Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шовосил Зиёдов Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Лағуат шаҳрида жойлашган Ислом илмлари ва цивилизацияси тадқиқот маркази раҳбариятининг расмий таклифига биноан, мазкур муассаса ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро тантанали тадбирда онлайн форматда иштирок этди.

Google Meet платформаси орқали халқаро илмий ҳамжамият вакиллари иштирокида ўтган анжуманда ислом цивилизациясини ўрганиш, илмий меросни тадқиқ этиш ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.


Тадбирга таклиф муассасаларимиз ўртасида сўнгги йилларда шаклланган илмий ҳамкорлик алоқаларининг узвий давоми сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Хусусан, Ўзбекистон илмий делегациясининг 2025 йил май ойидаги Жазоирга ташрифи бу ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим қадамлардан бири сифатида қайд этилди.
Тадбирда профессор Шовосил Зиёдов юбилей муносабати билан ташкилотчиларни табриклар экан, Лағуат шаҳридаги Ислом илмлари ва цивилизацияси тадқиқот маркази қисқа фурсат ичида халқаро миқёсда эътироф этилган илмий масканга айланганини таъкидлади. Шунингдек, у Лағуат шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “SAMAA” халқаро сўфий қўшиқлари маданий фестивалини Ўзбекистон билан Жазоир ўртасидаги маънавий-маданий мулоқотни мустаҳкамлайдиган нуфузли халқаро платформа сифатида баҳолади. Бундай тадбирлар халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва яқинликни кучайтиришга хизмат қилишини қайд этди.

Якунда мазкур юбилей тадбири ислом цивилизациясига оид илмий меросни ўрганиш, халқаро илмий мулоқотни ривожлантириш ва марказлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим халқаро платформа сифатида эътироф этилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





