Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИДА БАҒРИКЕНГЛИК ТАРҒИБОТИ

АЛИШЕР НАВОИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИДА БАҒРИКЕНГЛИК ТАРҒИБОТИ

Бугунги глобаллашув даврида баъзи бир давлатлар дунёга ҳукмронлик давоси билан тинчлик-осойишталикка, кишилик тамаддуни ривожига жиддий хавф солмоқда. Инсоният янги минг йилликка ўзликни англашнинг ялпи инқирози шароитида кириб, нафақат табиатни, атроф-муҳитни, балки ўз-ўзини, умумбашарий қадриятлар оламини вайрон қилмоқда. Айримлар олий қадрият деб билаётган фойда ва манфаат маънавият хазинасидан адолат, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат, эзгулик, бағрикенглик, ҳамдардлик каби инсонийлик моҳиятини англатувчи қадриятларни сиқиб чиқармоқда[1]. Бундай мураккаб вазиятда башарият ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигининг муҳим омили бўлган тинчлик-осойишталикни таъминлаш устувор аҳамият касб этади.

Инсониятнинг куч ва салоҳиятини ижтимоий ҳамкорлик ва халқаро ҳамжиҳатликни таъминлашга йўналтиришда улуғ аждодлар маънавий мероси, хусусан, Алишер Навоий ижоди муҳим ўрин тутади. Чунки шоир асарларида моддият эмас, балки маънавият, маърифат, инсонпарварлик, бағрикенглик каби эзгу ғоялар тарғиботи устунлик қилади.

Мутафаккир оламдаги мавжуд муаммо ва мураккабликлар ечимини комил инсон шахсида кўради ва буни асарларида зўр бериб тарғиб қилади. Шунинг учун ҳам “Фарҳод ва Ширин” достонининг бош қаҳрамонини комил инсон типида яратади. Унинг илмда, истеъдодда, жасоратда, куч-қувватда камолга етишганини ҳар бир ҳаракати, ҳар иши билан исботлайди[2]. Мутафаккир комил инсонни тарбиялаш орқали мавжуд мураккабликларни осон ҳал этишнинг мақбул йўлларини кўрсатади.

Буюк шоир асарлари моҳиятини халқлар дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлаш воситасида жаҳонда тинчликни қарор топтиришга оид эзгу ғоялар ташкил этади:

Кўнгулни олса малоҳат била тафовути йўқ,
Хитоий ўлсину ё армани ва ё ҳинду…
Навоий этти ўзин уйла турк ҳиндуси
Ки, аҳли Чину Хито бўлдилар анга ҳинду[3].

Алишер Навоий халқларни дўстликка чорлаб, бугунги кунда айрим миллатлар, халқлар ва давлатлар ўртасида юз бераётган ҳарбий-сиёсий можаролар, биродаркушлик урушларининг олдини олишга чақиради гўё.

Ҳазратнинг асарларидаги бадиий қаҳрамонлар турли халқ вакиллари экани ҳам рамзий маънога эга. Шоир ўзининг комил инсонга хос ахлоқий идеалини Чин (Хитой) ҳоқонлиги шаҳзодаси Фарҳод, Арманистон маликаси Ширин, арабий ошиқ Қайс, араб қабиласининг гўзал қизи Лайли, шунингдек, Юнонистон буюк фарзандлари Суқрот, Арасту, Афлотун, Искандар Зулқарнайн сингари тарихий шахслар образларида ифодалайди. Бири чин, бири армани, бири араб, бири юнон, бири ҳинд, яна бири форс миллатига мансуб бу қаҳрамонларни бирлаштириб турган омил мақсаднинг бирлиги, яъни чинакам инсонийлик эканини алоҳида таъкидлайди[4]. Ҳозирги кунда глобаллашув деб аталаётган дунё миқёсидаги бирлик ва ҳамжиҳатликка оид эзгу ғояларни шоир ижодида бундан беш юз йил бурун акс этиши мутафаккир синергетик тафаккур воситасида узоқ келажакни олдиндан кўра олганининг далилидир.

Шоир “Лисонут тайр” достонининг “Маърифат водийси васфи” деб номланган фаслида “маърифат йўлида Ҳақ (Худо)ни танишнинг юз туман йўли бўлиб, ҳар бир кимса ўз йўлидан қатъий боради”, дейилади.

Мунда соликка тафовут бўлди фош,
Анга меҳробу мунга бут бўлди фош.
Бўлди ўз ирфони ҳар кимга сифат,
Кўп тафовут қилди пайдо маърифат[5].

Демак, маърифат йўлида ҳар кимнинг эришган илми ўзига сифатдир. Ушбу йўлдагилар ўртасида тафовутлар бўлса ҳам, аслида ҳаммасининг мақсади бир.

Ушбу ғояни Алишер Навоий бир гуруҳ кўзи ожиз инсонларнинг фил билан учрашуви тўғрисидаги ҳикоятида янада ёрқин баён этади. Унга кўра, мусофирлик ёки асирлик сабабли Ҳиндистонга келиб қолган бу одамлар олдига фил келтирилади. Улар бу баҳайбат жониворни қўллари билан пайпаслаб, ўз тасаввурини айтиб беради. Бири филнинг оёғини ушлаб, “бу сутун (Ёғоч устун) экан”, дейди, филнинг қорнига қўлини қўйган айтадики, “бу Бесутун” (Беҳустун тоғи), хартумини тутган “Аждаҳо авлодидан экан”, дейди, тишларини сийпалаган киши “У икки суякдан иборат экан”, деб хитоб қилади. Думини ушлаган эса уни осилиб турган илонга қиёслайди. Бошини пайпаслаган киши уни бир қоянинг тумшуғи дейди. Қулоғига қўл теккизган киши эса “қимирлаб турган икки елпиғич экан”, дейди.

Бу жавобларга қулоқ солиб турган ҳинд файласуфи “Уларнинг фил хусусидаги тасаввурлари зиддиятли ва тартибсиз бўлса-да, ҳар бири ўз билганича сўз айтди, улар билдирган сифатлар бир ерга жам қилинса, фил ҳақида муайян тасаввур ҳосил бўлади. Демак, уларнинг ҳар бири ўзича ҳақдир”, деган хулосага келади[6].

Бундан ҳақиқатни англаш учун объектни ночизиқли ёндашув воситасида ўрганиш кераклиги аён бўлади.

Мазкур ҳикоят гносеологик жиҳатдан аҳамиятли бўлиб, бошқаларнинг фикр-мулоҳазаларига ҳурмат билан қарашни, бағрикенгликни тарғиб этади. Бундан ҳар кимнинг ўзича ҳақлиги ва бунинг учун уни айблаш ноўринлиги, фикрлар, билимлар жамликда моҳиятни очиб беришга хизмат қилиши маълум бўлади. Ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойиллари жамият ҳамжиҳатлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Фил тўғрисидаги зиддиятли тасаввурлар аслида кўзи ожизлар тафаккури зиёсининг қамраб олиш майдони торлигидан келиб чиқаётган хатолик бўлиб, бу моҳиятни тўғри англаш учун унга кўп муқобилли ёндашув зарурлигини кўрсатади.

Инсонга танлаш ихтиёри берилган бўлса-да, ушбу танловда ҳар доим ўз манфаатларини бирламчи деб билиш унда табиат ва жамиятга нисбатан нотўғри муносабат шаклланишига олиб келиши мумкин. Инсон ижтимоий муносабатларга киришишда маънавий-ахлоқий мезонларни тўғри танлаб, инсонпарварлик меъёрларига, оқилона тамойилларга таянса, ҳаётий танловлари ўзининг ва атрофдаги инсонларнинг ҳаётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоий маънавий меросида бағрикенглик, инсонпарварлик, халқпарварлик каби эзгу тамойиллар тарғиби устуворлик касб этади. Мутафаккирнинг ушбу фалсафий қарашлари халқлар дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга юксак ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

[1] Делокаров К.Х. Проблемы Российской идентичности в контексте современных вызовов // Ислам в современном мире. –Москва, 2015. Том 11. –№ 3. –С.121-122.
[2] Фитрат А. “Фарҳод ва Ширин” достони тўғрисида // Танланган асарлар. 2 т. –Т.: Маънавият, 2000. –Б. 116.
[3] Навоий А. Хазойин ул-маоний: Наводир уш-шабоб. МАТ. 20 томлик. 4 т. –Т.: Фан, 1989. –Б. 373.
[4] Холиқова Н. Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ [Электрон ресурс] // Academic Research In Educational Sciences Volume 2 | ISSUE 2 | 2021 ISSN: 2181-1385 Scientific Journal Impact Factor (SJIF) 2021: 5.723 Academic Research, Uzbekistan 624 www.ares.uz (Мурожаат санаси: 23.02.2022)
[5] Навоий А. Лисонут тайр (Қуш тили). –Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991. –Б. 250-251.
[6] Навоий А. Лисонут тайр (Қуш тили). –Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991. – Б. 252-254.
Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …