Имом Бухорий санаднинг муттасил бўлишида имом Муслим ва бошқаларга нисбатан қаттиқ шарт қўйганидек ровийнинг адолатли бўлишида ҳам шартни қаттиқ қўядилар. Имом Муслим кишилар орасида таъна етганлар имом Бухорий кишилари орасидаги таъна етганлардан адади кўпроқ. Шу билан бирга имом Бухорий бундай кишилардан кўп ҳолларда ривоят қилмаган, балки ғолибо ўзи улардан ҳадис олган шайхлардан ҳадис ривоят қилган. Имом Муслим эса кўп ҳолларда мутақоддимлардан таъна етганлардан кўп ривоят қилган. Шубҳасиз, киши ўзи ривоят қилаётган шайхининг ҳадисини бошқалардан кўра билувчироқ бўлади.
Имом Бухорийда бундай кишилар 480 дан зиёд ва шулардан 80 таси заиф деб, таъна қилинган. Имом Муслимда эса, бундай кишилар 620 та бўлиб, шулардан 160 тасида таъна қилинган.[1]
“Зобт” – сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса: “Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушлашини таъминловчи малака зобтдир”.
“Шоз” дегани, ровий санади ва матнида ишончли кишиларнинг айтганига тескари зиёда ёки нуқсон киритган бўлмасин, дегани.
“Иллат” дегани, ҳадисга махфий, тушунарсиз нарса кириб қолмасин, дегани. [2].
Имом Муслим ҳасан ва саҳиҳ ҳадислар ўртасини ажратмасдан “Саҳиҳи Муслим” асарида ҳасан ҳадисларни ҳам ривоят қилади. Аммо Имом Бухорий ўз асарида ҳасан ҳадисларни зикр қилмайди, чунки Имом Бухорий ҳадисларни ҳасан ва саҳиҳларга ажратувчилар жумласидандир. Аммо имом Ат-Термизий “Ҳасан” лафзини “ҳасан ли ғойри”га ҳам ишлатади.[3]
Имом ал-Бухорийнинг иллатли ҳадисларни билишдаги беназир маҳорати, мукаммал илми ва қобилияти ҳақида унинг замондошлари кўп қимматли фикрларни билдирганлар. Иллатли ҳадисларга атаб махсус асар ёзган имом ат-Термизий ўз асари “Китоб ал-Илал”да: “Ҳадислар, ровийлар, улар тарихларидаги иллатлар хусусидаги фикрларим имом ал-Бухорийнинг “Китоб ат-Тарих” асаридан фойдаланганларим, улардан яна кўпроғини Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий билан қилган илмий мунозараларим пайтида олганман, шунингдек Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон, Абу Зуръадан ҳам фойдаландиму, лекин барибир кўпроғи Муҳаммад ал-Бухорийдан, камроғи эса Абдуллоҳ билан Абу Зуръадандир”,-деб таъкидлаган. Яна имом ат-Термизий, “Иллатли ҳадисларни ва иснодларни аниқ билишда Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдан кўра устун бўлган бирорта олимни кўрмадим”,-деб қайд қилган. Имом Бухорий мана илмда моҳир бўлган учун муҳаддислар имоми ва “Ал-Жомеъ ас- саҳиҳ” асари энг мўътабар асар ҳисобланади.
Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарида ўзининг шартига тўғри келадиган ҳадисни санад билан ривоят қилади. Лекин ўзларини шартларига тўғри келмайдиган ҳадис бўлса муаллақ қилиб келтиради. Ана шу муаллақ келтирилган ҳадислар ҳам бошқа ҳадис китобларида санад билан келтирилади.
Мусанниф мутобаъатларни баъзи ҳолларда қисқа ва баъзи ҳолларда тўлиқ ҳолатда келтиради. Шу билан биргаликда унинг ибораларини турлича келтиради. Гоҳида “Табааҳу” (эргашди) деб келтирса, гоҳида “Роваҳу” (ривоят қилади) деб келтиради.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарида яна аҳамиятли ва қимматли бўлган нарса, “Тажуматул боб” имом Бухорий томонидан қўйилишидир. Ибн Адий бир неча машойихларидан ривоят қилиб: “Имом Бухорий ҳадисларнинг таржиматул бобларини, мавзуларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари ва минбарлари ўртасида ёзган, ва ҳар бир таржимаи боб учун икки ракат намоз ўқиган”,-дейди.
Таржиматул бобларда фиқҳни соф суннатга мувофиқ, бидъатлардан холи, ҳадислардаги яширин фойдаларни кўрсатиб берувчи, зоҳирининг ишораларидан ботининг маъноларини яққол очиб берувчи тарзда келтиради. Бу китоб суннат китоблари ичида ва фиқҳий масалалар ичида катта қадр-қимматга эга.
Имом Муслим ўз асарини бобларга бўлиб чиққан, аммо уларга ном бермаган, ҳозирги кунда имом Муслимнинг асаридаги боблар имом Нававийга оид ҳисобланади.
Имом Бухорий ўзларининг таржиматул бобларида кўпчилик ишлатмаган ибораларни саралаб олишга кўп ҳаракат қилганлар. Бу борада бошқа мусаннифлардан ажралиб туради. Гоҳида бу таржиматул бобларни Имом Бухорий ўзи тузади, гоҳида эса бошқадан иқтибос қилиб келтиради. Бу таржиматул боблар у зотнинг фиқҳлари, райларини ўз ичига олади, ҳамда Имом Бухорийнинг қарашлари, ўзларига мувофиқ бўлган ва мухолиф бўлганларга нисбатан тутган йўлларини очиб беради. Шунинг учун у зотнинг бобларни номлашликлари кўп ажабланишга сабаб бўлади ва у зотнинг фиқҳий, ақидавий, фикрий мазҳабларини ўзида акс эттиради.
Боб ёки китоб билан ҳадис орасидаги ўзаро муносиблик асл қоидадир. Зеро набавий ҳадисни ўз ичига олган маъно ва лафзига муносиб баён қилиш, набавий ҳадисдаги эъжоз ва балоғатнинг айни ўзидир.
Мусаннифнинг бобни бошлаётган вақтдаги одати муқаддимани ўз ичига олган ҳадисни келтириш бўлади. Гоҳида бу сабаб матний бўлади, ёки иснодий бўлади.
Баъзида боб номи билан келтирилган ҳадис бошқа – бошқа бўлиб қолади. У ерда эҳтимол Имом Бухорий махфий боғлиқлик бўлган ҳадисларни келтирган, ёки боб номига мос бошқа ҳадислар Бухорийнинг шартига мос келмаган. Мана шу ўринда имом Имом Бухорийнинг моҳирликлари ва услубларининг қанчалик аниқ эканлиги намоён бўлади.
У зотга ҳадисларнинг лафзларида ёки маъносида хотималикка ишора қилувчи нарса билинса, шу ҳадисни бобни охирига қолдиради.
Имом Бухорий кўп шайхларининг исмларини зикр қилмаган. Бунинг сабаби, китобни чўзиб юбормаслик ҳамда, ўқувчини изланишга ундаш мақсадида бўлган. Уламолар мана шу исмларни аниқлашга кўп эътибор берганлар. Мисол учун имом Ҳоким ўзларининг “Ал-Мадхол ила Саҳиҳ” китобларида шу мақсадда алоҳида бир боб келтирган.
Имом Бухорий ҳадисларни фақат бирор фойда учун такрорлайди. Албатта у зотнинг услублари ҳадисларни қатъий суратда келтириш ва фойдаларни чиқариб олишга асосланади.
Баъзида бир ҳадисни бир саҳобадан ривоят қилган бўлса, сўнгра мазкур ҳадисни бошқа саҳобадан ривоят қилиб келтирган. Бундан кўзланган мақсад мазкур ҳадисни ғариблик чегарасидан чиқариб юборишдир. Шунинг баъзида иккинчи ва учинчи табақадаги ровийлар ўзгарган бўлади. Албатта, бу ҳолларда ҳам ҳадисни такрор келтириш қўшимча фойдани ўз ичига олади. Ҳадисларни такрорлашнинг яна бир сабаби баъзи ривоятларда ҳадиснинг матни тўлиқ келтирса, баъзида уни қисқартириб келтирган, бу ҳолда икки ровийдан ҳам шубҳани кетказиш учун мақсад бўлган.[4]
Ибн Мулаққин айтади: “Ҳадисларни такрорлашнинг фойдаси, ҳадиснинг дақиқ ва ўта нозик жойларини, ҳамда ҳадис ўз ичига олган турли фойдаларни очиб беришдир. Имом Бухорийнинг мақсади ҳам шу бўлган”.
Имом Нававий: “Имом Бухорийни бу асардан мақсади, ҳадисларни ўзигагина чекланиш ва матнларни кўпайтириш эмас, балки ўша ҳадислардан ҳукм чиқариш ва ўзлари ирода қилган боблари, усул, фуруъ , зуҳд, одоб ва бошқа мавзулардаги ҳадислардан далил олиш бўлган», дейди.[5]
Имом Нававий: “Имом Бухорий турли илмларда мустаҳкам илм соҳиби бўлганлар, аммо ҳадисни нозик қирраларини билишликда, ҳукм чиқаришда у зотга ҳеч ким тенг келолмаган”, деб айтади.
Имом Бухорийнинг «Жомеъус саҳиҳ»ида силсилаи заҳабия деган санадлар бор. Бу ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Имом Бухорий ораларидаги ровийлар уч кишидан иборат бўлади. Яъни, Имом Бухорий билан Пайғамбаримиз алайҳиссолату васалламнинг ўрталарида уч киши бор. Ана шундай ривоят қилган ҳадисларни тўплаб, «Сулосияти Бухорий» деган китоб ҳам қилинган.
Бошқа ҳадисларда ровийлар сони тўрт, беш, олти, етти кишигача етган ҳолатлар бор. Лекин биз ҳозир айтмоқчи бўлган гапимиз Имом Бухорийдан бўёғи – бизгача етиб келиши қандоқ бўлган? Бу улкан илмий иш дақиқ илмий ҳаракат асосида мусулмон уммати учун жуда аниқлик билан тутиб келинган услуб орқали етказилган. У кишидан “Жомеъ ус-саҳиҳ” китобини 90000 киши эшитган.
Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг “Ҳадюс-сорий” китобида ва “Саҳиҳ ул-Бухорий” муқаддимасида айтади: “Бухорийдан бизгача етиб келган бешта та тўлиқ санад бор.
Бизга “Саҳиҳ ул-Бухорий” нинг энг саҳиҳ йўл билан етиб келиши Бухорийнинг шогирди Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (231-320 ҳ.) Бухорийдан “Саҳиҳ”ини икки марта эшитган, биринчиси 248 – йилда Фирабрда, иккинчиси Бухорода 252 – ҳижрий йилда.
Фирабр – Бухоронинг бир қишлоғи, ҳозирда Олот туманига тўғри келади.
Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” ни ривоят қилган иккинчи ровий Ҳофиз Фақиҳ Қози Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил ибн ал-Ҳажжож ан-Насафий (В. 295 ҳ).
Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” ни ривоят қилган учинчи ровий Имом Муҳаддис Содуқ Абу Муҳаммад Ҳаммод ибн Шокир ибн Савийя ан-Насафий (В. 311 ҳ).
Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” ни ривоят қилган тўртинчи ровий Шайх Муснид Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қорина ибн Савийя ал-Баздавий ан-Насафий (В. 319 ҳ).
Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий” ни ривоят қилган бешинчи ровий Қози Абу Абдуллоҳ ал-Ҳусайн ибн Исмоил ал-Маҳамилий (В. 330 ҳ).[6]
Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари бугун ислом оламининг барча ўлкасида мазкур санадлар билан ўқиб, ўрганилади. Унинг юздан ортиқ шарҳ ва ҳошиялари бор. Асар ўз имом Бухорийнинг замонасидаги шайхлар томони қабул қилинган, турли мақтовлар зикр қилинган.