Бадриддин Айний – буюк имомларнинг имоми, ўз асрининг ҳуффоз шайхи, фақиҳ. Тақводор, қозиюл қуззот, шайхулислом Бадриддин Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Юсуф ибн Маҳмуд Ҳалабий асли Айнатобийда[1] 762 ҳижрий сана рамазон ойининг 17 кунида[2] таваллуд топган ва ўша ерда улғайган. Сўнг Қоҳирага кўчиб борган ва шу шаҳарда вафот этган. Ал-Бадр Ал-Айний номи билан танилган. Нақлий ва ақлий билимларда ўз асрининг пешвоси, фуруъ ва усул масалаларида замонасининг ягонаси бўлган. Илмий баҳсларда афзал томонлари билан буюк олимлар орасида ажралиб турган. Ҳадис, фиқҳ, тарих, араб грамматикаси ва бошқа мавзуларга оид китоблари билан бу оламнинг илм хазинасини тўлдирган.
Аллома яқин дўсти Ибн Ҳажарнинг вафотидан уч йил ўтиб, 855 ҳижрий сана зулҳижжа ойининг тўртинчи куни, чоршанба кечаси 93 ёшида вафот этган. Тонгда Қоҳирадаги “Жомеул Азҳар” масжидида жанозаси ўқилганидан сўнг ўзи дарс берган мадраса ҳовлисига дафн этилган. Бир йилдан кейин унинг ёнига “Шарҳу Қастолоний” муаллифи – аллома Шаҳоб Қасталоний дафн қилинган[3].
Бадриддин Айнийнинг асарлари жуда кўп бўлиб, қуйида уларнинг дурдоналарини келтириб ўтамиз:
- “Умдатул қорий фи шарҳи “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” лил Бухорий” (21 жилддан иборат);
- “Каҳбул афкор фи танқийҳи мабанил ахбор”;
- “Шарҳ Сунани Аби Довуд” (2 жилддан иборат);
- “Такмилул атроф”;
- “Ал-бинояту фи шарҳил Ҳидоя” (10 жилддан иборат);
- “Шарҳу марол арвоҳ” (Бадриддин Айнийнинг биринчи китоби бўлиб, 19 ёшида ёзиб тугатган);
- “Шарҳул авомилил Журжоний”;
- “Тазкиратун наҳвийя”;
- “Иқдул жаман фи таърийхиз заман” (25 жилддан иборат);
- “Шарҳ Мухтасарул виқоя”;
- “Зайнул мажолис ва шориҳус судур” (8 жилддан иборат);
- “Табақотул ҳанафийя”;
- “Шарҳул манор фил усул”;
- “Табақотуш шуаро”;
- “Ал-Ҳавоший ала шарҳил алфия”2.
Бадриддин Айнийнинг китоблари шу даражада кўп эдики, ўз замонасида Ҳофиз Ибн Ҳажардан бошқа ҳеч ким унга тенг кела олмаган. Шубҳасиз, китобларининг энг сараси “Умдатул қорий фи шарҳил Жомиис саҳиҳ лил Бухорий”дир. 21 жилддан иборат бу асар “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган энг кенг, мукаммал шарҳ саналади. Бадриддин Айний уни 821 йилда бошлаб, 847 йили, яъни 26 йил деганда тамомлаган. Ибн Ҳажар ва унинг шогирдлари бу асар дунё юзини кўрганда саросимага тушиб қолди[4].
Аллома Ибн Ҳалдун бундай деган эди: “Албатта, “Саҳиҳул Бухорий”га шарҳ ёзиш уммат зиммасидаги қарздир, лекин уни адо этиш ҳеч бир олимга насиб этмади”. Аллома Ибн Ҳажар ва Бадриддин Айнийнинг шарҳлари битгунга қадар яшаганида, шубҳасиз, уларни қарзнинг адо этилиши, деб ҳукм қилган бўларди.
“Кашфуз зунун” муаллифи Ҳожи Халифа Бадриддин Айний ва Ибн Ҳажарнинг шарҳларини даражада тенг деб ҳукм қилган бўлса, Имом Саҳовий бу борада устозига (Ибн Ҳажарга) ён босган. Аммо равшани шуки, инсоф назари билан қараган олимлар наздида бу борада Бадриддин Айнийнинг насибаси кўпроқ.
Илм Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг улуғ, фазилат жиҳатидан чеки йўқ неъматларидан бўлиб, Бадриддин Айнийнинг шарҳи бунинг гўзал, улкан намунасидир. Муаллифни ушбу шарҳни ёзишга ундаган сабаблар:
- Бадридин Айний айтади: “Аллоҳ менга берган фазилатни беркитмасдан ошкор қилиш ва ато этилган илм неъматининг зиёда бўлиши учун бу шарҳ ёзилди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, шубҳасиз, (бу неъматларимни) сизлар учун (янада) зиёда қиламан”[5]. Шукрнинг белгиси илмни ошкор қилишда, деб билдим”.
- Аллома бундай дейди: “Бу шарҳ ёзилишининг энг асосий омилларидан бири дўстларимнинг кўпдан-кўп дуоларидир. Ушбу китобнинг санади Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳга икки йўл билан – икки буюк муҳаддис олим орқали етиб боради”.
Бадриддин Айний ишора қилган бу икки олимнинг бири шайхулислом, Миср ва Шом ҳофизи Зайниддин Абдураҳим ибн Абу Маҳосин Ироқийдир (ваф. 860 й). Ибн Абу Маҳосин Имом Бухорийнинг тўпламини Абу Аббос Аҳмад ибн Али ибн Юсуф Дамашқийдан, у эса Абу Амр Усмон ибн Абдураҳмон ибн Рошиқ Рубаийдан ривоят қилган. Шу тахлит бир неча ровий орқали ривоятлар санади Имом Бухорийга етиб боради.
Иккинчи олим – шайх, муҳаддисул кабийр Тақиюддин Муҳаммад ибн Муиниддин Муҳаммад ибн Зайниддин Абдураҳмон ибн Ҳайдар ибн Зайниддин Дужавий Мисрий. У “Саҳиҳул Бухорий”ни ибн Тақий Моликий номи билан машҳур бўлган шайхулимом Қозий Шаҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммаддан, у эса Зайниддин Абу Қосим Абдураҳмон ибн шайх Абу Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳорун Саълабийдан ривоят қилган.
Бадриддин Айний камтарлик билан инсон хатолардан холи эмас, дейди ва асарларини ўқиган толиби илмлардан аввалдан узр сўраб, бир байт келтиради:
Агар айбни топсангиз нуқсонини беркитинг,
Зеро, айбсиз фақат улуғ ва олий бўлган Зотдир.
“Умдатул қорий” асари уломалар наздида
Абу Маолий муаллиф ҳақида бундай дейди: “Бадриддин Айний уламолар пешқадами, қуввайи ҳофизаси ноёб, мукаммал илм эгаллаган, ўз асрининг шайхларидан, замонасининг муҳаддиси, ҳаққа қарши чиқувчиларга қарши Аллоҳ таолонинг ҳужжати, бидъатчилар зарарига Раббимизнинг буюк далили эди. Ҳазрат Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ини шу даражада шарҳладики, бирор шарҳ нозиклик, услубининг чиройлилиги ва фойдаси жиҳатидан бу асарга тенг келмайди[6].
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Манбалар хазинасида “Умдатул қорий”нинг тошбосма нусхаси сақланмоқда.
Энди мазкур шарҳнинг ўзига хос жиҳатларини очиб беришга ҳаракат қиламиз.
Асарнинг асосий ғояси умумбашарий одоб-ахлоқни гўзал тарзда намоён этиш, тўрт мазҳабга тааллуқли, хусусан, ҳанафий йўналишидаги масалаларни аниқ ҳужжат ва далиллар билан равшанлаштириб беришдан иборатдир.
Тошбосма нусхага келсак, унинг биринчи жилди – муқаддима. Иккинчи жузда умумбашарий ахлоқ-одоб баён этилган, тўрт мазҳабга тегишли масалалар насс (ҳужжат, аниқ далил) билан ойдинлаштирилган.
804 саҳифадан иборат 20х28 ўлчамли ушбу нусха 847 ҳижрий санада Мисрдаги “Омирий” нашриётида босмадан чиққан. У китобларга, китоблар бобларга ажратилган. Бобларда ҳадислар асл матндаги тартиб билан кетма-кетликда шарҳланган.
Муаллиф китобни ёзишда ўзига хос услуб қўллагани боис ўқувчи матн ва шарҳни ҳеч адашмасдан, бир қарашда фарқлай олган. Асосий матн “Сод” (ص) ҳарфи билан келтирилган бўлса, шарҳ “Шин” (ش) билан баён этилган. Китобнинг қаттиқ муқовасидан кейин икки варақ бўш. Бу ўзига хос муҳофаза услубларидан. Учинчи варақнинг иккинчи бетида мундарижа келади. У “Ғусл” китобидан бошланиб, 19-бетда “Тунги намоз” боби билан тугайди. 19-бетда шу жузда келган исмлар, кунялар, лафзлар араб алифбосига кўра тартибланган. Бу Ибн Асир ўз китобларида саҳобаларнинг исмларини тартиб билан келтирганига ўхшайди. Шунингдек, қайси шарҳ қайси саҳифада келганини билдириш учун ўша саҳифанинг рақами, агар икки бор келган бўлса, икки бетнинг рақами келтирилган. Алифдан мисол келтирамиз:
- Афлаҳ ибн Ҳамид;
- Уммуҳоний;
- Иброҳим ибн Мусо ибн Зайд.
“Бе” ҳарфига мисол:
- Бишр ибн Ҳолид Аскорий;
- Бишр ибн Муфаззал Бурайра;
- Абу Бакр Усмон.
“Те” ҳарфига мисол:
- Ат-Таннур;
- Абу ат-Тиёҳ.
Номаълум сабабларга кўра китобнинг биринчи варағи йўқ. Ушбу нусха учинчи бетдан, айтилганидек, “Ғуслдан олдин таҳорат олиш боби” билан бошланган. Бу бобда Имом Бухорий иккита ҳадис ривоят қилган. Асардаги тартиб бўйича келтирилган ҳадислар рақами – 248, 249. Жилднинг сўнггидаги “Тунда намоз ўқиш” бобида ҳам иккита ҳадис бор. Матн бўйича тартиб рақамлари – 730, 731. Демак, “Умдатул қорий”нинг иккинчи жузида жами 483 ҳадис шарҳланган. Шу билан бирга, битта ҳадисни неча киши ривоят қилган бўлса, барчаси номма-ном санаб ўтилган. Ҳадислар сонининг саҳифаларга нисбати 1,66 фоизни ташкил қилади.
Бадриддин Айний ҳанафий олим сифатида тўрт мазҳаб орасидаги масалаларни ҳам ёритиб ўтган. Шундай масалалардан бири – “Қуёш ботишидан олдин аср намозининг бир ракаатига улгурган киши ҳақида”ги бобнинг биринчи ҳадисини олиб кўрамиз. Матн: Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиздан бирингиз аср намозининг саждасига қуёш ботишидан олдин улгурса, намозининг қолганини ўқиб тугатсин ва кимки бобдод намозидан бир саждага қуёш чиқишидан олдин улгурса, намозини ўқиб тугатсин”. Бу ўринда саждадан мурод ракатдир.
Демак, аср намозининг бир ракатига улгурган киши намозини ўқиб тугатиб қўяди. Ҳадис у намоз бўлишидан далолат бермоқда. Худди шундай, қуёш чиққунча бомдод намозининг бир ракатини ўқишга улгурса, у ҳолда ҳам ўқиб тугатиб қўяди. Бу ҳам намоз бўлади. Мазкур ҳадиси шарифдан олинган аниқ ва равшан далил шудир. Энди тафсилотга келадиган бўлсак, аср намози масаласи тўрт мазҳаб олимлари томонидан иттифоқ қилинган, аммо бомдод хусусида Имом Шофеий, Имом Молик ва Имом Аҳмад наздида шундай, яъни матнда келган фиқҳий ҳукм сингаридир. Аммо Абу Ҳанифа мазҳабида бомдод намози қуёш чиқиши билан ботил бўлади. Чунки бомдод намозидаги алоҳида эътибор бериш лозим бўлган фиқҳий масала Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш чиқаётганда намоз ўқишдан қайтарганларидир.
Муаллиф айтади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш чиқаётганда намоз ўқишдан қайтарганлари ҳақида мутавотир ҳадислар бисёр, лекин айни шу вақтда намоз ўқиш мубоҳлиги (рухсат этилгани) тўғрисидаги ҳадислар саҳиҳ бўлса-да, улар мутавотир эмас. Бундан келиб чиқадики, бир ўринда қайтарилган ва мубоҳ ҳукмлар бир-бирига муқобил келса ва қайтарилган ҳукм кўпдан-кўп мутавотир ҳадисларда ривоят қилинган бўлса, мубоҳлиги мутавотир бўлмаган ҳукм мансуҳга (ҳукми тўхтаган, бекор қилинганга) айланади. Абу Ҳанифа ҳужжат қилиб келтирган ҳадислардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақти ўтиб кетган бомдод намозини қуёш найза бўйи кўтарилган пайтга қадар кечиктирганлари ва қуёш кўтарилишидан олдин у намозни ўқимаганларидир.
Шундай қилиб, ушбу ҳадиси муборак умумий ҳолда фарз, нафл ва хос нафл намозларига оид далилдир. Ҳадис “Сиздан бирингиз” дея якка шахсга мурожаат сифатида айтилган. Ҳанафийлар учун далил бўлган ҳадиси шариф эса оммага (эллик кишидан зиёд кишига), саҳобаларга қарата айтиляпти. Бу эса ҳукм жиҳатидан мазкур ривоятнинг аввалгисидан кучлироқ эканини англатади.
Ислом дини асрлар давомида барқарор сақланиб келганининг ўзиёқ у инсонлар табиатида чуқур илдиз отганидан, ўзига хос бир қанча вазифаларни адо этишидан далолат беради. Энг аввало, жамият, гуруҳ, алоҳида шахс маънавий ҳаётининг муайян соҳаси бўлган дин умуминсоний ахлоқ меъёрларини ўзига тўлиқ сингдириб олган, уларни жонлантирган, ҳамма учун мажбурий хулқ-атвор қоидаларига айлантирган. Маданият тадрижи ва ривожига катта таъсир кўрсатган. Шахс жамиятнинг бошқа аъзолари билан баҳамжиҳат яшашига кўмаклашган ва кўмаклашмоқда.
Хусусан, “Умдатул қорий”нинг “Китобул мазолим” бобида ҳозирги пайтда ислом динини ниқоб қилиб, экстремистик, террористик гуруҳларга қўшилиб олган, жамиятимиз тараққиёти ва халқимизнинг тинч-осуда ҳаётига таҳдид солаётган, адашиб мутаассиб бўлиб қолганларнинг тутган йўли нотўғри эканига доир кўплаб ҳадислар баён қилингани ва шарҳланганини кўриш мумкин. Масалан, “Мусулмон киши мусулмон кишининг оға-инисидир, унга зулм қилмайди” ҳадисининг шарҳида Бадриддин Айний бундай дейди: “Мусулмоннинг мусулмонга зулм қилиши ҳаромдир. Чунки ҳақиқий мусулмон ҳеч қачон ўз мусулмон дўстини ҳалокатга етакламайди”.
Бу ҳадис ва шарҳлардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, турли зарарли ва ёт оқимларга қўшилиб, халқимизнинг осойишта турмуши ва тинч-осуда ҳаётига таҳдид солаётган кимсалар чин мусулмон эмас. Шунинг учун мусулмонлиги ишончли бўлмай қолган, тўғри йўлдан тойган кимсаларни соф диёнат, инсоф ва адолат йўлига қайтариш зарурати ҳозир ҳар қачонгидан муҳимдир.
Таъкидлаш керакки, ислом дини том маънода ҳаёт фалсафасидир. У жамият аъзоларини энг юксак инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялайди, инсонпарварлик, халқпарварлик, адолат, ҳалоллик, бошқа динларга эҳтиром, олижаноблик, одоб-ахлоқни тарғиб этади. Буни чуқур англаб етмоқ, ислом тарихидан хабардор бўлиб, заминимиздан чиққан уламоларнинг ислом илм-фани тараққиётига қўшган буюк ҳиссасини билмоқ ҳар биримиз учун ғоят катта аҳамиятга эга.