Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири Байзовийнинг умумий тарих йўналишида ёзилган «Тарихлар тизмаси» (نظام التواریخ) асаридир.
Асар муаллифининг тўлиқ оти Носириддин Абу Саъид (ёки Абулхайр) Абдуллоҳ ибн Абу Қосим Умар ибн Муҳаммад ибн Абу Ҳасан Али Байзовий Шерозий Шофеъий бўлиб, Шероз яқинидаги Байзо[1] шаҳрида туғилган. Шу сабаб Байзовий ва Шерозий тахаллуслари билан танилиб кетган [20:67]. Кўриниб турганидек, у шофеъий мазҳабида эди.
Юртимизда ҳукм сурган сулолалар ҳамда мўғулларга қарамлик даври тарихини атрофлича ўрганиш бирламчи манбалар билан бир қаторда, ёндош манбаларни тадқиқ этишни тақозо этади. Хусусан, қўлёзма манбаларга асосланган ҳолда илмий тадқиқотларни олиб бориш жаҳон стандартларига мосдир. Ушбу мақолада тарихийлик, холислик тамойиллари каби тарихий тадқиқот усулларидан фойдаланилди.
Носириддин Байзовий ва унинг тарихий асари бир қанча олимлар томонидан ўрганилган. Хусусан, олимнинг ўлган йилини 1286, 1292, 1293, 1309, 1311 йиллар ёхуд 1316 йил деб кўрсатилади. Р.Селлҳайм[13:289-91] ва Ван Эсс[3:261-70] кейинги саналарни тасдиқловчи ишончли далиллар келтирган. Хусусан, Ван Эсс вазир Рашидиддин Фазлуллоҳнинг ўғли Амир Алига ёзган мактубини келтирган бўлиб, унда Байзовий совға-саломлар тақдим этилиши лозим бўлган 51 та машҳур олимлар орасида тилга олган. Ван Эсснинг фикрича, мактуб 1303 йилгача ёзилмаган, балки 1313 йилнинг охирида ёзилган. «Энcйcлопаэдиа Ираниcа»да Байзовийга бағишланган мақола муаллифи Ийтан Кўлберг ҳам Байзовий 1310 йилдан кейин вафот этган, деган хулосага келган[9]. Мана шундай чалкашликларга қарамай, алломанинг сўнгги манзили маълум бўлиб, у Табриздаги Чорандаб қабристонидир [8]. Қабрнинг аниқ ери Эронда Сафавийлар ҳокимият тепасига келгунига қадар маълум бўлган [1].
Фиқҳ[2], тафсир[3] ва тарих йўналишларида қалам тебратган олимнинг энг машҳур асари, шубҳасиз, «Байзовий тафсири» (البيضاوي تفصير) деб ҳам юритиладиган «Қуръон нурлари ва шарҳ сирлари» китоби саналади. Шу билан бирга, унинг «Тарихлар тизмаси» асари ҳам ўзига яраша илмий қийматга эга.
«Низом ат-таворих» асари Одам алайҳиссаломдан то 1276 йилгача бўлган дунё тарихини, яъни асар битилган санагача бўлган давр воқеликларини ўз ичига олади. У муаллиф яшаган давргача бўлган воқеаларнинг тасвирлангани билан қимматлидир. Бизгача етиб келган кўплаб қўлёзма манбаларни ўрганиш «Низом ат-таворих» асарининг машҳур бўлганини ва ўқувчиларининг географик қамрови кенг эканини кўрсатади. Эдвард Браун[4] иккала асар ҳам бир вақтнинг ўзида яратилганини ҳисобга олиб, уни تأریخ بناکتي «Тарихи Банокатий» («Банокатий тарихи») билан қиёслаган. «Низом ат-таворих»нинг босма нашрлари орасида Баҳман Каримий таҳрири остидаги нашрни (Теҳрон, 1934) алоҳида қайд этиш жоиз [1].
Байзовийнинг бобоси ва отаси Шерознинг бош қозилари бўлган. Ўзининг айтишича, отасининг бобоси Имом Ғаззолийнинг шогирдларидан эди. Табиийки, бу омиллар унинг яхши таълим олиши, амалдорлар ва сарой аъёнлари билан танишишига хизмат қилган[4]. Шу сабабли у ўз асарларини ёзишда, шубҳасиз, бой манбага эга бўлгани ва замондош олимлар фикрларидан ўринли фойдалангани эҳтимоли юқори.
Байзовийнинг биринчи устози отаси Имомиддин Умар ибн Муҳаммад бўлиб, унга фиқҳ илмидан дарс берган. Отаси салғурийлар[5] ҳукмдори Абу Бакр ибн Саъд[6] (1226–1260) даврида Форснинг қозиси (қозиул мамолик) лавозимини эгаллаган. Кейинчалик унга Шарофиддин Умар Закий Бушқоний[9], Шиҳобиддин Суҳравардий[7] ва Носириддин Тусий[8] каби олимлар ҳам устозлик қилган[8]. Байзовийнинг шогирдларидан эса Камолиддин Умар Мароғий[9], Аҳмад ибн Ҳасан Жарбурдий (Чаҳорбуртий бўлиши мумкин[8]) ҳамда Абдураҳмон Исфаҳоний[10] номларини тилга олиш мумкин[8].
Байзовий номи тарихий манбаларда биринчи марта Сунжак (Суқунжак) нўённинг[11] 1271 йилда минтақанинг молиявий ҳисоботларини ўрганиш учун Форсга келиши муносабати билан тилга олинади. Тахминан 1279 йилда у элхон Абақахон[12] томонидан Форсга қозиул мамолик (мамлакат қозиси) этиб тайинланган. Абақахон 1281 йилда вафот этгач, Шероз қозиси лавозимини эгаллади[9]. Мўғул ҳукмдори, афтидан, уни ота-боболари касб-коридан келиб чиққан ҳолда шу лавозимга маъқул кўрган бўлиши мумкин. Вассофнинг хабар беришича, у бу вазифани Рукниддин ибн Исмоил[13] билан бирга олиб борган[19:120]. Шундай қилиб, 1270 йилларга келиб Байзовий ўзи туғилиб ўсган ерни ташлаб, Шерозга кўчиб ўтган.
Билими ва адолати билан машҳур Байзовий Шероз қозиси лавозимини сақлаб қолиш мақсадида Табризга боргани, маҳаллий сўфий ва зоҳид Шайх Муҳаммад Кужужонийдан[14] ёрдам сўрагани, шайх эса унинг илтимосини Сунжак нўёнга етказиб, Байзовийни ўз лавозимида қолишига кўндиргани маълум. Шу туфайли шайхнинг мўғуллар олдидаги ботирлиги ва ўзини тутиши Байзовийда шунчалик чуқур таассурот қолдирганки, у бирмунча вақт қози бўлиш мақсадини бир четга суриб, шайх Хожа Муҳаммад Кажужонийдан билим олишни афзал кўрган [1].
Байзовий вазир Рашидиддин Фазлуллоҳ Ҳамадонийга Қуръон тафсири бўлмиш «Қуръон нурлари ва шарҳ сирлари» (أنوار التنزيل وأسرار التأويل) асари нусхасини инъом қилиш учун 1299 йилда Табризга кўчиб ўтади. Бироқ у ерда қандай расмий лавозимда ишлагани аниқ эмас[1].
Ушбу манбанинг аҳамияти тўғрисида манбашунос олимлар ўртасида икки хил қараш мавжуд. Хусусан, инглиз эроншуноси Эдвард Браун ҳамда эронлик олим Абдулҳусайн Навоий бу манба «чоп этишга арзимаслигини» таъкидлаб ўтган. Яна бир эронлик адиб Малик Шуъаро Баҳор эса манбани ижобий баҳолаб, муаллифни «покизанавис» деб эътироф этган. Чарлз Мелвилл, шунингдек, Мирҳошим Муҳаддис ушбу китобга ёзган кириш сўзларида Байзовийдан кейин яшаган тарихчилар – Хондамир, Мирхонд, Ҳамдуллоҳ Мустафо ва «Форсномайи Носирий» асари муаллифи Мирзо Ҳусайн Фасоий ҳам ушбу манбага мурожаат этганларини айтиб ўтган. Ҳаким Шамсуллоҳ Қодирий[10], Баҳман Каримий, Колберг, Ҳожи Манучеҳрий, Робсон, турк тадқиқотчиларидан Юсуф Шавқий Ёвуз[6] ва Али Эртуғруллар[11] Байзовий ҳаёти ва ижодини ўрганган.
Асар кириш ва тўрт бўлимдан иборат. Биринчи қисмда Одам Атодан Нуҳ пайғамбаргача, 2500 йил давомида 10 та пайғамбар ҳукмронлик қилгани баёни келтирилган. Иккинчи қисмда 4281 йил ҳукмронлик қилган Нуҳдан кейинги 73 та шоҳнинг (Пешдодийлар[15]дан Сосонийларгача) тавсифи. Учинчи қисмда Ислом халифалари (Муҳаммад (С.А.В.)дан халифаларгача) таржимаи ҳоли бўлиб, унда 654 йил давомидаги 54 халифанинг фаолияти қисқача баён этилган. Бешинчи қисмда эса турли қабилалардан бўлган Эрон подшоҳларининг Аббосийлар билан муносабатларини ёритади. Шунингдек, 420 йил ҳукмронлик қилган 84 та подшоҳнинг (Саффорийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Ғурийлар, Дайламитлар[16], Салжуқийлар, Салғурийлар, Исмоилийлар (малоҳидалар[17]), Хоразмшоҳлар ва мўғуллар) тарихи қисқача тилга олинади [5].
Айнан шу тўртинчи қисмда Ўзбек давлатчилиги тарихида ўчмас из қолдирган Сомонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар ҳақида қисқача маълумотлар берилгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, Сомонийлар давлатининг жойлашуви тўғрисида шундай жумлалар бор:
ایشان ده نفرند و ملک ایشان از دیار ترک تا حدود هند وفارس و عراق بود مدت ملک ایشان از دیار ترک صد و چهار سال
[14:48а]
Эшон даҳ нафаранд ва мулки эшон аз диёри Турк то ҳудуди Ҳинду Форс ва Ироқ буд. Муддати мулки эшон аз дайёри Турк саду чаҳор сол [аст].
Уларда ўнта подшоҳ [ўтди]. Давлатининг [чегараси] Туронзаминдан Ҳинду Форс ва Ироққа қадар [чўзилган] эди. Сомонийлар Турк давридан [бошлаб] бир юзу тўрт йил давомида [ҳукмдорлик қилди].
Юқоридаги жумладан сўнг Сомонийлар давлати ҳукмдорларининг исмлари ва неча йил ҳукмронлик қилгани қисқача зикр этилган. Бундан ташқари, Ғазнавийлар, Салжуқийлар ҳамда Хоразмшоҳлар ҳақидаги маълумотлар ҳам шу зайлда берилган.
Ушбу манбада Султон Жалолиддин ибн Муҳаммадга тўхтаб ўтилган. Унинг қўшинлари мўғуллардан мағлуб бўлгач, Ҳинд томонга чекингани, мўғуллар таъқибни тўхтатганидан хабар топгандан сўнг Форсга бориб, ҳудуд отабеги Саъд билан учрашгани ҳақидаги маълумотлар баён этилган. Бундан ташқари, ушбу воқеалардан сўнг, Хоразмшоҳ Жалолиддин Бағдодга боргани ва у ерда тўрт ой қолиб, Табриз орқали Тифлисга (Тбилиси) ўтгани, шунингдек, Кавказдаги ҳаёти қисқача келтирилган.
Манбанинг ҳар хил нусхалари қисмларида кўрсатилган сулолалар сони турличадир. Айниқса, 4‑қисмда ўзгаришлар кўп бўлиб, у янги маълумотлар билан бойитилгани ёки айрим қисмлари қисқартирилгани билан ажралиб туради. Хусусан, асарнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (ЎзР ФА ШИ) 2856–ИВ-тартиб рақами остида сақланаётган қўлёзма нусхасининг биринчи қисми тўлиқ эмас. Унинг охирида нуқсони бўлиб, манба қора ва қизил сиёҳлар билан маҳаллий қоғозга бухороча настаълиқ хатида Абдулхолиқ (عبدالخالق) томонидан тахминан 1829 йилда кўчирилган [18:61].
Асарнинг ЎзР ФА Шарқшунослик институтида 9720-тартиб рақами остида сақланаётган 1820 йилда кўчирилган нусхаси муқоваси 1808 йилда Исматуллоҳ саҳҳоф (عصمتالله صحاف) томонидан қизил ҳошиялар билан безатилган қора рангда, локланган картондан ишланган. Ёзуви Бухоро настаълиқ хатида бўлиб, ҳар бир варақ рангли ва зарҳал чизиқлар билан ҳошияланган. Маҳаллий сарғиш рангдаги Қўқон қоғози («вергеурес»)дан истифода этилган ва 88 варақдан иборат[17:12-13]. Бу нусхада элхоний Абақахоннинг (1234 – 01.04.1282) ислом динини қабул қилгани, бир қанча вайрон бўлган ерларни обод қилгани ва раият учун амалга оширган барча яхшиликлари ҳақида сўз борган [88а]. Китоб حاتم انوشیروان نسخ کرد «Ҳотам Анушервон нусах кард (Ҳотам Анушервон кўчириб олди)» жумласи билан якун топади [88б].
Тожикистон Фанлар академиясининг Қўлёзмалар мероси марказида (Душанбе) № 135-рақам остида сақланаётган нусха ХИХ асрда кўчирилган бўлиб, унда Хоразмшоҳлар ҳукмронлигигача бўлган давр ёритилган. Мўғул ҳукмдорлари ҳақидаги маълумотлар эса тушириб қолдирилган [15:137].
Асарнинг Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида (Санкт-Петербург) мавжуд 4458 [№ 218; В 234–2] тартиб рақамли нусхаси Рё томонидан таърифланган Британия музейидаги нусхаси [Адд. 16,703] билан бир хил бўлиб, элхон Ғозонхоннинг 1295 йилда Табризда тахтга ўтириши билан якунланган. Ушбу нусха 1853 йилда Ўрта Осиё ҳудудида маҳаллий қоғозда, сарлавҳалари қизил рангда, настаълиқ хатида битилган. Муқоваси чарм қопланган шарқона (турон) усулда ишланган, 80 варақдан иборат [16:40].
Ушбу институтда шу манбанинг яна бир нусхаси бўлиб, биринчи қисми В 234-2 билан солиштирганда анча қисқартирилгани аён бўлади [16:41]. Эрондаги мўғул ҳукмдорларига бағишланган ИВ қисмнинг сўнгги қисмида тарихий воқеалар Тошкентдаги 9720-нусхадан фарқли ўлароқ Абақахон давригача ёритилади. Унда Абақахон ҳақида жуда қисқа ва гўё у аллақачон вафот этгандек сўз юритилади. Ушбу нусха ХИХ–ХХ асрларга тегишли Европа қоғозига, матнлари қора, сарлавҳалари эса қизил рангда кўчирилган. Кўчирилган жойи катта эҳтимол билан Ўрта Осиё ҳудуди бўлиши мумкин. Муқоваси европача бўлиб, чармдан ишланган ва 65 варақдан иборат[16:41].
Бундан ташқари, асарнинг Теҳрон университети (Эрон) кутубхонасида 2748(1)‑рақамли нусхаси ҳам мавжуд. У юқорида айтилган нусхалардан ҳам қисқароқ бўлиб, Салғуридларгача бўлган маълумотлар берилган ва ХВИИ асрда кўчирилган. Эроннинг машҳур Китобхонаи Мажлис кутубхонасидаги 75/ИР9556‑нусхаси худди Россиядаги 9720-нусхаси каби Абақахон ҳақидаги қисқача маълумотдан сўнг ниҳояланган [7].
Туркиянинг Фотиҳ кутубхонаси (Анқара)даги 4213-нусхаси, юқорида санаб ўтилган нусхалардан фарқли ўлароқ, ХВИИ асрда кўчирилган Эрон ҳулокуийлари элхони Ўлжойтухон (24.03.1282–17.12.1316) давригача ёритилгани билан ажралиб туради. Туркиянинг бошқа (Аё София кутубхонаси, Нури Усмония кутубхонаси, Ризопошшо кутубхонаси ва Истанбул университети кутубхонаси) кутубхоналарида ҳам «Низом ат-таворих»нинг нусхалари сақланмоқда.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, Туркияда «Низом ат-таворих»ни таржима қилиш усмонийлар даврида бошланган. Хусусан, Султон Муҳаммад ИИИ топшириғига кўра Мустафо бин Шайх Абдураҳмон ушбу асарни أنيس الملوك «Анис ал-мулук» («Подшоҳларга ҳамдам») номи билан таржима қилган. Ушбу таржима ҳозирги кунда Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасининг Ҳамидия (890-тартиб рақами остида) ва Тўпқопи кутубхонасининг Қоратой фонд (526-тартиб рақами остида)ларида сақланмоқда. «Низом ат-таворих»нинг ушбу туркча таржималари ҳам тил ва ҳажм жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади. Сулаймония нусхаси 25 қаторли 85 варақдан, Истанбул университети нусхаси эса 15 қаторли 58 варақдан иборат. Истанбул университети кутубхонасидаги қўлёзманинг тили соддароқ бўлса, Сулаймонияда сақланаётган манба эса мураккаброқ тилда ёзилган[2:269]. Асл форсча матнни Сулаймония кутубхонасидаги таржима билан солиштирганда, ушбу нусхага таржимон томонидан кўплаб қўшимчалар киритилгани маълум бўлади. Масалан, дунё ва жўғрофий минтақаларнинг яратилиши форс тилидаги матнда узундан-узоқ тилга олинмасада, таржима манбада батафсил маълумотлар билан бойитилган[12:269]. Университет кутубхонасидаги форсча матнли нусха Абақахон ибн Ҳулоку ҳукмронлиги давригача бўлган воқеаларни ўз ичига олган. Сулаймония кутубхонасидаги нусхада эса Фотимийлар, Айюбийлар ва Мамлуклар даврлари ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Таржима асари Усмонлилар тахтига Меҳмед ИИИ кўтарилиши билан якунланади.
Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, ушбу тарихий манба умумий тарих йўналишида ёзилган бўлиб, унда пайғамбарлар ва кўплаб сулола ҳукмдорлари тўғрисида қисқа маълумотлар берилган. Мақола бошида айтилганидек, тили бирмунча ғализроқ форсийда бўлсада, асарнинг тарихий манба сифатидаги аҳамияти унинг бу кемтигини ёпади, десак муболаға бўлмайди. Умуман, Носириддин Абу Саъид Абдуллоҳ ибн Умар қози Байзовий қаламига мансуб «Низом ат-таворих» асари ўзининг қадимийлиги, қимматли маълумотлари, ўзбек давлатчилиги тарихининг муҳим даврларига оид маълумотлар талқин этилгани, шунингдек, узоқ асрлар давомида дунё олимларининг эътиборини тортгани билан аҳамиятлидир.
Ўрганилган тадқиқотдан қуйидаги таклифларни бериш жоиз:
− Носириддин Байзовийнинг «Низом ат-таворих» асарини манбавий асосдан тадқиқ этиш;
− асарнинг Ўзбек давлатчилигига оид қисмларини ўзбек тилига таржима қилиш.