Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Буюк Британия сафари доирасида турдош ташкилотларга ташриф буюриб, муҳим учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 29 ноябрь санасида делегация аъзолари иштирокида Лондон шаҳрида жойлашган Ислом маданияти марказида давра суҳбати ташкил этилди.
Учрашувда ўтган вақт давомида икки томонлама ҳамкорликнинг натижалари сарҳисоб қилинди. Жумладан, Лондондаги ислом маданияти марказида Ўзбекистоннинг бой илмий-маданий мероси ҳақида ўтказилган тарғибот учрашуви, марказларнинг илмий нашрлари тақдимоти ижобий натижа берганлиги қайд этиб ўтилди.
Марказ раҳбари Аҳмад Дубаян: “Имом Бухорийнинг бутун ислом уммати учун қилган хизматлари беқиёс. Шу сабабли биз Ўзбекистонни ҳурмат қилишимиз шарт”, дея алоҳида таъкидлади.
Давра суҳбати давомида Британия томонига Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги миллий тажриба ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ислом маданияти маркази томонидан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихини акс эттирувчи фото-кўргазма ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг янги нашрларининг тақдимотларини ташкил этиш таклифи билдирилди.