Жадид ҳаракати том маънода маърифатпарварлик ҳаракатидир. Маърифат тушунчасининг луғавий маъноси билиш, таниш ва билим демакдир, ёки кишилар билими, маънавиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия жараёнидир. Маориф тушунчаси эса, табиат, жамият ва инсон моҳияти ҳақидаги турли билимларни акс эттиради. Маърифатли киши деганда фаннинг бир ёки турли соҳаларидан маълум билим ва йўналишларни эгаллаган деган мазмун касб этади. Маърифатни ҳаётга сингдириш маориф тизими орқали амалга оширилади. Демак, маърифат билим ва маданиятнинг қўшма мазмуни бўлиб, маориф эса ана шу мазмунни ёйиш воситасидир. Маърифатпарвар маърифат учун курашувчи, билим тарқатувчи ва берувчидир. Жамият тараққиётида бир босқичдан кейинги босқичга ўтиш маърифатпарварликдан бошланиб, замонанинг етук, онгли, билимли кишилари маънавият ва маърифат тарқатган. Алалоқибат, маърифатли кишилар маънавий қарамлик, қўрқув ҳамда ҳадиксирашларни бартараф этиб, беқиёс куч-қудрат, салоҳият эгаси бўлади. Маърифатли кишилар миллат ва Ватан озодлиги, халқнинг маънавий уйғоқлиги ва маърифати учун курашади. Айнан шу нуқтаи назардан халқимиз ҳамиша илму маърифатга интилиб келган. Халқимизнинг етук вакиллари дунёвий ва диний илмларни уйғунлаштириб, жаҳон тараққиётига буюк ҳисса қўшган. Булар Форобий, Ибн Сино, Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий, Улуғбек ва бошқа кўплаб буюк алломаларимиздир. ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида Туркистон жамиятида маънавий инқироз чуқурлашган бўлиб, миллий маданиятни кўтармай туриб, умуминсоний қадриятлардан халқ баҳраманд бўлмасдан, маърифий ва тарбиявий ишлар кенг йўлга қўйилмасдан ижтимоий ва иқтисодий тараққиётга қадам қўйиш мушкул эди. Шу сабабдан жадидлар миллатнинг маънавий камолоти маърифатга эришиш билан юз беради, деб тушунди. Бунинг учун мактабларда дунёвий билимларни бериш билан ислоҳот қилиш заруриятини уқтиришар ва миллий уйғониш ва миллий онг уйғонишида жиддий роль ўйнаган эди. Жадидлар ўз қарашларини чуқур ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ қилишда фаоллик кўрсатган. Шундай маърифатпарварлардан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Мунаввар Қори, Файзулла Хўжаев, Сўфизода, Исҳоқхон Ибрат ва бошқалар миллат камолотини юксалтириш, қадрини ерга уришга йўл қўймаслик учун саъй-ҳаракатларни кучайтирди.
Маърифатпарвар жадидлар жуда оғир шароитларда, ғоявий-сиёсий тазйиқларга қарамасдан миллат маънавий юксалиши учун шарт-шароит ва имконият яратишга ҳаракат қилди. Тарихнинг бундай мураккаб бурилиш палласида миллат онгини уйғотиш ва юксалтириш, миллий ифтихор туйғуларини кучайтиришни биринчи даражали вазифа, деб билди. Улар халқ болалари учун мактаблар очар, ўқув қўлланма, дарслик, китоблар, мақолалар ёзар, дарс ҳам берарди. Бу йўлда ҳатто, ўз шахсий маблағларини ҳам аямаган. Бундай саховатпешалик бизнинг ҳозирги кунда ҳаётий зарурат ва аҳамияти беқиёсдир. Ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан ҳатто мамлакатнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларга зид позициялар илгари сурилаётгани, жумладан, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаш ҳолатлари пайдо бўлмоқда. Бундай вазиятда жамиятда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтириш, эҳтиёткорлик ва огоҳликни ошириш лозим.
Жадидлар ҳаракати XIX аср охири XX аср бошларидаги Россия мустамлакачилиги зулмини бошидан кечираётган туркий халқлар уйғонишининг бошида турган “учинчи муаллим” Исмоилбек Гаспаринский (Гаспарали) эди. Бу ном юз йил муқаддам туркий дунёдаги энг машҳур ном эди. Уни Қашқардан Лондонгача, Санкт-Петербургдан Бомбайгача билар эдилар. У чиқарган “Таржимон” газетасининг 1908 йилдаги 25 йиллик тўйида Хитойнинг “Таранча”сидан табрик телеграммаси келган. 1910 йили эса Франциянинг энг эътиборли журналларидан “Ревю де Манде мусулман” унинг миллат олдидаги буюк хизматлари учун номзодини “Тинчлик борасидаги Халқаро Нобел мукофоти”га тавсия қилган ва буни хорижий мамлакатлардаги жуда кўп матбуот органлари қўллаб-қувватлаб чиққан эди.
У вафот этган 1914 йилнинг 11 сентябрида машҳур Наримонов ёзади: “Миллат Исмоилбей каби қаҳрамонларини унутса ўз ҳаётини барбод этажакдир”. Беҳбудий сўзлари билан айтганда, “Русиядаги бутун турк-татар халқларини жуда оз тарихий муддатда хайр хушлик йўли билан яхлит бир миллий оилага бирлаштирмоққа ноил бўлди”.
Жадидлар бугунги куннинг долзарб масалаларига ғоят оҳангдошдир. “Икки эмас, тўрт тил лозим” [3] ёзади Беҳбудий, “Ҳиммат ва саботи бўлмаган миллатнинг ҳаққи ҳаёти йўқдир”. Абдулла Авлоний, халқни фақат маърифатгина ёруғликка олиб чиқади, деб ишонган. Бундан ташқари, Исмоилбек Гаспарали, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Аҳмад Заки Валидий, Чўлпон, Фитрат, Қодирий ва бошқалар миллий уйғониш ҳаракатининг илк қалдирғочлари эди. Фақат биз узоқ вақт уларни ўз номи, ўз тавсиф-талқини билан атай олмай келдик [4].
Минг истиҳола билан тилга олган тақдирда ҳам мафкуравий, андозаларга мослаш учун гоҳ октябрь инқилоби куйчиси, гоҳида эса мураккаб қиёфали ижодкор деган тавсифларни қўллашга мажбур бўлардик. Жадидга “буржуа” сўзи қўшилади-да, “адрессиз” урилаверади. Ҳолбуки, у ном остида деярли одам қолган эмас. Бу бизнинг сиёсатимиз билан амалиётимиз ўртасидаги ўтиб бўлмас чоҳнинг бир ифодаси эди [2:3].
Туркистон зиёлилари Исмоилбек Гаспиралининг фикрларидан хабардор эди. Улар маърифатпарварнинг “Оврупо маданиятига бир назари мувозана” асари билан ҳам таниш бўлган. Чунки Истанбул билан борди келди, Усмонли даврий матбуоти намуналарининг Туркистонда ёйилиши, ниҳоят, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1906 йилда эълон қилган “Хайрул умури Авсатуҳо” (Ишларнинг яхшиси ўртачасидир”) мақоласи шундай хулоса чиқаришга имкон берди. Бу даврда Россия сиёсий саҳнасида 4 фирқа мавжуд эди. Монархистлар (буйруқратиян мустабид”) партияси, Кадетлар (“Машрутаи Авомия”) партияси, социалистик (“Иштирокиюн”) партия, Россия мусулмонлари иттифоқи партияси.
Монархистлар мавжуд тузумнинг ҳимоячиларидир. Уларнинг келажаги йўқ. Мамлакатни таназзулга солган – шулар. Улар ҳокимият тепасида турсалар, Туркистоннинг янада хароб бўлиши аниқ. Ҳатто секин-аста йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Туркистон ҳозир шундай босқичда турибди. Афсуски, бу сиёсатни ҳамма ҳам билавермайди. Чунки кўзбўямачилик кўп. Милйўнур (миллионер) йўқ эди…”, дейдилар, 6 миллион туркистонлик орасида 3 та миллионер бор. Уларни ҳам миллионер деб бўлармиди?! Катта иморатлар ҳаммаси яҳудийларники, Овруполикларники. Туркистонликлар синмоқда… вақфлар кетган , мадрасалар хароб …, келажак йўқ [1:145].
Бу борада маърифатпарвар олим Саид Ризо Ализода ҳам катта ишларни амалга оширди. У Самарқандда мадрасалардан бирида олти йил таҳсил олгач, ўша ердаги Демуров босмахонасига ҳарф терувчи бўлиб ишга киради. Босмахонада ёши анчага борган француз аёли ишлар эди. У француз тилини ёш Ализодага ўргатади. Кейинчалик у инглиз, немис, араб тилларини ҳам шу ерда ўрганади. Иврит тилини ўрганиш учун яҳудийлар яшайдиган маҳаллага қатнайди.
Ализодани ўз яқинлари руслар атрофида ўралашиб юргани учун ёқтирмайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан чоп этилган “Самарқанд” газетаси, “Ойина” журнали билан ҳамкорлик қилади. 1914 йилда ўз ҳисобидан ўзбек тилида “Телеграф хабарлари” номли варақа чиқаради. 1917 йилда “Шарқ” газетасида муҳаррир, “Ҳуррият” газетасида таржимон ва мухбир, 1922 йилдан “Зарафшон” газетасида бўлим мудири бўлиб ишлайди. 1919 йилда “Шарқ машъали” номи билан ҳафталик журнал ташкил этади.
Адади 4 минг нусхага яқин бўлган бу журнал Ўрта Осиё, Кавказ ортидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон ва бир қанча араб мамлакатларига тарқалган эди. Саидризо Ализоданинг танқидий мақолалари, фельетонлари Баҳпул, Замбур, Ренебар, Боғишамолий, Шапалоқ, С.А каби тахаллуслар билан “Туркистон хабарлари”, “Камбағаллар уйи”, “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Бухорои шариф”, “Турон”, “Самарқанд овози” газеталари, “Машраб”, “Мулла Мушфиқий” журналларида чоп этилган. Шўро инқилобигача бўлган даврда у биринчилардан бўлиб маҳаллаларда камбағал деҳқон фарзандлари учун жадид йўналишидаги мактабларни очди ва у ерда муаллимлик қилди.
Ўтган йиллар мобайнида Саидризо Ализода жадид ҳаракатининг пешқадамларидан бири сифатида дарслик ва қўлланмалар тузади. Ўзбек мактаблари учун “Биринчи йил номли алифбо ёзиб, бепул тарқатади. Тожик тилида “Сарф ва наҳв” (1934), ўзбек тилида “Ҳосилот” (1926) китобларини чоп эттиради. У Самарқандда яшайдиган руслар учун кечки курс очиб, уларга ўзбек ва форс – тожик тилларини ўргатади. Маърифатпарвар аллома Абдулла шоир билан янги Озарбайжон алифбосини тузади. 1933-1934 йилларда икки жилдли русча-тожикча луғат тузиб, нашр эттиради. Саид Ризо Ализода 1933-1937 йилларда ҳозирги Самарқанд давлат университетида талабаларга араб ва форс тилларидан дарс беради. Улар орасида ўша пайтда шу ерда таълим олаётган Ҳамид Олимжон, Ўткир Рашид каби шоирларга, журналист Шароф Рашидов, файласуф Иброҳим Мўминов каби кўплаб таниқли инсонлар бўлган. Саид Ризо Ализода ўз умри давомида 13 тилда гапиришни, ёзишни мукаммал эгаллади. У Пушкин, Толстой, Гюго, Мопассан, Карамзин ва бошқа классик ёзувчилар асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Қадимшунослик, география, тарих, астрономия, араб грамматикаси сингари жами 23 та китоб ёзди. Маҳмудхўжа Беҳбудий билан “Самарқанд” газетасида елкама елка ишлаган даврларда газета саҳифаларида нопок мансабдор тўраларни танқид қилди. Ализода халқнинг илмли, маърифатли, маданиятли бўлишига ҳисса қўшишни ўзининг ҳаёт мазмуни деб билди.
Ўша пайтда шўро тузуми ёш авлоднинг илмли бўлиши учун шароит яратиб беради, деб ишонди. Ўзининг маънавий уйғониш давридаги жўшқин ва серқирра фаолияти ва хизматлари учун маърифат қаҳрамони деган унвон билан тақдирланди. Аммо уни кейинчалик Сталин портретининг орқа томонини осиб қўйган, деб айблашди. Унинг дўстлари қаттиқ босим ва қийноқлар остида Ализодага қарши кўрсатма бериб, туҳматдан иборат бўлган ёзувларга имзо чекди. (Гувоҳлардан бири ўлимидан икки кун олдин Ализоданинг неварасидан кечирим сўраб, уни туҳмат қилишга мажбур қилганларини тан олган). Ализода дўстлари билан юзма-юз қилишни талаб қилади, лекин маҳбусни Тошкентга жўнатишади. Орадан қирқ йил ўтгандан сўнг, 1985 йилда набираси Фарҳод Ализода бобоси хокини Самарқандга кўчириш арафасида унинг жағларида биттагина тиши қолганини кўрган.
1987 йилда Ализоданинг невараси Фарҳод Ализода Владимирдаги ДХК архивига боради ва бобосининг тергови қандай олиб борилганини аниқлайди. Саид Ризо Ализоданинг шахсий делосида латта парчалари, папирос қоғозлари сақланган. Бунинг эвазига у ўзи учун бериладиган нонларни қамоқхона кузатувчиларига берган. “Сиёсий маҳбуснинг барча фикрлари араб алифбоси ва форс тилида ёзилган ва бу ёзувни қамоқхона бошлиқлари ҳам тушунмаган. Кўпгина латта парчаларида ҳатто қон излари ҳам қолган. Маълум бўлишича, Ализода шўро давридаги энг даҳшатли қамоқхоналаридан бирида, бир кишилик камерада 8 йил умрини ўтказган. Энг фожиали томони, Ализодага ёлғон кўрсатма берган одам унинг энг яқин дўсти эди. У кейинчалик машҳур ёзувчига айланади. Орадан бир қанча вақт ўтиб, у ҳам НКВД томонидан қамоққа олиниб, Сибирга сургун қилинади ва ўша ерда оламдан ўтади. Ализода халқ душмани деб эълон қилингандан кейин шаҳар ижроия қўмитасида фаолият кўрсатаётган ўғли, фабрикада ишлаб турган укаси ҳибсга олинади. Ализоданинг оиласи боқувчисиз қолади. Ўша пайтда Саид Ризо Ализоданинг янги китоби чоп қилинган бўлиб, катта қийматдаги қалам ҳаққи олиш имконияти бор эди. Лекин терговчи Ализодага пулни олиш учун ишончнома ёзишга рухсат бермайди. Маълум бўлишича, унга икки марта айблов эълон қилинган бўлиб, ҳеч бири исботланмаган. Ализоданинг айбловларини тан олмагани, ҳужжатларни имзоламагани учун ваҳшийларча қийноққа солинади. У қийноқлар туфайли ҳушидан кетар, ўзига келиши учун маҳбус устидан музли сув қуйилиб, яна қийноққа солинарди. Ализода уч йил мобайнида Тошкентдаги тергов камерасида ҳибсда сақланган. Кейинчалик Москвада Ализодага ҳукм чиқарилиб, уни Тоболскка – бир пайтлар декабристлар жазо муддатини ўтаган жойга сургун қилинади.
Кучли қийноқ ва совуқ натижасида Саидризо Ализода сил касалига йўлиқади. Унинг ўлиб қолишидан қўрққан турма раҳбарияти Саид Ризо Ализодани Владимир шаҳридаги сиёсий маҳбуслар сақланадиган жазони ўташ колониясига жўнатади. Оғир қийноқлар, руҳий босимлар Ализоданинг соғлигига таъсир қилиб, у ўша ерда вафот этади. Невараси Фарҳод Ализода узоқ йиллар мобайнида бобосининг қамоқхоналарда кечган ҳаёт йўлини ўрганди, изланди. У 1987 йилда Владимир шаҳридаги турма қабристонидан мустабид шўро тузуми таҳқирларига бардош бериб, руҳан синмаган, ватан озодлиги учун жонини фидо қилган бобосининг қабрини топди.
Фарҳод Ализода шаҳар ҳокимидан бобосининг хокини Самарқандга олиб кетиши учун рухсат сўрайди. Ҳоким Саид Ризо Ализоданинг иврит тилини билганини эшитиб, шундай дейди: “Биз бобонгизни биламиз. Мен яҳудий бўлганим ва бу тилни билмаганим учун афсусдаман. Сизга албатта ёрдам бераман”. У маҳаллий амалдорлар кибри, диёнатсизлиги туфайли анча сарсон бўлди. Фарҳод Ализода ўн йил давомида бобосининг қабрини кўчириб келиш учун керакли ҳужжатларни тўплади ва ниҳоят узоқ сарсонгарчиликлардан сўнг улуғ инсоннинг хоки ўз юртига қайтди ва Самарқандда қўним топди.
Ушбу мақола XIX аср охири ва XX аср бошларида Ўрта Осиёда, хусусан Туркистонда юзага келган жадидчилик ҳаракати ҳақида батафсил маълумот беради. Мақолада қуйидаги асосий фикрлар илгари сурилган:
- Жадидчилик ҳаракати асосан маърифатпарварлик ғояларига асосланган бўлиб, халқни маърифатли қилиш, диний хурофотлардан озод этиш ва миллий ўзликни англашга қаратилган эди.
- Жадидлар халқ учун янги усулдаги мактаблар очиш, дарсликлар яратиш, газета-журналлар нашр этиш орқали ўз ғояларини тарқатишга ҳаракат қилганлар.
- Исмоилбек Гаспирали, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний каби маърифатпарварлар жадидчилик ҳаракатининг етакчилари бўлган.
- Жадидлар фаолияти нафақат таълим соҳасида, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам муҳим роль ўйнаган.
- Мақолада жадид намояндаларидан бири – Саид Ризо Ализоданинг ҳаёти ва фаолияти батафсил ёритилган. Унинг кўп тилларни билиши, маърифатпарварлик фаолияти ва кейинчалик қатағон қилиниши ҳақида маълумот берилган.
- Жадидчилик ҳаракати гарчи қисқа муддат давом этган бўлса-да, Ўрта Осиё халқларининг миллий уйғониши ва маънавий тараққиётида муҳим аҳамият касб этгани таъкидланган.
Хулоса қилиб айтганда, мақола жадидчилик ҳаракатининг моҳияти, мақсадлари ва унинг намояндалари ҳақида кенг қамровли маълумот беради, шунингдек бу ҳаракатнинг Ўрта Осиё халқлари тарихидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб беради.
-
Бегали Қосимов. Уйғонган миллат маърифати. – Т.: Маънавият, 2011.
-
Исмоилбек Гаспиринский. Ҳаёт ва мамот масаласи. – Т.: Маънавият, 2006.
-
“Ойна” жаридаси. 1913 йил, 12-сон
-
“Янги дунё” газетаси. 1911 йил, 11-сон.