Home / КИТОБЛАР / ИСМЛАРИ, НАСАБЛАРИ ВА ТУҒИЛИШЛАРИ

ИСМЛАРИ, НАСАБЛАРИ ВА ТУҒИЛИШЛАРИ

Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Бардизбаҳ (Айрим манбаларда Баздизбаҳ ёки Яздабиҳ ҳам дейилган) Жўъфий Бухорийдир.
Бардизбаҳ мажусий бўлган. Аммо Муғийра ибн Аҳнаф Бардизбаҳ ўз вақтида Бухоронинг волийси бўлган ва Ямон Жўъфийнинг қўлида мусулмон бўлган. Ўша пайтларда бировнинг Исломга киришига сабабчи бўлган одамга нисбат берилиши одат бўлган. Шунга биноан, имом Бухорийнинг оиласига Жўъфий нисбати берилиб қолган. Бошқача қилиб айтганда, улар Жўъфий сабабидан мусулмон бўлишган.

Имом Бухорийнинг оталари Исмоил ибн Иброҳимнинг куняси Абул Ҳасан бўлиб, у парҳезкор уламолардан эди. У ҳақда имом Бухорийнинг ўзлари «ат-Тарих ал-Кабийр» китобида: «У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди», деб ёзганлар.
У Молик ибн Анасдан дарс олган, Солиҳ ибн Муборак, Абу Муовия ва бошқалардан ривоят қилган шахсдир.
Исмоил ибн Иброҳим Аҳмад ибн Ҳафс, Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий ва бошқаларга устоз бўлган.
Унинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс: «Ўлими олдидан ҳузурига кирсам, «Ҳамма молимнинг ичида бирор дирҳам шубҳалиси борлигини билмайман», деди. Ўша пайт ўзимга ўзим арзимас бўлиб кўриндим», деб ривоят қилади.
Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада ҳижрий 194 йилнинг шаввол ойидан ўн уч кеча ўnганда, жума намозидан кейин Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.
У киши кичиклик пайтларида оталари вафот этиб, етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналари тарбиясида ўсдилар.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …