Home / МАҚОЛАЛАР / Яқинларга яхшилик қилиш

Яқинларга яхшилик қилиш

Инсон таваллуд топиши биланоқ, унинг маънавий ва ахлоқий таълим-тарбияси ривожланиб боради. Одамларга фойда етказиш ва улардан зарарларни даф этиш — раҳмат (меҳрибонлик) дейилади.

Одамлар саодати учун интилувчи, уларга бўлажак зарарларни бартараф этиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи шахс марҳаматли инсондир. Ислом дини ижтимоий ва ахлоқий мукаммал дин бўлганидан гўзал хулқли, марҳаматли ва шавқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун лозимдир.

Қуръони карим инсоният жамиятидаги қадриятларни тубдан ўзгартирди ва жаҳон аҳлини мурувват, инсонийлик, меҳрибонлик, имон ва адолат билан таништирди. Қуръоннинг инсоният ва жамиятга бўлган манфаатларини санаб бўлмайди. Зеро, Қуръоннинг барчаси инсониятнинг фойдаси учун нозил қилингандир. 

Ҳар бир оят инсон учун улкан тарбия ва ахлоқ манбаи саналади. Уларнинг ҳар бири инсонни комиллик сари етаклайди. Бугун ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар, йўловчиларга қилинадиган яхшилик тўғрисида бир оят тафсирига эътибор қаратамиз.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلْ مَا أَنفَقْتُم مِّنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَىٰ وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

Сиздан қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: Ниманики хайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар. Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир(Бақара сураси, 215-оят).

Ислом инсониятнинг ер юзини обод қилиши учун уларга керак бўладиган ҳар қандай масалаларни ечиб берди. Шулардан биттаси ота-она, қариндош, етим, мискин ва ватангадоларга яхшилик қилишдир. Бу яхшилик ортида одамзоднинг бир-бирига бўлган муҳаббати ва ғамхўрлиги ошиб бораверади.

Ушбу оят нозил бўлишига нима сабаб бўлган эди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга нафақа қилишга чақирардилар. Амр ибн Жумуҳ бой киши эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Аллоҳнинг расули! Молу дунёмиздан нимани ва қаерга нафақа қиламиз”, – деб сўраганида мазкур оят нозил бўлган.

 “Сиздан қандай эҳсон қилишни сўрайдиларяъни, эй Муҳаммад сиздан молларидан нимани нафақа қилишларини сўрайдилар.

Айтинг: Ниманики хайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар”, яъни, уларга айтинг, олтинми, кумушми, таомми, кийим-бошми, ҳайвонми ёки бошқа ҳар қандай яхшилик бўлса, ота-она ва қариндошларга берсин, чунки улар ўзларига яқин кишилар. Етимларга берсин, уларнинг аҳволлари хароб. Заиф бўлган мискинларга берсин. Йўловчиларга берсин, улар ватанларига етиб олишга муҳтож бўлиши мумкин. Мана шу кўринишда нафақа қилиниши кераклигини ҳадисда ҳам келтирилган:

عن طارق المحاربي قال: «قدمنا المدينة فإذا رسول الله صلى الله عليه و سلم قائم على المنبر يخطب الناس وهو يقول : «يد المعطي العليا وابدأ بمن تعول أمك وأباك وأختك وأخاك ثم أدناك أدناك».

Ториқ Муҳорибийдан ривоят қилинади: “Биз Мадинага келганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб одамларга хутба қилиб: “Берадиган қўл баланддир. Яхшиликни онанг, отанг, опа-синглинг, ака-уканг, кейин яқининг, кейин бошқа яқинингдан бошла”, дер эдилар”[1].

Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир”, яъни, ҳар қандай яхшилик қилсангиз Аллоҳ сизларга мукофот беради, яхшиликларингизни бежизга кеткизмайди, деб айтинг.

Демак, Ҳар қандай кўринишда яхшилик қилиш мумкин экан. Шунингдек, яхшиликни ўзига энг яқин бўлган одамлардан бошлаш лозим экан. Яхшиликни ошкора қиласизми ёки махфий қиласизми, Аллоҳ уни кўриб туради ва мукофотини ҳам камайтирмасдан беради.

Аллоҳ таоло ота-она ва қариндошларга яхшилик қилиш кераклигини Қуръонда бир неча ўринда келтирган. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида марҳамат қилади: “Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!”. Ибодат ва ширк келтирмаслик ҳақидаги ушбу жумланинг келиши бежиз эмас. Бандалар учун Аллоҳнинг тавҳиди асосий ақидадир. Тавҳид ҳар бир инсондан талаб этилади. У Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққидир. Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик–тавҳиддир. Тавҳидга амр этилганидан сўнг, бир неча тоифа кишиларга яхшилик қилишга буюриляпти. Зикр этилган одамларга яхшилик қилиш ибодат қаторида бўлар экан.

Мавзуни ота-онани рози қилиш қилишга ундайдиган бир ҳадис билан тугатамиз.

عن أبي هريرة  أن النبي صلى الله عليه وسلم صعد المنبر فقال آمين آمين آمين فقيل يا رسول الله إنك حين صعدت المنبر قلت آمين آمين آمين قال إن جبريل أتاني فقال من أدرك شهر رمضان فلم يغفر له فدخل النار فأبعده الله قل آمين فقلت آمين ومن أدرك أبويه أو أحدهما فلم يبرهما فمات فدخل النار فأبعده الله قل آمين فقلت آمين ومن ذكرت عنده فلم يصل عليك فمات فدخل النار فأبعده الله قل آمين فقلت آمين

Абу Ҳарайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб уч марта: “Омин, Омин, Омин”, – дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ минбарга кўтарилганингизда “Омин, Омин, Омин” дедингизми? – деб айтилди. Пайғамбаримиз: “Менинг ҳузуримга Жаброил алайҳис салом келиб: “Эй Муҳаммад! Бир одам Рамазон ойига етиб келиб, шу ойда туриб гуноҳлардан тозаланиб, жаннатни ўзиники қилиб олмаган киши хор бўлсин! Омин денг”, – деди. Мен: “Омин”, – дедим. Жаброил алайҳис салом: “Агар бир одамнинг ота-онаси ҳаёт бўлса ёки иккисидан биттаси ҳаёт бўлса, уларнинг дуосини олиб розилигини олмасдан вафот этса, дўзахи бўлсин! Омин денг”, – деди. Мен: “Омин”, – дедим. Жаброил алайҳис салом: “Сизни исмингиз зикр қилинганда салавот айтмасдан ўлиб кетган инсон хор бўлсин! Омин денг”, – деди. Мен: “Омин”, – дедим”, – дедилар”[2].  (Тафсир ибн Касир, Баҳрул улум ва Тафсир ибн Ажиба тафсирлари асосида тайёрланди)

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қ. Маҳмудов
[1] Насоий. Сунини Насоий. -Ж.5.  –Ҳалаб. Мактабул матбуотил исломийя, 1986. –Б.61.
[2] Абу Яъло Мавсулий. Муснади Абу Яъло. Ж.10. –Дамашқ. Дорул маъмун лит турос, 1984. –Б.328.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …