Home / МАҚОЛАЛАР / МУҲАММАД АЛ-МУЪИЗЗИЙНИНГ “ТАСРИФ УЛ-АФ’ОЛ” АСАРИ САРФ ИЛМИ БЎЙИЧА МУҲИМ МАНБА

МУҲАММАД АЛ-МУЪИЗЗИЙНИНГ “ТАСРИФ УЛ-АФ’ОЛ” АСАРИ САРФ ИЛМИ БЎЙИЧА МУҲИМ МАНБА

Маълумки, Мовароуннаҳр минтақасидан араб тили ва унинг грамматикасини чуқур тадқиқ қилган ва дунёга машҳур асарлар яратган кўплаб олимлар етишиб чиққан.  Мазкур олимларнинг илмий меросини ўрганиш, сарф ва наҳв бўйича давримизга қадар етиб келган асарларини тадқиқ этиш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

      Шундай олимлардан бири Муҳаммад ибн Аби ал-Қосим ал-Муъиззий бўлиб, унинг “Тасриф ул-аф’ол” асарини ушбу мақола доирасида тадқиқ қилиш мақсад қилинди.

Олимнинг таржимаи ҳоли, унинг бошқа асарлари ҳақида маълумот деярли учрамайди. Унинг исми, асарининг номи, қандай сўзлар билан бошланиши ҳақида Хожа Халифанинг “Кашф ал-Зуннун”[1] асрида қисқа маълумот берилган.    

Муҳаммад ал-Муъиззийнинг ҳаётига оид маълумотлар кам булса-да, унинг бизгача етиб келган машҳур «كتاب التصريف المعزي» асари халқ орасида “المعزي في تصريف” ,  “   “المعزي ёки “تصريف المعزي” номлари билан танилган.

Тошкентда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ушбу асарнинг 7 қўлёзма нусхаси сақланиб келмоқда. ( 10455; 12018; 10461; 12214, 12147; 11743; 10326).

Бу асарнинг ЎзР ФАШИ қўлёзмалар фондида сақланаётган нусхаси Султон Абдулаҳадхон даврида яратилган мажмуа китобидан жой олган бўлиб, бу мажмуа китоблар савдо-сотиғи бўйича тижорат қилувчи Мулла Султон ибн Мулла Собир ал-Бухорий талабига биноан 1324 ҳижрий йилда Бухорои Шарифда «Дорул Султон» да кўчирилган. Ушбу мажмуа китоб саҳифаларининг марказига асар матнлари ёзилган бўлиб, сўнг мазкур матнларга ал-Мавло Асомиддиннинг форс тилидаги шарҳи кўчирилган. Шарҳнинг теварагига Тавла Ҳасан из-Зибарийнинг ҳошия (яъни супрокоментарий)си кўчирилган.

Эрон кутубхоналари фондларида рисоланинг кўплаб нусхалари мавжуд бўлиб, аксарияти “تصريف الأفعال” номи билан ёки номаълум ном билан кўрсатилган. Бундан ташқари, мазкур рисоланинг икки нусхаси “المعزي في تصريف” номи билан Шамсиддин Муҳаммад ибн Абу ал-Қосим Муиъззига нисбат қилиб келтирилган. Мазкур рисола айнан шу сўз боши ва тахминан шу хусусиятлар билан Кашф Аз-Зунунда айнан шу муаллиф қаламига мансуб эканлиги кўрсатилган. Ўрганишлардан сўнг маълум бўлишича Эрон миллий кутубхонасига рисоланинг “تصريف الأفعال” номи билан 19 та нусхаси мамлакат ичкарисида қабул қилинган ва шунингдек 10 та хорижий нусхаси мавжуд. Булардан бир нечта нусха Миллий кутубхонада мавжуд. Бу китобни Муҳаммад Мир Муқаллад “Шархул абвобу рисолатул тувфиқ” номи билан форсий шарҳини бериб, бир нусхаси Физийеда ва бир нусҳаси ташқи ишлар вазирлиги кутубхонасида мавжуд.  “Кашфул Зунун”нинг таърифи мазкур рисола Муиъззий тегишли эканлигини англатади. Матнда муаллифга ишора бўлмаганлиги учун кўпроқ китобнинг бошидаги иборани ишлатган. Унга “Тасриф  ал-афьал” деб ном берган ва бу бир неча бор такрорланган.[2]

Бирлашган Араб Амирликларининг “Жума ал-Мажид” маданий мерос марказининг электрон порталида рисоланинг “المعزي في التصريف” номи билан  турли фондлардаги 137 нусхаси келтириб ўтилган. Кўрсатилган нусхалар Саудия Арабистонинг Подшоҳ Сауд университети кутубхонасида, Мадина масжиди кутубхонасида, Ҳиндистоннинг ал-Носирия кутубхонасида ва шахсий кутубхоналарда ҳам сақланаётганлиги кўрсатилган[3].

Сақланаётган қўлёзмаларнинг энг қадимийси ҳижрий 1067/ милодий 1657 йилда хаттот Малик Аҳмад ибн Малик Пирмуҳаммад ал-Фаруқи томонидан ёзилган, энг янгиси ҳижрий 1315/ милодий 1897 йилда ёзилган. Асарнинг турли фондларда сақланаётган нусхалари 3 бетдан 30 бетгача ҳажмда кўрсатилган. Бундан барча қўлёзмалар ҳам тўлиқ ҳолда сақланиб қолмаган ёки хаттотлар турли хат турлари билан ёзганлар деган хулосага келиш мумкин.       

Жума ал-Мажид” маданий мерос марказининг электрон порталида кўрсатилишича Ҳиндистоннинг ан-Носирия кутубхонасида сақланаётган Шамсиддин Муҳаммад ибн Абу ал-Қосим Муиъззининг тегишли бўлган рисола “الرسالة البرهانية المعزي في التصريف” номи билан сақланмоқда.

XIX аср охири XX аср бошларида татарлар томонидан бу китоб кўп марта тош босма шаклда чоп этилган. Жами 1500 дан 6000 гача бўлган ададда 22 маротаба нашр қилингани маълум. Бу мазкур рисола Татаристон мадрасаларида ўқув қўлланма сифатида кенг истеъмолда бўлганлигидан далолат беради.

XX аср бошларига келиб асарнинг шуҳрати бир мунча камаяди ва 1913 йилга келиб “Қозон, Уфа, Сасара, Вять, Оренбург ва Симбирск губернияларидаги мусулмон конфессионан мактабларида қабул қилинган ўқув дарсликлари рўйхати” да кам қўлланиладиган китоблар рўйхатига таниқли бўлмаган форс муаллифлари Абдуллоҳ ва Муъиззи киритилган. Лекин рисоланинг 1913 йилда ҳам “Центральная”, 1915 йилда “Каримия” босмахоналарида чоп этилганлиги унга бўлган эҳтиёж ҳали ҳануз мавжуд бўлганлигидан далолат беради.[4]

Маълумки, қадимда асарлар кўпинча хаттотлар томонидан ўз соҳасига, йуналишига кўра бир-бирига яқин бўлган бир қанча олимларнинг асарларини ўз ичига жамлаган мажмуа сифатида кўчирилган. Муҳаммад ал-Муъиззийнинг Тасриф ал-афъал асари ҳам кўп холларда мана шундай тўпламлар таркибида кўчирилган. 

Муҳаммад ал-Муъиззийнинг Тасриф ал-афъал асари Бухоро мадрасаларида бошланғич мактаблардаги араб тили дарсларини такрорлаш сифатида иккинчи йили дарслик сифатида ўқитилган[5].

Садриддин Айний ўзининг эсдаликларида Бухородаги мадрасалар дарс программаси ва ўқув китоблари ҳақида гапириб, мадрасаларда талаба араб сарфига оид бўлиб, араб тилида ёзилган «Муиззий» ва «Занжоний» деган китобларни, сўнгра араб тили наҳвига оид бўлиб, араб тилида ёзилган «Авомил» номли китобчани ўқир ва бу китобчалардаги арабча сўзларни жумлама-жумла тожикча таржимаси билан ёдлаб оларди[6], деб келтирган.  Бу ерда «Муиззий» дейилганда Муҳаммад ал-Муъиззийнинг Тасриф ал-афъал асари, «Занжоний» эса Абдул Ваҳҳоб ибн Иброҳим аз-Занжоний аш-Шофеъийнинг “ал-Иззи фи илми -с- сарф ” асари назарда тутилган.

Баъзи тадқиқотчилар бу икки муаллифни яъни “Муъиззи” ва “Иззи”ни битта муаллиф деб ҳисоблайдилар. Араб тилининг татар тилига таъсирини ўрганган Россиялик тадқиқодчилардан А.М.Салахов ”Тасриф ал-Афъал” рисоласини “Сарф Муъиззи” номи билан тилга олиб, уни феълларнинг тусланишига бағишланган ўқув рисоласи деб атайди[7], Р.Р.Сафиулина التصريف المعزي номаълум муаллифга тегишли рисола бўлиб, уни Иззуддин Занжонийга тегишли дейилади деб келтирган[8].  А.Фаттахова Иззуддин аз-Занжанийнинг  تصريف العزي  асари ҳақида берган маълумотида асар бир неча номлар билан тарқалганлигини айтиб, “Сарф ал-Муъиззи” ҳам унинг номланишларидан бири дейди[9].

Муъиззийнинг “Тасриф ал-Афъал” рисоласи Иззуддин аз-Занжанийнинг “Тасриф ал-Иззи” асарининг номларидан бири деган фикр янглиш фикр эканлигини бир неча жиҳатдан ўз исботини топади:

биринчидан: Тасриф ал-Афъал асари “الحمد لله على نعمائه والصلاة على رسوله”  жумласи билан бошланади.  Иззуддин аз-Занжанийнинг “Тасриф ал-Иззи” асари эса الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على سيدنا محمد وآله أجمعين сўзлари билан бошланади.

иккинчидан: “Тасриф ал-Афъал” асари фақатгина араб тилидаги феълларни, феълларнинг ясалиши, улардаги ўзгаришлар, уларга қўшиладиган қўшимчалар ҳақидаги қоида ва мисоллардан иборат ўқув рисоласи бўлиб,  Иззуддин аз-Занжанийнинг “Тасриф ал-Иззи” асари эса араб тилидаги сарф илми бўйича ёзилган фундаментал асарлардан бири ҳисобланади.

учинчидан:   “Тасриф ал-Иззи” асари ҳижрий 655, милодий 1257 йилда ёзилган, “Тасриф ал-Афъал” асарининг ёзилган санаси номаълум бўлса-да, у асосан XIX ва XX аср бошларида истефодада бўлган. Агар “Тасриф ал-Афъал” рисоласи ҳам Иззуддин аз-Занжанийнинг қаламига мансуб бўлганда, у ҳақидаги маълумотлар   XIX асрга қадар бўлган даврдаги манбаларда тилга олинган бўлар эди.

тўртинчидан:  XIX ва XX аср бошларида Ўрта Осиё мадрасаларида таҳсил олган талабалар хотираларида мадраса таълим тизимида “Муъиззий” ва “Занжоний” китоблари алоҳида китоб сифатида тилга олинган.[10] 

Бундан ташқари “Тасриф ал-Афъал” ва “Тасриф ал-Иззи” асарларидаги мавзунинг берилиши, феълларнинг таснифланиши бир биридан кескин фарқ қилади. Бу ҳолатлар мазкур икки асарлар битта асарнинг икки хил номланиши эмаслиги ва бир муаллифнинг икки турли асари эмаслигини исботлайди.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, Муҳаммад ал-Муъиззийнинг “Тасриф ал-афъал” асари араб тилидаги феъллар таснифи бўйича яратилган мустақил рисола бўлиб, ҳозирги кунда ҳам араб тили грамматикасининг асоси бўлмиш наҳв ва сарф илмларини ўрганувчилар ва тадқиқотчилар учун муҳим манба ҳисобланади.

[1]    حاجى خليفة. كشف الظنون عن اسامى الكتب و الفنون. بيروت. 1981. ج 2. ص. 1740
[2] www.manuscripts.ir/ar/ ملاحظاتي-در-باب-فهارس-جديد-كتابخانه-ملي-ايران-قسمت-چهارم-جلد
[3]  www/almajidcenter.org/search_details
[4] Сафиуллина, Р.Р. Арабская книга в духовной жизни татарского народа / Р.Р. Сафиулина. – Казань: Алма-Лит, 2003. – Б. 148 (211)
[5] Бобожонова Ф. Бухоро амирлигида таълим тизими (XIX аср охири –  XX асрнинг бошлари). Т.: Adib. 2014 – Б. 52 (128Б)
[6] Айний С. Эсдаликларю /Асарлар. V. Т.: Бадиий адабиёт нашриёти. 1965- Б. 166.(312)
[7] Салахов А.М. Развитие татарской грамматической теории (на материале грамматик татарского и арабского языков XIX – нач. XX века). Казань: ИЯЛИ, 2017. Б– 35 (184)
[8] Сафиуллина, Р.Р. Арабская книга в духовной жизни татарского народа / Р.Р. Сафиулина. – Казань: Алма-Лит, 2003. – Б. 147 (211)
[9] Фаттахова А. Учебники арабского языка татарских авторов конца XIX – нач. ХХ вв. в книжных хранилищах Казани. Журнал Минбар (Исламские исследования) 2011, Т. 4, № 1 Б. 29 (105)
[10]  қаранг Айний С. Эсдаликларю /Асарлар. V. Т.: Бадиий адабиёт нашриёти. 1965- Б. 166.(312),  Бобожонова Ф. Бухоро амирлигида таълим тизими (XIX аср охири –  XX асрнинг бошлари). Т.: Adib. 2014 – Б. 52 (128Б)
Акбар КАЗАКБАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар кафедраси мудири

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …