Илм олиш динимизда улуғ ибодатлардан саналади. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи!” деб бошланиши бунинг ёрқин далилидир. Шунинг учун ҳам ислом динининг мўътабар манбаларида илм тарғиб қилинган ва илм соҳиби учун баланд даражалар ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят), деган.
Бошқа оятда: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта) Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Оли Имрон сураси, 18-оят), деб марҳамат қилинган. Бу оятда Аллоҳ таоло аввал Ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва нечоғли улуғ эканини англашга кифоя қилади.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаёт йўллари ва айтган сўзлари ҳам илм тарғиботи билан тўладир. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганлар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Илм тарғиби ва илмнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр йўлларида бизга намуна бўладиган мисоллар жуда кўп.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон киши ва муслима аёлга фарздир”, деганлар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ислом дини аёл кишига ҳам илмни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланмоқчи бўлганларида, ҳазрати Умар ислом умматига юксак бир фазилатни кўрсатди. У ҳам бўлса, оталик масъулиятини ҳис қилган ҳолда, қизи Ҳафсани турмушга бериш олдидан унга ўқиш, ёзиш ва динга доир илмларни ўргатди. Бунинг учун Бану Адий қабиласидан бир аёлни ёллади. Ҳафса онамиз ҳалиги аёлдан етарлича илм олганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқди. Тўйдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Умардан ҳалиги аёл келиб, Ҳафсага дарс беришни давом эттиришини сўрадилар. У: “Эй Расулуллоҳ! Ҳафса илмни яхши эгаллаб олди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳафса илмни мукаммалроқ эгаллашини хоҳлайман”, дедилар.
Ислом илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарди. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидларнинг қонига тенглаштирди. Ҳасан Басрий: “Олимлар қаламининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади”, деган. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Олимлик мартабаси илм ўрганиш ва таълим олиш билан эгалланади.
Илм – ҳикмат, поклик рамзи, илмсизлик эса жоҳилликдир. Илм диннинг асоси, устунидир. Илм улуғ хислат, энг ёрқин фазилат бўлиб, инсоннинг баркамол бўлишини таъминлайди. Илмни ўқиш, такрорлаш, ёзиш билан мустаҳкамлаш лозим. Лекин илмга амал қилинмаса, фойдасиз бўлиб қолишини ҳам унутмаслик керак.
Исломда илм-фан эгаллаш, маърифатли бўлиш жуда савобли иш саналади. Ҳадисда: “Садақанинг энг афзали илм ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ўргатишдир”, дейилади.
Илм олиш борасида юртимиздан ибрат бўларли алломалар жуда ҳам кўп бўлган. Улардан бири Имом Бухорийдир. У ҳақда Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма бундай деган: “Бу дунёда ҳадис илмида Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра билимлироқ ва хотираси кучлироқ бирор кишини кўрмадим”.
Имом Бухорий: “Юз минг саҳиҳ, икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олдим. “Саҳиҳ” китобимга ҳар бир ҳадисни ёзишдан олдин ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқидим. У саҳиҳ ҳадисларни олти юз минг ривоят орасидан саралаб олдим ва китобни ўн олти йилда ёзиб тугатдим. Сўнг уни ўзим билан Раббим ўртасида ҳужжат қилдим”, деган. Алломанинг бу сўзларини эшитган, ўқиган, кўрган ҳар қандай инсонда илм олишга рағбат ва иштиёқ пайдо бўлади ва муттасил кучаяди.
Илм – ҳаётда орттирилган тажрибанинг амалий ва назарий натижаси. Инсон илм туфайли ҳар қандай қийинчиликдан осонлик билан чиқиб кетиши мумкин.
Шу боис ёшларга илм-маърифатли бўлиш ва замонавий ҳунарларни мукаммал эгаллашни тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан саналади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ўрганишга ишора қилиб: “Фарзандларингизга ўзи яшаётган давр илмларини ўргатинг, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келган”, деган. Инсоннинг солиҳ ва баркамол бўлиши ёшлигида олган одоб-ахлоқи ва илм-маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ислом дини ҳамиша инсониятни илмга чорлаб келган.