Ҳозирги кунда тариқатга эргашиш керак, мусулмон киши у сиз яшаб бўлмайди, дея кўплаб инсонларни ўз йўлига эргаштираётган кимсалар мавжуд. Тариқат ҳақиқатдан ҳам мусулмон киши эргашиладиган, мусулмон киши ҳаётининг мазмуни бўлган, ҳамда одоб-ахлоқ дастури саналадиган йўлдир. Аммо бу ким тариқатга эргашиш даъвоси билан чиқса унга эргашиш керак дегани эмас. Зеро бу тарғиботни қилаётганларнинг ҳаммаси ҳам тариқатнинг асл моҳиятини англаб етган эмас. Шунинг учун бу борада комил муршидни топиш даркор. Ундан ташқари асл тариқат моҳияти нимадан иборат эканини бизларга ўргатадиган, аҳли тасаввуф устозлар томонидан ёзилган мўътабар китобларни мутолаа қилиб, ўрганиб бориш мақсадга мувофиқ.
Бу борада ўрнак бўладиган бобокалонларимиз ҳамда улар ёзиб қолдирган манбалар талайгина. Шулардан бири буюк тасаввуф намояндаси Нажмиддин Кубро (р.а.)дир. У киши биз мусулмонларга ўрнак бўладиган бир қанча манбаларни битган бўлиб, уларнинг ҳаммаси ўз ўрнида мўътабар, аҳамиятли манбалардир. Ана шулардан бири у кишининг «Одобус суфийя» (Сўфийлик одоблари) асари бўлиб, бу асар айни тасаввуф, тариқат, сулук соҳиблари ҳақида бўлиб, ҳалигача тадқиқотчилар томонидан кенг ўрганилиб жамоатчиликка тақдим қилингани йўқ.
Шундай экан тасаввуф ва тариқат борасида асл манба саналадиган шу каби асарларни ўрганиш, уни тадқиқ қилиш ҳамда унинг мазмун моҳиятини кенг жамоатчиликка тақдим қилиш биз каби исломшунос тадқиқотчиларнинг зиммасидаги вазифадир. Зеро бу каби асарлар юртдош олимларимиз томонидан бир иккитагина битилмаган. Агар улар томонидан ёзилган асарлар манбалар хазинасидан қидирилса биз ҳали номини ҳам эшитмаган бир қанча асарлар битилганини аниқлаш мумкин. Кубровийя тариқати асосчиси, буюк мутасаввиф Нажмиддин Кубронинг Одобус суфийя асари ҳам ана шундай асарлар сирасига киради. Чунки у кишининг биз учун энг машҳур ва эътироф қилинган «Усулул ашар» (Ўн асос) асаридир.
Нажмиддин Кубронинг «Одобус суфия» асари бизнинг диёрларда нашрдан чиқмаган. Изланишлар натижасида у кишининг бу асари Эрон ислом республикасининг пойтахти Теҳрон шаҳрида «Кутубхонайи Мажлиси шўройи миллий» номли кутубхонада 78058\7741 инвертар рақам остида сақланаётганлиги аниқланди. Илмий изланишлар олиб бориш, асарни тадқиқ қилиш мақсадида кутубхонанинг расмий веб сайти “كتابخانة إسلامي وتصوف” (исломий ва тасаввуфга доир китоблар кутубхонаси)дан китобнинг электрон шакли юклаб олинди.
Ушбу қўлёзма асар фақат Нажмиддин Кубронинг Одобус суфийя асари билангина кифояланмай Саъдуддин Хуросонийнинг «Тафсири ирфоний», ҳамда «Мунтахобут таврот» асарларини ҳам қамраб олган
Асар тасаввуф илмига доир бўлиб, форс тилида ёзилган. У ўз ичига еттита бобни қамраб олади. Ҳар бир бобда соликнинг одоблари босқичма-босқич ёритиб борилади.
- الباب الأول فى لبس الخرقة Сўфийлик хирқасини кийиш[1]
- باب دوم در نشست وخاست صوفی Сўфийнинг ўтириб туриши ҳақида[2]
- باب سیم در رفتن خانقاه Хонақоҳга бориш одоби ҳақида[3]
- باب چهارم در طعام خوردن Овқатланиш одоби[4]
- باب پنجم در دعوات Меҳмонга бориш ва меҳмон кутиш одоби[5]
- باب ششم در سماع Симо (эшитиш) тўғрисида[6]
- باب هفتم در سفر کردن Сафар одоблари[7]
Нажмиддин Кубро биринчи бобни баён қилар экан, гапни бундай бошлайди:
«هر كرا إرادت إين راه پدید آید وخاهدکه خرقه پوشد بایدکه از دست پیری پوشد»[8]
Яъни: «Ҳар ким бу йўлни ирода қилса ва тариқат хирқасини кийишни хоҳласа уни пирнинг қўлидан кийсин».
Бундан хулоса қилинадики тариқат йўли мустақил изланишлар билан ёки китоб мутолаа қилиш билан ўзлаштириладиган йўл эмас. Балки, ҳар бир солик бунинг учун бир пири комил, муршид устозни топиши ва унинг этагини тутиш лозимдир. Ундан ташқари ҳар хил ижтимоий тармоқлари ҳам илм манбаи ёки бу йўлни тутиш воситаси эмас. Соликнинг йўлнинг аввалида қиладиган бирламчи иши унга тўғри йўлни кўрсатадиган устоз топишдир. Ҳозирги кунда тасаввуф йўлини тутишда кўп янглишишлар шу устозсизликдан ёки устозни тўғри танлай билмасликдан дейиш мумкин.
Нажмиддин Кубро асарни давом эттирар экан яна қуйидаги ибораларни келтиради:
«که اورا علم طریقت وشریعت وحقیقت باشد وعالم باشد باصول دین وعارف بود بآداب شریعت وواقف بود بر اسرار طریقت وحقیقت که تا چون مرید را اشکالی افتد در شریعت بعلم خویش بیان کند«[9]
«Ўша пир шариат, тариқат ва ҳақиқат илмлари соҳиби бўлсин ҳамда усули динда олим, тариқатда ориф бўлсин. Шариат одобларини тариқат ва ҳақиқат сирлари орқали англаган бўлсин. Токим муридда шариат масалаларида бирор мушкулотга учраса ўз илми орқали уни уни муридга ечиб бера олсин».
Демак комил муршид, ҳақиқий ориф Аллоҳга етишиш керак бўлган барча воситаларни жамлаган, ўзлаштирган бўлади. Бунинг учун у учта: шариат, тариқат ва ҳақиқат йўлларининг соҳиби бўлиши керак. Афсусланарли жойи шуки ҳозирги кундаги аксарият ўзларидан муршид ясаб олган шахслар борки, улар ушбу уч йўлни жамлаш у ёқда турсин уларнинг биттасини ҳам моҳиятини тўлиқ тушунган эмас. Шундай экан тариқат йўлини тутмоқчи бўлган солик ўз устозининг мана шу йўллар соҳиби эгаси эканига ҳам эътибор қилиши керак бўлади. Муршид тариқатдаман десаю шариат илмларидан бехабар бўлса, ёки ҳақиқатга эришган ориф бўлмаса, унинг муршидлик даъвоси пучдир. Аслини олганда муршидлик даъво қилинадиган иш эмас. Зеро муршидни инсонларнинг ўзи қидириб борадилар.
Ундан ташқари Нажмиддин зикр қилган жумлалардан муршид илми ҳол эгаси бўлиши ўз муридларининг ҳолини билиб шунга яраша тавсия ва кўрсатма бера олиши зарур экани ҳам тушунилади. Чунки муршиднинг олдига ҳар хил савия, ҳар хил касб, ҳар хил дунё қараш эгаси бўлган муридлар келади. Табиийки уларнинг ҳолати бир хил эмас. Шундай экан улар учун бериладиган вазифа ва кўрсатмалар ҳам уларнинг ҳолатига боғлиқ бўлади. Муршид уларнинг ҳолатини тўлиқ иҳота қилмас экан, ўз муридлари учун керакли тавсияларни бера олмайди.
«وچون در حقیقت سری پیدا شود به بصیرت خویش تحقق آن باز نماید«[10]
Яъни: «Мурид ҳақиқатни англашда дуч келган сирларни ўз басирати орқали тушунтира олсин».
Демак мурид ўз ичидан ўтаётган барча ҳолатлардан ўз устозини воқиф қилиб туриши, бу ишларни ундан сир сақламаслиги лозим экан. Зеро бу ишларни бажармаслик унинг юксалиши, даражасини кўтарилишига тўсқинлик қилади.
Ундан ташқари устоз шогирдлик шу қадар мустаҳкам алоқа эканки киши ота-онасига, аҳли оиласи, бола-чақасига айта олмайдиган сир асрорларни ўз устозига ошкор қилади. Ҳамда устоз унинг дардига малҳам бўладиган тавсияни беради.
Эътибор қилинса соф тариқатда икки томон (муршид ва мурид)га ҳам мукаммал, жуда ҳам нозик талаблар қўйилган. Икки томон ўз масъулиятларини тўлиқ бажарсаларгина соф, тўғри тариқат шаклланади.
-
Нажмиддин Кубро. Одобус суфийя. – Теҳрон: «Кутубхонайи Мажлис шўройи Миллий». №= 78058/7741. Б.326.
-
Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияри аъламин нубало. – Байрут: «Муассасатур рисала», 1990. 22\111.
-
Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад ал-Жомий. Нафаҳотул унс. – Байрут, «Дорул кутубил илмийя», 2010. 2\574
-
Воиз Ҳаравий Ҳусайн ибн Али Кошифий. Рашаҳоту айнил ҳаёт фи манақиби машайихит торийқотин нақшбандийя ва адабуҳум ан-набавийяту ва асроруҳум ар-роббанийя. – Байрут, «Дорул кутубил илмийя», 2008. – Б. 570.
-
Али Акбар Деҳҳудо. Луғатнома. 104-жилд. – Теҳрон, «Теҳрон университети» нашри, 1965. – Б. 365.
-
Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавий маънавий, муқаддима. – Қобул. – Б. 8.
-
Н.Ибрагимов. Ибн Баттута И его путешествия по Средней Азии. – Москва, «Наука», 1988. – Б. 74.
-
Рубоийнома. Гузидан рубоиёт аз Рудакий Самарқандий. Теҳрон, 1372. – Б. 19.