Аввал хабар берилганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакилларидан иборат делегация Ўмон Султонлигига сафар қилди.
Ташриф асносида делегация аъзолари Маскат шаҳридаги Ўмон миллий музейи фаолияти билан танишди. Музейдан ўрин олган Султонлик дипломатияси билан боғлиқ ҳужжатлар, тарихий расмлар, васиятномалар, турли давлатлар томонидан берилган ҳадялар ва бошқа экспонатлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонасида делегация аъзоларининг матбуот ходимлари, хусусан, “Asdaa Oman”, “Ar-Ru`ya” нашрларининг муҳаррирлари ва тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот давомида икки мамлакатнинг илмий ҳамкорлигини янада фаоллаштириш, Ўмон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг маданий-маърифий ҳаётидаги янгиликларни ёритишга оид келишувларга эришилди.
Шунингдек, делегация аъзолари Султон Қобус номидаги Маданият ва фан бўйича олий марказда бўлди. Муассаса раҳбари Ҳабиб ибн Муҳаммад Риямий билан суҳбатда икки мамлакатнинг турдош марказлари ўртасида илмий-маърифий ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш истиқболлари муҳокама этилди.
Шу билан Ўзбекистон илмий делегациясининг Ўмон Султонлигига сафари ниҳоясига етди.