Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларидан иборат делегациясининг Буюк Британияга ташрифи доирасида «Ўзбекистон ва Буюк Британия: Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий кўприк» мавзусидаги тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Буюк Британия идоралари расмийлари, илмий-академик, эксперт-таҳлилий, хорижий дипломатик корпус вакиллари ҳамда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар қатнашди.
Тақдимот аввалида мамлакатимиз элчиси Равшан Усманов республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон ва Британия ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида батафсил сўзлаб берди.
Шунингдек, хорижий томонга Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, илмий изланишлар, тарихий ва қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, маданият ва санъатни ривожлантириш, жумладан Ўзбекистон заминида яшаб ўтган машҳур алломалар ва мутафаккирларининг илмий-ижодий меросини асраб-авайлаш уларни чуқур илмий таҳлил этиш йўналишларида олиб борилаётган ишлар тўғридаги маълумотлар етказилди.
Ўзбекистоннинг етакчи илмий марказлари вакиллари ўз чиқишларида, ўз фаолиятлари ҳақида маълумотлар беришди.
Анжуман доирасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва қадимий тарихига бағишланган асарлар ва экспонатларни ўз ичига олган кўргазма ташкил этилди. У хорижий томонни Шарқ маданияти, санъати ва илмий ютуқлари билан яқиндан таништирди.
Иштирокчилар бу тадбир нафақат Ўзбекистоннинг маданий меросини дунёга танитиш, балки халқаро дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида ҳам муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидладилар.
Манба: dunyo.info