Home / МАҚОЛАЛАР / ҲИЖРИЙ III АСРДА ҲАДИС ИЛМИ

ҲИЖРИЙ III АСРДА ҲАДИС ИЛМИ

Ҳижрий III аср умум ислом илмлари, хусусан, набавий суннати илмларининг гуллаб-яшнаган даври ҳисобланади. Бу даврда илм талабида сафар қилиш ва ҳадис ровийларини ўрганиш илми фаоллашиб, ҳадисларни ёзиб бориш янада кенгайди. Уммат суянган ва ислом манбалари деб эътибор берилган “муснад”, олти саҳиҳ китоблар туркумига кирувчи “сиҳоҳ” ва “сунан” асарлари юзага келди.

Бу асрда ҳадис илми, жарҳ ва таъдил (ровийларнинг ишончли ва ишончсизлигини ўрганувчи илм) асосчилари бўлган Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Али ибн Маданий, Яҳё ибн Маин, Муҳаммад ибн Муслим ибн Вора, Имом Доримий, Усмон ибн Саид Доримий, Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Заръа, Абу Ҳотим Розиён каби кўплаб ҳадис ҳофизлари ва даҳо алломалар етишиб чиққан.

Бу алломалар қўлида “ақида китоблари” номи билан танилган янги китобат тури пайдо бўлган. У ақидага боғлиқ Қуръон ва суннат матнларини бирлаштирган. Бу матнларни тушунишда саҳобаю тобеинларнинг ёндашуви ва ҳавои нафс йўлида ўзини олим ҳисоблаганларга муносабатини умумлаштирган. Буларга Аҳмад ибн Ҳанбал “суннат”и, ўғли Абдуллоҳ “суннат”и, Абу Наср Марвазий “суннат”и ва бошқа номлар берилган.

Шунингдек, алломаларнинг китобларида бидъатчи ва ҳавои нафс йўлида ўзини олим ҳисоблаганларнинг пардаларини йиртиш, сирларини очиш, одамларни улардан огоҳ этиш ва уларнинг хатарини умматга баён қилиш учун раддия йўлини тутган.  

Аббосийлар давлати халифалари Маъмун, Муътасим ва Восиқ даврида мўътазила ва жаҳмийлар ўз ривожланишининг энг юқори чўққисига чиққан. Улар қарашлари ва ақидалари билан халифаликнинг марказига кириб борган. Шунда умматнинг ўша даврдаги буюк алломалари собит туриб, раддиялар билан уларга жавоб қайтарган. Жумладан: Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Ар-Радду алал жаҳмия”, Усмон ибн Саид Доримийнинг “Ар-Радду алал жаҳмия”, “Ар-Радду ало Бишрил Марисил Мўътазилий”, Имом Бухорийнинг “Халқу афъолил ибод” каби раддиялари битилган.

Ҳижрий иккинчи асрдаги кичик тобеинларнинг ҳадисларни ёзишдаги хизмати, ёлғондан ажратиб ҳимоя қилгани, уларни боб ва фаслларга ажратиб тартибга солишда кашшоф бўлгани каби учинчи аср авлоди ҳам суннатга хизмат қилиш, ровийларнинг ишончли ва ишончсизлигини аниқлашда, ҳавои нафс йўлида ўзларини олим ҳисоблаган ва бидъатчиларни бостиришда катта саъй-ҳаракат қилган.

Суннатга хизмат қилишдаги бу саъй-ҳаракат, қуйидаги ёзилган турли асарларда намоён бўлган. Булар матн, яъни муснад, сиҳоҳ, сунан китоблари, турли мавзу ва соҳалардаги ровийларнинг ҳолатини ўрганадиган асарлар, шунингдек, ўша даврда кўпайган ақида китобларидан иборатдир.

Адашган фирқалар ва бидъатчиларни бостириш, улар билан курашиш, сирларини ошкор этиш ва одамларни уларнинг ёмонлигидан огоҳлантиришда аҳли суннанинг имомларидан бири Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал бўлган. Аллоҳнинг изни билан унинг ва бошқа алломаларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб бидъат бостирилган. Бидъатчилар мағлуб бўлиб ортига қайтган.   

Бу асрда ҳадисларнинг ёзилиши бир неча турга бўлинган. Биринчиси ҳижрий иккинчи асрда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари саҳобаларнинг сўзлари ва тобеинларнинг фатволари билан қўшиб ёзилган. Учинчи асрга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бошқа сўзлардан ажратилган.

Иккинчиси ҳадиснинг саҳиҳ ва заифлик даражасини кўрсатишга эътибор қаратилган.

Учинчиси суннатни ёзишда асарларнинг хилма-хиллиги бўлган. Суннатни ёзишда асарларнинг қуйидаги хиллари пайдо бўлган:

Имом Аҳмаднинг “Муснад”и каби саҳобаларнинг алоҳида тўпланган ҳадислари. “Муснад” асарлар;

“Олти саҳиҳ китоблар” каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини саҳиҳлигини аниқлаб, бўлим ва бобларга ажратиб ёзилган “саҳиҳ” ва “сунан” асарлар;

Имом Шофеийнинг “Ихтилофул ҳадис”, Али ибн Маданийнинг “Ихтилофул ҳадис”, Ибн Қутайбанинг “Таълиф мухталифил ҳадис” китоблари каби “мухталифул ҳадис”, яъни бир-бирига қарши маъноли ҳадислар ва уларнинг муаммолари ҳақидаги асарлар.

Шундай қилиб, ҳижрий учинчи аср ҳадис илмининг энг ривожланган даврига айланган. Бу муваффақиятга эришишда юртимиздан етишиб чиққан Доримий, Бухорий, Термизий каби буюк алломаларнинг ҳиссаси беқиёс бўлган.  Шу асрдан кейин келган муҳаддислар асосан аввалгилар тўплаган ҳадисларни турли тўпламларга жамлаш, тартибга солиш ёки уларга шарҳ ёзиш билан шуғулланган.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …