Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, келажак авлодни хулқ-атворини бунёдкор ғояларга йўналтириш мақсадида маънавий-маърифий соҳада кўплаб адабиётлар ва мақолалар нашр этилмоқда. Кўп миллатли халқимизнинг тинчлиги ва хавфсизлигининг асосида маънавий тарбия ва миллий қадриятимиз тургани ҳеч биримизга сир эмас. Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев: “Биз бугун китобхонлик маданиятини ошириш, илмий, бадиий, сиёсий адабиётларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор бераяпмиз. Аммо бу ишларни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширишимиз, бошлаган олийжаноб ҳаракатларимизни обрўсизлантиришга йўл қўймаслигимиз шарт”[1] – деб маънавий бой қадриятларимизни мустаҳкамлашни кўзлаб таъкидлаб келмоқдалар.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам: “Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”[2] – деб таъкидлашлари замирида ҳам одоб-ахлоқ масаласи долзарблиги назарга тутар эдилар.
Барчамизга маълумки, сўз ва амалнинг маънавий баркамолликда ўрни ғоят муҳим. Халқ мақолларида: “Яхши билиб сўзлар, Ёмон тилиб сўзлар” деган ҳикматли қарашлар келтирилган. Инсонни улуғлаб айтилган ҳар бир сўз унинг келажагига ўз таъсирини кўрсатади. Зеро ота-боболаримиз: “Яхши сўз тўрга элтар, Ёмон сўз – гўрга” деб бежиз айтишмаган. Шунинг учун айтилаётган ҳар бир сўзни етти ўлчаб, мазмунини билиб гапириш ҳар бир ўсиб келаётган ёш авлод учун одат тусига айланмас экан мустаҳкам жамият тузиш соҳасида камчиликларга сабаб бўлиши тайин. Чунки “Ҳар меванинг пўчоғи бор, Ҳар сўзнинг ўлчови бор” деганидек унинг жавоби ҳам бордир.
Инсониятга ҳар бир ишда сабр билан ҳаракат қилиш маънавиятини шакллантириш лозимлиги адибларимиз томонидан кўп таъкидланган. Абдулла Авлоний ўзининг“Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” китобида:” Сабр инсонлар учун буюк бир фазилатдурки, жаноби ҳақ собирларни суяр. Қуръони карим ичида кўп ерда сабрни, собирларни мадҳ қилмишдур. Шариати исломияда жаноби Ҳақ тарафидан келган бало ва қазоға сабр қилмоқ фарзи айндур. Инсон ҳар бир ишни сабр ва матонат ила юруца, мақсудига тинч ва роҳатда боруб етар. Ҳамиша саодатда яшар. Араблар: “Ассабру мифтоҳул-фараҳ” – “сабр шодлиғнинг калитидур”– деюрлар” – деб таъкидлаганлар.
Матбуот ва маънавий йиғинларда комил, оқилу доно фарзандлар тарбияси учун ҳар бир шахс аввало ўзининг қилмиши, амалларига эътибор бериши лозимлиги кўплаб маротаба гапирилади. Нақшбандий бобомизнинг “Дил ба ёру даст ба кор” деган ҳикматларида қалб Аллоҳ билан, қўли меҳнатга бўлган инсон доимо эзгуликга интилиши назарга тутилгани сир бўлмаса керак. Эзгулик ила қилинажак ҳар бир иш-амал доимо комилликга етаклайди.
Амал бобида халқимиз “Сабр қилган мой ошар, Олқиш олган кўп яшар” деган мақолларни келтириб ўтганлар. Дарҳақиқат инсон шахдам қадамларни ташлаш билан сабр қилишни ҳам билмоғи керак, чунки сабр барча эшикларни очувчи сўнги калит бўлиб хизмат қилади.
Амални муомала соҳасидаги тарбиядан бошлашимиз тўғрироқ бўлади деб ўйлаймиз. Жомеъ ас-cаҳиҳ китобининг адаб бобида: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир одам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ, менинг яхши муомала қилмоғимга ким ҳақлироқдир?» — деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ «Онанг!» — деб айтдилар. У: «Яна ким?» — деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: «Онанг!» — дедилар. У: «Яна ким?» — деди, Жаноб Расулуллоҳ: «Онанг!» —дедилар. У: «Яна ким?» — деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ (бу сафар): «Отанг!» — деб жавоб қилдилар»[3] деб қайд этилган. Ота-онасига яхши муомалада бўлган шахс албатта бошқаларга ҳам шу тартибда иш юритади. Муомалада инсониятни огоҳлантириб ота-боболаримиз: “Сўз суякдан ўтар, Таёқ — этдан” деган ҳикматга амал қилганлар. Роберт Стивенсон: “Яшалган ҳар бир кунингга йиққан ҳосилинг билан эмас, эккан уруғинг билан баҳо бер”[4] – деб фикр билдирган.
Тарихий ва адабий китобларда кишиларни мазмунли ҳаёт кечириш тартиблари ҳақида кўплаб ривоятлар келган. Қадимги фозиллардан бири Асмаий айтади: 120 ёшга кирган бир кишини кўриб, ундан сўрадим: “Узоқ умр кўришингизга сабаб нима?” У киши: – Ҳасад, кинчиликдан парҳез қилдим. Мана шу хислатим узоқ умр кўришимга сабабчи бўлди”[5], – деб жавоб берди. Бу ривоят инсониятни имонини ҳам пок тутиш учун бир даъват ҳамдир.
Ҳусни хулқли бўлиш ҳақида: “Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб бердилар: “Тарозида яхши хулқдан кўра оғирроқ ҳеч нарса йўқдир”[6] – деган ривоят мавжуд. Шу билан бирга халифа Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди. Ким бировни кечирмаса, уни ҳам кечирилмайди. Ким бировни авф қилмаса, уни ҳам авф қилинмайди. Ким бировни бирор нарсадан сақламаса, уни ҳам биров бирор нарсадан сақламайди”[7]. Мазкур ҳадислардан ҳар бир жамиятнинг аъзоси ўзига хулоса чиқариб шафқатсиз киши бўлишдан ўзини сақласа, яхши хулқ атворли бўлиш, ўзаро ҳурмат-иззат ва гўзал муомала маданиятига эга инсон бўлиб вояга етишига аминман.
Хулоса қилиб, ёшлар ўртасида соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан турли филмлар орқали кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хатарлардан асраш ҳар биримизнинг эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор.
Қаюмова Нилуфар Кучкаровна