қарор қилдик. Энг аввало булар Тошкент матбааларида чоп этилган ҳажномалардир. Уларнинг аксарияти XIX аср охири XX аср бошларида Марказий Осиё ҳудудида нашр этилгандир[2].

Беруний фонди ўз ичига 28 минг жилд (45 минг та асар) қўлёзма китоб бўлиш билан бир қаторда 30916 тошбосма китобларни ўзида мужассам этган.

Тадқиқ учун зиёратчилар учун битилган икки рисола танланди. Улар Тошкентда нашр этилган икки манба бўлиб, бирининг муаллифи Муҳаммад Солиҳ Охунд Тошкандий ва иккинчисининг муаллифи номаълумдир.

Биринчи асар “Мавлуди набий” рисоласининг хошиясига битилган бўлиб “Ҳажнома ва тумор” деб номлади. Асар туркий тилда битилган бўлиб, насрда ёзилган. Мазкур асарнинг сафарнома қисми мавжуд эмас, асарда асосан ҳаж зиёрати одоблари баён этилган. Дастлаб тавоф қилганликлари, кейин эса мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқигани, зам-замдан сув ичганлиги ва бошқа ҳаж арконлари қисқа ҳолатда баён этилган. Бу асар бир неча бор Тошкентдаги Порцова ва Орифжонов матбаасида нашр бўлган (1905, 1908, 1911-12, 1916)[3].

Бу ҳажномаларнинг муаллифлари деярли аксарият қисми ҳажга кетмасдан илгари диний маълумотлари бўлган ва ҳажга ўз зиммаларидаги фарз амалларидан бирини адо этишга кетишаётганликларини аниқ тасаввур эта олган кишилар эдилар.

Иккинчи асар Муҳаммад Охунд Тошкандийнинг “Ҳажнома-и турки” деб номланиб ёзилган рисоласи бўлиб йили ҳозирча маълум эмас, лекин XIX аср охири XX аср бошларида ёзилганлигига шубҳа йўқ[4]. Асар бир неча бор тошбосма усулида Тошкентда Ғ. Орифжонов матбаасида нашр этилган (1907, …, 1915.)[5]. Асарнинг тошбосма нусхасида сафарнома (яъни ҳажга бўлган сафар) асосий матнига ва ҳошияга битилган. Ҳаж одоб қоидалари асарнинг охиридан ўрин олган.

Муҳаммад Охунд Тошкандийнинг асарининг номи “Ҳажнома-и турки” бўлиб муаллиф ўз ҳаж сафарини насрда, турк тилида баён этган. Зиёртчи Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Чоржўй – Марв – Қаҳ? – Ашхабот – Красновод – Боку – Растов – Қрим (Оқ масжид) – Севастополь – Истанбул – Искандария – Суваеш – Жидда ва Макка йўналиши орқали амалга оширган. Сафар чоғида учраган янгиликлар ва маълумотлар муаллиф томонидан тасвирланганлиги билан ҳам бу манба жуда қизиқдир. Бу биринчи навбатда сафар чоғида учраган янгиликлар бўлса, иккинчидан борган шаҳарларидаги муаллиф учун ҳайратомуз бўлган манзаралар. Муаллиф сафар чоғида учраган шаҳарлар ҳақида қимматли маълумотлар келтирган. Муҳаммад Охунд Марказий Осиё ва Боку шаҳарларини тарифламайди. Балки у учун ёки ўқувчи учун қизиқ бўлмаганлиги учундир. Муаллиф матн орасида ғазаллардан фойдаланган ва Аллоҳ розилиги учун ҳаж сафарига отланганлиги бир неча бор зикр этади.

1) Муаллиф сафар чоғида борган шаҳарларни асосан Севастополь, Истанбул, Искандария каби шаҳарларни бирма-бир тасвирлайди. Тасвирлашни Севастополдан бошлайди, унинг тош кўчалари (гиламга ўхшаб тахланган), баланд иморатлари, ҳайкаллари уни лол қолдиради. Истамбулни тасвирлашда асосан ундаги жоме масжидларини айтиб ўтади: Ая софия, Султон Аҳмад ва бошқалар. Уни ҳайратда қолдирган масжиддаги қандил ва жойнамоз ўрнига тўшалган гиламлар эди. Шунингдек бозорлардаги расталар ҳам уни бефарқ қолдирмайди. Улардаги моллар ва сотувчилар ҳам уни эътиборини жалб этади. Искандария у учун ундан аввал кўрган шаҳарлардан ҳам гўзал эканлигини алоҳида таъкидлайди. Унинг кўчалари ҳаммаси гўё мармардан қилинган тоза ва озода эканлиги таърифлайди. Шаҳар атрофидаги зиёратгоҳларини ҳам зиёрат этганликларини баён этади.

Муҳаммад Солиҳ Охунд рисолани ёзишдан асосий мақсади ўз юртдошларининг ҳаж сафарида дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликлардан огоҳ этиш бўлган. Йўл харажатларидан тортиб, вақтлар ҳамда масофалар, инсонлар ва халқлар орасидаги муносабатлар, дуч келиши бўлган қароқчилар, йўлда божхона ва консуллар, шаҳар манзаралари ва зиёртгоҳлар ҳам ўз аксини топган.

2) У ҳаж учун бўладиган харажатлар, асосан, йўл кира ҳақи, яъни поезд, кема (попур), арава ва божхона учун консул муҳр қўйиш учун керак бўлишини айтиб ўтади. Асар сўнгида барча ҳаражатлар учун тежамкорлик билан ишлатилса 400 сўм етади. Агар 500 сўм олинса бемалол бориб келиш мумкинлигини айтиб ўтади. Сафарга беш ёки олти ой мобайнида бориб келиши мумкин дейди.

3) Муаллиф бир неча бор ўзга халқлар вакиллари билан тўқнаш келганлиги ва уларга ўз муносабатини билдирмай қолмайди. Россияда рус полицияси (фоилислар) уларни бир станцияда номерлик хоналарга қамаб қўйишади ва у ўша ерда бир неча ғайридинлар (коффорлар) уларни устидан, яъни кийим бошидан (салласидан), намоз ўқишидан, тил билмаслигидан кулар эдилар ва мазах қилишганини айтиб берди. Истанбул бозорларида арман, тарсо, габр (оташпараст, зардўштилик) ва эронликларни кўрганини ва уларни тижоратда уста эканликларини, бу ерга келган ҳожиларга нарсаларни бир неча марта қимматга сотишларини айтади. Кейин Мисрдаги зиёратгоҳларда кўплаб тиланчилар бор деб улардан жуда ҳам эҳтиёт бўлишликларини, уларни гўё бўрига ўхшатар ва бир-икки пулга рози бўлмасдан кетингдан қолишмайди деб огоҳлантиради. Қашқардан келган ҳожиларни бесарамжон деб эслаб ўтади. Сафар чоғида уларни икки маротаба қароқчилар тунашади. Биринчи галда Жиддадан Макка томонга туяларда кетишаётганда 800 кишилик карвонга 200 кишилик қароқчилар ҳужм қиладилар ва ҳожиларни барча мол мулкларини талон-тарож қиладилар. Муаллиф уларни бедовлар (З.Ш. бедуинлар сўзидан олинган) деб айтади. Бундай ҳолатни кўриб зиёратчилар саросимага тушиб қоладилар. Иккинчи галда ҳам бедовлар Мино бозори яқинида қурбонлик учун қўй сотамиз деб бир қанча ҳожиларни ҳийла ишлатиб узоқроқ ерга олиб боришади ва у ерда уларга узоқдаги отдаги бедуинларни кўрсатиб қўй олиб келишмоқда деб алдашади аслида улар қуролланган қароқчилар бўлиб, улар ҳожиларни бир қанчасини ўлдирадилар ва айримлари ярадор бўладилар. Аксарият ҳожилар мол-мулкларидан айрилиб қолишади.

Дастлаб Тошкентдан чиққан ҳожилар ўн кишини ташкил этган бўлсаларда сафар сўнггига бориб улар минг кишини ташкил этар эдилар. Йўл-йўлакай уларга қирғиз, қашқар элларидан ва бошқа халқ вакиллари қўшилиб борган.

4) Аёл кишиларни ҳажга юборишларини умуман рад этади. У ўз кўзи билан хотинларни қанчалик қийналганликларини кўриб, бир неча бор уларнинг бормасликларини таъкидлайди.

5) Энг қизиқ томонлардан бири, уни техник янгиликларга дуч келиши ва уни қай тарзида ишлашини тасвирлашидир. Илк бора поездга ўтирган хожи уни шундай тасвирлади:

Ажаб жойлар кўруб, ҳайратда қолдук.

Чунон рафтор этар минган отимиз,

Қўноқ жой, ўт ароба манзилимиз.

Ажаб отдурки, ем-ўтга иши йўқ,

Шабу рўз сайр этодур, турмиши йўқ.

Икки кўзи чоқинган ўтга ўхшар,

Фиғон тортиб дамодам зор қақшар.

Ғириллар-да, қўйиб йўлға булутни,

Алаф ўрниға доим чайнар ўтни.

Қўнармиз, отимизни йўқламасмиз,

На ерда қолдириб, ҳеч ғам емасмиз.

Биродарлар, бу ерда бўлсанг огоҳ,

Кўрарсизлар, иноят қилса Аллоҳ!

Шундан сўнг у кемани ҳам шу каби тасвирлайди, айниқса, Севастополдан кемага чиққанларида кема ичига сув тушишини ва гўё чўкиб кетаётгандек, хотинлар, ҳожилар дод фарёд қилиниши айтиб ўтади. На ўнг томонда ва на чап томонда ер кўринмайди деб денгизни тасвирлайди.

Ҳавоға сув чиқар тўлқун урубон,

Шарори кема ичра узулубон.

Шариллаб сув тушар кема ичига,

Чиқиб кетар кемадин тошқарига.

Қилур ул дам ҳама одам фиғонлар,

Ки, йиғла бир-бирин бўйнин қучарлар.

Ўнгу сўлға оғиб кема ўшал ҳол,

Ғариқ бўларга етдук, сан қулоқ сол.

Қилиб тавба ҳама ҳожи Худоға,

Инонин бердилар дор ул-фаноға.

Кемачи ҳам бу ишга бўлди ҳайрон,

Умуман асар сўнгида Маккани батамом тасвирлай бошлайди. Улар Маккадаги Инъомбой такясида тўхташади. Яъни ҳаж амалларидан тортиб, у ердаги (Каъба) эшиклари номлари, устунлари, мақомлари борасида батафсил тўхталиб бирма-бир санаб ўтиб уларнинг номларини зикр этади. Хуллас ҳажга борган киши ҳаж амалларини бекам-кўст бажара оладиган даражада изоҳлайди.

Дастлабки, хулосаларга келадиган бўлсак, ҳажнома жанридаги асарларнинг бир неча асрлик тарихи у қадар бой эмас. Шунингдек, бу жанрда ёзилган асарларнинг аксарият қисми XIX аср иккинчи ярмидан кейин ёзилган ва ундай ҳолат аввалги асрларда ўз аксини топмаган. Яна шуни таъкидламоқ лозимки, муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларга бўлган зиёрат борасидаги аксарият ёзма ёдгорликлар ўша даврда ва ундан кейин ҳам зиёли уламолар орасида машҳур бўлмагандир. Бунга мисол қилиб шуни айтиш мумкинки, ёзилган ҳажномаларни аксарияти ҳожиларнинг ўз кўзи билан кўрган ва кечирганларидан иборатдир. Бир неча минг қўлёзмалар сақланаётган Беруний фондида ҳажномага оид рисолаларнинг нусхалари камлиги бунга далил бўлиши мумкин.

Лекин шуни таъкидламоқ лозимки, XX аср бошларида ҳаж зиёратчиларни сони ортиб борган. Шу туфайли ҳожиларнинг ҳаж бўйича йўлланмаларга эҳтиёжлари орта борган. Чунки ҳаж қоидаларини билиш зиёратчилар учун муҳим аҳамият касб этар эди. Бу даврга келиб “ҳажномалар” нафақат ҳаж амаллари баёни балки саёҳатнома сифатида ҳам ўқувчиларни ўзига жалб қила бошлади. Чунки сафар чоғида кўрган таассуротлари ерли аҳолини ўз юртидан ташқи дунёда ҳаёт қандай эканлиги ва уларнинг маданиятини билишни тинч қўймаслиги табиий ҳол эди. Бу “ҳажнома”ларнинг бир неча бор нашр этилишининг ўзи уларга бўлган қизиқишни қанчалик катта бўлганлигини кўрсатади.

т.ф.н. Ш.Ю.Зиёдов
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, директори
 
[1] Ziyodov Sh. The Hajjnamas from the Manuscript Collection of the Oriental Institute at the Academy of Sciences of Uzbekistan // Central Asian Pilgrims. Hajj Routes and Pious Visits between Central Asia and the Hijaz. Alexandre Papas, Thomas Welsford, and Thiery Zarcone (eds.). Islamkundliche Untersuchungen Band 308. Berlin: Klaus Schwarz Verlag, 2011, pp. 223-233.
[2] Мазкур рисолалар туркий (эски ўзбек тили) ёки форс тилида битилган.
[3] ЎзР ФА ШИ: – Тошбосма № 4150, Тошкент 1916 й. 36 саҳифа (охири йўқ); – Тошбосма №№ 4149, 10322, – Тошкент 1916 й. 42 саҳифа; – Тошбосма 4147, Тошкент 1908 й. 42 саҳифа; – Тошбосма 734, 4148. Тошкент 1905 й.; – Тошбосма № 545, 9624. Тошкент, 1911. – Тошбосма № 548, Тошкент 1912. – Тошбосма №№ 547, 9625. Тошкент, йиллари маълум эмас, 42 саҳифа.
[4] Асарнинг қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида № 12057 рақами остида сақланди.
[5] ЎзР ФА ШИ,Тошбосма № 4243, ношр Мирза Ахмад Мирза-Карим ўғли, 1915 й. Тошкент. 59 саҳифа; ЎзР ФА ШИ фонди, Тошбосма № 4242, 18682, ношр Қори Шокир ибн Домулла Зокир, ?? й. Тошкент. 59 саҳифа; ЎзР ФА ШИ фонди, Тошбосма № 4241, ношр Ўтиб-расул Муҳаммад ўғли, 1907 й. Тошкент. 72 саҳифа.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …