Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Токио университети доценти, Осиё тадқиқот кутубхонасининг тадқиқотларни ривожлантириш бўлими илмий ходими доктор Йайаи Каваҳара, Дошиша университети қошидаги Теология мактаби профессори Морийама Теруаки ва япониялик бир гуруҳ мутахассислар ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов қарши олиб, музей, кутубхона ҳамда илмий фаолият жараёнлари билан яқиндан таништирди.
Япониялик олимлар Музейдаги қўлёзмалар ва кутубхона фондини қизиқиш билан кўздан кечиришди. Айниқса қўлёзмалар хазинасидан ўрин олган нодир манбалар уларда катта таассурот қолдирди.
Мулоқот чоғида япон тадқиқотчилари Марказда яратилган шароитлар ҳамда қўлёзмалар билан ишлаш ва уларни тадқиқ этиш, рақамлаштириш ва каталогларини яратиш борасида қилинаётган ишлар кўламидан мамнун бўлганларини таъкидлашди. Истиқболда тадқиқотлар йўналишида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Меҳмонларга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўплами ҳадя этилди.