Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига БМТнинг Чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчиликка қарши конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг Самарқандда ўтказилаётган 21-сессияси (CRIC-21) доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган Саудия Арабистони Подшоҳлигининг атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазири Усома Иброҳим бошчилигидаги делегация келди.
Делегация аъзоларини Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев кутиб олди ва музей билан таништириб, Марказ фаолияти ҳамда Имом Бухорий ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси хусусида маълумотлар берди.
Меҳмонларда Марказнинг Саудия Арабистонидаги илмий муассасалар билан ўрнатилиши режалаштирилаётган ҳамкорлик алоқалари катта қизиқиш уйғотди. Икки мамлакат маънавий-маърифий масканлари ўртасида боғланаётган мустаҳкам ришталар муштарак мақсадларга эришишда муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
Ташриф самимий, дўстона руҳда кечди.