Мовароуннаҳрнинг икки йирик муҳаддиси Исҳоқ ибн Роҳавайҳ билан Имом Бухорий ўртасидаги илиқ муносабат, устоз ва шогирдлик узоқ йиллар давом этган. Имом Бухорий тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги ва ҳофизасининг кенглиги билан устозларини ҳайрон қолдирган. Кўплаб муҳаддислар ривоят қилган ҳадисларни ёд билиши унинг истеъдоди юксаклигидан далолат беради. Устози Исҳоқ ибн Роҳавайҳ унга саҳиҳ ва заиф ҳадислардаги фарқларни кўрсатиб берган. Шунингдек, фиқҳий ҳадисларнинг аҳамияти, шарҳ ва изоҳларнинг таҳлилини тушунтириб берган. Имом Бухорий ўз даврининг етук фақиҳ, муҳаддис алломаларидан олган сабоқлари ва орттирган тажрибаси, тиришқоқлиги, кучли хотираси билан ислом оламида машҳур муҳаддис бўлиб етишди.
Алломанинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва аййамиҳи” (“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, суннатлари ва кунлари ҳақида жамланган ишонарли манба”) асари “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) ёки “Саҳиҳул Бухорий” номлари билан машҳурдир. Асарнинг ёзилиш тарихи ҳақида Ибн Ҳожар Асқалоний бундай дейди: “Имом Бухорий бу йирик асарни ёзишни, унинг асосий мундарижасини тузишни Макка шаҳрида бўлган вақтидан бошлаб, она юрти Бухорода ниҳоясига етказган. Асар ўн олти йил давомида ёзилиб, унга саккиз мингга яқин ҳадисни киритган” [8: 513-514; 60].
Манбаларда бу асарнинг ёзилишига сабаб Имом Бухорийнинг устози, Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг сўзлари деб кўрсатилган. Хусусан, Иброҳим ибн Маъқал Насафийдан (ваф. 854/1450 й.) бундай ривоят қилинади:
“Имом Бухорий айтади: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ бир куни: “Қанийди сизлардан бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан саҳиҳларини тўплаб, бир асар таълиф этсангиз, деди. Мана шу сўз менинг қалбимга қаттиқ ўрнашиб қолди. Натижада “Саҳиҳул Бухорий” ни жамлашга киришдим” [7:7].
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ – ҳофиз, фақиҳ, муҳаддис, тафсир илми соҳиби. Унинг тўлиқ исми Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Махлад Тамимий Ҳанзалий Марвазий. Манбаларда алломанинг туғилган санаси ҳақида турли хил маълумотлар учрайди. Аббосийларнинг халифалик даврида 778 йили Марвда туғилган деб келтирилган [5:Ж.1.1]. У Тамим қабиласининг Ҳанзала уруғига мансуб бўлган. Алломанинг отаси Макка йўлида дунёга келгани сабабли нисбасига “Роҳавайҳ” номи берилган.[3: 7: 372]
Ибн Роҳавайҳ дастлабки таълимни Марвдаги уламолардан олган. Сўнгра йигирма уч ёшида таҳсилини давом эттириш мақсадида Ироқ, Шом, Ҳижоз, Яманга сафар қилган. У ердаги илм даргоҳларида Фузайл ибн Иёд, Абдуллоҳ ибн Муборак, Воқиъ ибн Жарроҳ, Абдураҳмон ибн Маҳдий, Суфён ибн Улайна каби устозлари ва бошқа алломалардан сабоқ олган ва ҳадис ривоят қилган. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ таҳсилини тамомлагач, Нишопурга келиб жойлашган ва умрининг охирига қадар шу ерда мударрислик қилган.
Алломанинг хотираси жуда кучли бўлиб, 100 мингдан зиёд ҳадисни ёддан билган ва талабаларга дарс пайтида 70 мингта ҳадисни ёздирган. [9: 5: 85] “Абу Ҳотим Розий айтади: “Мен унинг ҳадисларининг саҳиҳ, тўғрилиги ва хотирасининг кучли бўлганига ҳайратланаман”-деган. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ кейинчалик хасталаниб хотираси заифлашгач муҳаддислар у ривоят қилган ҳадисларни заиф деб ҳисоблай бошлаган [22:11:337-338]. Шунингдек, “Қутайба ибн Саид айтади: “Ҳадис ривоят қилиш борасида Исҳоқ ибн Роҳавайҳ кейин Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқандий кейин Муҳаммад ибн Исмоил Хуросон ҳофизи эди” деб муҳаддисларга таъриф берган. [3: 7: 372]
Аллома “Ҳофиз”, “Амирул мўъминин фил ҳадис” (Ҳадис илмида мўминлар амири), “Хуросон фақиҳи ва муҳаддиси”, “Имамул Жалил” (Имомлар улуғи) каби улуғ номлар билан аталган.
Алломанинг ҳадис, фиқҳ, тафсир илмига оид “Муснад”, “Жомиъ ал-кабир”, “Жомиъ ас-сағир”, “Ал-Мусаннаф”, “Ал-Илм”, “Ат-Тафсиру ал-кабир” (йўқолган асари) асарлари мавжуд. Унинг “Муснад” асари 2648 та (2425 та) [9: 5: 270] ҳадисни ўзи ичига олган. [5: 5: 270] Бу асар ҳадис илмидаги илк муснадлардан саналади. Аллома ушбу тўпламда фақат ҳадис ривоят қилмасдан санадлардаги саҳоба, муҳаддис ва ровийлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтган. “Муснад”да келтирилган баъзи ҳадисларни тафсир қилган ва сўзларига изоҳ берган.
“Абу Абдуллоҳ ибн Ҳаким айтади: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ (Абдуллоҳ ибн Муборак ва Муҳаммад ибн Яҳё) китобларини кўмиб ташлади”. Шунингдек, бошқа имомларга ҳам маълумот беришича, китоблари ишончсиз кишилар қўлига тушиб қолса, уларнинг маъносини ўзгартиришидан ва динга янгилик олиб келишидан хавфсираб, кўмганлигини ва улар суннатга амал қилган ҳолда талабаларга ҳадис ривоят қилиш ва бошқа илмларини оғзаки сабоқ бериш йўлини афзал билишган”. [6: 358-383: 199-200]
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Довуд Зоҳирий ва Ибн Қутайба каби алломалардан фиқҳ, ҳадис илмидан сабоқ олган. Аллома ва устозлари Яҳё ибн Саид Қаттоний, Баққиё ибн Валид, Яҳё ибн Одам, Абдураззоқ ибн Ҳаммомдан Яҳё ибн Маин, Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Усмон ибн Саид Доримий ва бошқа муҳаддислар ҳадис ривоят қилган. Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”га, Имом Муслим “Жомиус саҳиҳ”га, Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоий ўз сунанларига Ибн Роҳавайҳдан ривоят қилган ҳадисларни киритган. Алломанинг ўғли Муҳаммад ибн Исҳоқ, Имом Бухорий, Имом Муслим, Исо Термизий, Абу Довуд, Имом Насоий, Муҳаммад ибн Наср Марвазий каби шогирдлари бўлган. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ 911 йил етмиш беш ёшида вафот этган. [14: 1: 1036]
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Имом Бухорийга IX асргача бўлган ҳадис тўпламларидаги саҳиҳ ва заиф ҳадисларни ажратиб, фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлашни ва уларнинг ровийлари, санадидаги кетма-кетликни тартибга солишни маслаҳат берган. Имом Бухорий ҳадис тўплаш мақсадида турли мамлакатларга сафарлар қилган, кўплаб алломалардан ҳадислар ёзиб олган. Буларнинг барчаси алломага “Саҳиҳул Бухорий”дек илмий ва амалий жиҳатдан юксак савиядаги йирик асарни яратиш имконини берган.
Имом Бухорий ўз асари учун маълумот тўплаш ва уларни таълиф этишга кўп ҳам шошилмади, балки чуқур илмий пойдеворга таянган ҳолда, мукаммал режа асосида иш олиб борди. Ҳадис тўплаш, асар сифатида тартибга келтириш, бунга ўн олти йиллик умрини бағишлаш, буюк асар яралиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди [20: 2: 8-9].
Имом Бухорийнинг ўзига хос услуби бўлиб, унинг шаклланиши ва такомиллашишида жамланган ҳадис ровийларининг ҳиссаси алоҳида ўрин тутган. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ёзилиш тарихига ва услубига назар солсак, Имом Бухорий бу ҳадис тўпламининг ишончли манба бўлишига алоҳида эътибор билан қараган, уни уч марта таҳрир қилган [18: 2: 7].
Шу боис ҳам, “Саҳиҳул Бухорий”ни бевосита ўзидан тўқсон минг ровий ёд олгани қайд қилинади. Унинг ровийлари орасида Имом Муслим ибн Ҳажжож, Абу Зуръа, Имом Термизий, Ибн Ҳузайма каби ҳадис илмининг етук дарғалари ҳам бўлган [1: 182]. Имом Бухорий ҳадисларни ровийлардан ёзиб олишга катта масъулият ва эҳтиёткорлик билан ёндашган. Бу хусусда алломанинг ўзи: “Минг ёки ундан ортиқ ишончли (сиқа) уламолардан ҳадис ёзиб олдим, менинг асаримга исноди келтирилмаган биронта ҳам ҳадис кирмаган”, деб таъкидлайди.
Имом Бухорий бирон кишидан ҳадис ёзиб олиши бошқаларникига ўхшамаслиги уни ҳар томонлама чуқур текшириб, илмий тадқиқ қилишга асос солиш билан бирга у ҳадисларнинг санад (яъни ровий)ларига ҳам алоҳида эътибор берган. Агар бирон шахсдан ҳадис ёзмоқчи бўлса, энг аввало, унинг исми-шарифи, куняси, насл-насаби, айтаётган ҳадисини қандай манбадан олгани, унинг нусхалари ҳақидаги маълумотларни сўраб-суриштирганини, аммо бошқалар эса бу масалага кўп ҳам эътибор бермаганини айтиб ўтган. Унинг “имон – сўз ва унга амал қилиш” демаган кишидан ҳадис ёзмагани муҳаддис учун қатъий бир қоида ва дастуруламал сифатида бутун умри мобайнида давом этди. Илмий фаолияти давомида бу тартибга бутун вужуди билан амал қилди. Бу ишни амалга оширишда аллома масъулият ва ҳалоллик билан ёндашган. Имом Бухорий ҳадисларни ажратиши, тўплаши орқали биринчи марта маълум бир тартиб-қоидалар вужудга келди. Муҳаддислар ҳадис илмида буни “Шурут Имамул Бухорий” (Имом Бухорийнинг шартлари) номи билан аташган. [2: 139-142]
Шунингдек, аллома биринчилардан бўлиб, ҳадис илмида ровийлар тарихини ўрганиш соҳасига ҳам асос солиб, улар ҳақидаги тўлиқ маълумотларни тўплади. Бу маълумотлар мажмуаси – ровийларнинг туғилган йили, жойи, насл-насаби, куняси, қайси устоздан таълим олгани, айтаётган ҳадисини қандай манбадан олгани, илмига, эътиқодига, ҳалоллигига, касбига аҳамият берган.
Ҳадисларни саҳиҳ деб қабул қилишда муҳаддис уламоларнинг саҳиҳлик шартлари турлича бўлган. Муҳаддис олимларнинг ҳадисларни саҳиҳ деб эътироф этилишида асосан бешта шарт мавжуддир. Ушбу беш шарт: 1) санаднинг узлуксиз боғланган бўлмоғи; 2) санаддаги ровийнинг одиллиги; 3) санаддаги ровийнинг хотирасини мукаммал бўлмоғи; 4) ҳадис ўз матни ва унинг ровийлари мартабасига зарар етказувчи сабаблардан холи бўлмоғи; 5) ҳадис матни ва санади шузуз (тарқоқлик)дан холи бўлмоғи лозим.[11: 44]
Имом Бухорий наздида эса ҳадислар саҳиҳлик даражасига етиши учун ушбу ўн иккита шарт юқорида келтирилган бешта асосий шартларнинг замирида туради. [21: 71] Улар:
- Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир шаҳарда замондош бўлиши, агар бир шаҳарда замондош бўлиб истиқомат қилмаган бўлса ҳадис муттасил санад деб қаралмаган.
- Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир марта бўлса ҳам учрашган бўлиши, агар бир шаҳарда истиқомат қилиб учрашмаган бўлса уларнинг бир-биридан ҳадис ривоят қилиши муттасил санад деб қаралмаган.
- Ровий (ҳадис ривоят қилувчи шахс) ҳадисни ўзига етказувчи ровийдан ижозатан юзма-юз ҳолатда оғзаки (ривоятан) ёки ёзма равишда (дироятан) олган бўлиши (бу уч (1-3) шарт “санаднинг кўриш, эшитиш ва ўқиш орқали боғланиши” замирида туради).
- Ровий мусулмон бўлиши, динсиз ва ғайридин кишидан ҳадис қабул қилинмаган.
- Ровий балоғатга етган бўлиши, яъни ҳадисни ёд олиб бошқаларга етказишда масъулиятни англаб етадиган ёшда бўлиши.
- Ровий ақлли бўлиши, ақли заифдан ҳадис ривоят қилинмайди.
- Ровий фосиқ бўлмаслиги, фосиқ кишининг ҳадиси қабул қилинмайди.
- Ровийларнинг энг ишончлиси, ростгўйи, одамийлиги (бу бешта (4-8) шартлар “ровийнинг дин ва дунё ишларида одил бўлмоғи” шарти замирида туради).
- Ровий хотирасининг кучли бўлиши, яъни эшитган ҳадисини асл ҳолида ёд олиб қолмоғи.
- Ровий хотираси суст бўлса эшитганини ёдлаб, ёзиб қўйган бўлиши (бу икки шарт (9-10) “ҳадис санадидаги ровийлар хотирасини мукаммал бўлмоғи” шарти замирида туради).
- Ҳадис санади ва матни ихтилофдан холи бўлиши (бу 11-шарт “ҳадис матни ва санади шузуз (тарқоқлик)дан холи бўлмоғи” шартида замирида туради).
- Ҳадис санади ва матни зарар етказувчи сабаблардан холи бўлиши (бу 12-шарт “ҳадис ўз матни ва унинг ровийлари мартабасига зарар етказувчи сабаблардан холи бўлмоғи” шартининг замирида туради). [4: 18: 366]
Ўқувчига янада тушунарлироқ бўлиши учун мазкур ўн икки шарт ва тўққиз муҳаддиснинг ҳадис олишдаги унга амал қилиш даражасининг қиёсий таҳлили жадвал кўринишида тайёрланди.
Имом Бухорийнинг фикрича, ҳадис санадидаги табақаларда ровийлар силсиласининг мумкин қадар қисқа бўлиши омил ҳисобланган ва ҳадиснинг саҳиҳлигига далолат берган. Масалан, агар санаддаги тобеинлар табақасида икки ровий бўлса, у ҳолда ҳадис “ҳасан” – (ривоят қилиниш услуби чиройли) мартабасида бўлган. Агар бу табақада бир ровий келтирилган бўлса, у ҳадисни “саҳиҳ” деб эътироф этган. Бундай йўл тутишнинг ўзига хос сабаблари мавжуд: ҳадис қанчалик кўп ровийдан ўтиб муҳаддисга етиб келса, унинг ибораларидаги хато ва адашишлар шунчалик кўп бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлган.
Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўпламида ҳадис санадидаги ровийлар силсиласидан ҳадис ривоят қилиб келтиришда ўзига хос услубни намойиш қилган. “Ҳаддасано (бизга ҳадис айтди) иборасини ва унинг ўрнига қоим бўладиган бошқа ибораларни ҳамда “ан-ан” (фалончи фалончидан, у эса фалончидан ҳадис айтди) боғламасини истилоҳий маънода қўллаганки, бу санаддаги ровийларнинг даражасига ҳам далолат берган. Қуйида ана шундай истилоҳлардан айримлари билан танишиб чиқамиз:
[حدثنا فلان] (ҳаддасана фулон –– бизга фалончи ҳадис айтди) қисқартма шакли [ثنا] (сана). Ҳадисни устозидан кўпчилик билан бирга ёдлаган ҳолда олишда қўлланилган ибора. Имом Бухорий санадда бу ўтимли феълни ўзига ҳадис айтган ва айтилган уни бошқага айтишга ижоза берган, ҳадис илмида ишончли бўлган устозларига нисбатан қўллаган.
Имом Бухорий бу иборани ҳадисни ривоят қилган ровий ишончда ҳужжат талаб қилинмайдиган даражада бўлса, мавқуф ва марфуъ ҳадислар санадида ҳам ишлатган [17: 300]. Масалан:
1 — حَدَّثَنَا الْحُمَيْدِيُّ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ الزُّبَيْرِ قَالَ حَدَّثَنَا سُفْيَانُ قَالَ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ الْأَنْصَارِيُّ قَالَ أَخْبَرَنِي مُحَمَّدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ التَّيْمِيُّ أَنَّهُ سَمِعَ عَلْقَمَةَ بْنَ وَقَّاصٍ اللَّيْثِيَّ يَقُولُ سَمِعْتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَلَى الْمِنْبَرِ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ ... [9: Ж.1.3]
حدثنا أيو نعبم حدثنا مسعر عن عبد الملك بن ميسرة عن النزال قال أتى علي رضي الله عنه على باب الرحبة فشرب قائما فقال إن ناسا يكره أحدهم أن يشرب وهو قائم وإني رأيت النبي صلى الله عليه وسلم فعل كما رأيتموني فعلت.[16:1326]
[سمعتُ عن فلان](самиъту аън фулон – фалончидан эшитдим). Имом Бухорий бу иборани икки хил маънода қўллаган: 1) Устозидан ҳадисни эшитиб ёзиб олганига ишора қилиш учун; 2) Устозидан ҳадисни эшитиб ёд олган ва уни ривоят қилишга ижоза олганига ишора қилиш учун [13: 302-303]. Масалан:
1 — حَدَّثَنَا الْحُمَيْدِيُّ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ الزُّبَيْرِ قَالَ حَدَّثَنَا سُفْيَانُ قَالَ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ الْأَنْصَارِيُّ قَالَ أَخْبَرَنِي مُحَمَّدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ التَّيْمِيُّ أَنَّهُ سَمِعَ عَلْقَمَةَ بْنَ وَقَّاصٍ اللَّيْثِيَّ يَقُولُ سَمِعْتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَلَى الْمِنْبَرِ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ ….
[أخبرنا] (ахбарона – бизга хабар берди), қисқартирилган шакли [نا] (на). Бу ибора ҳадисни устозидан эшитиш йўли билан олишга ишлатиладиган лафзлардан саналади. Яъни, уни (тўғри ёд олганини) устози тасдиқлади, маъносида бўлади. Бу Мовароуннаҳр ва Хуросон уламоларининг истилоҳидир. [9: 2: 15-16]
Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ айтади: Истилоҳ илмида “ахбарона” ибораси қувватда “ҳаддасана”дан енгилроқдир [17: 2: 49; 300].
“Ҳаддасана”, “ахбарона” ва “самиъту” истилоҳидан юқори. Чунки “самиъту”да устози унга ривоят қилиб берди, деган маънога далолат йўқ. [17: 82]
Имом Авзоъий “хаббарона” (бизни хабардор қилди) ни ёлғиз ижоза учун, “ахбарона” ни (ҳадисни унга айтган устозига) ўқиб бериб ўтказганлик билан хослади. Масалан:
6 — حَدَّثَنَا عَبْدَانُ قَالَ أَخْبَرَنَا عَبْدُ اللَّهِ قَالَ أَخْبَرَنَا يُونُسُ عَنْ الزُّهْرِيِّ ح و حَدَّثَنَا بِشْرُ بْنُ مُحَمَّدٍ قَالَ أَخْبَرَنَا عَبْدُ اللَّهِ قَالَ أَخْبَرَنَا يُونُسُ وَمَعْمَرٌ عَنْ الزُّهْرِيِّ نَحْوَهُ قَالَ أَخْبَرَنِي عُبَيْدُ اللَّهِ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ .[15: 1: 8] ….
[أنبأنا](анбаана – бизга хабар берди), қисқартма шакли [أنا] (ана). Муҳаддиснинг устозидан эшитиш орқали ижоза билан ҳадисни олганига ишора қилувчи сўз бўлиб, камдан-кам ҳолларда ишлатилади. Гоҳо бундай ҳадиснинг бошқа санади ҳам мавжудлигига ишора қилади. [11: 2: 73] Масалан:
بَاب قَوْلِ الْمُحَدِّثِ حَدَّثَنَا أوْ أَخْبَرَنَا وَأَنْبَأَنَا
وَقَالَ لَنَا الْحُمَيْدِيُّ كَانَ عِنْدَ ابْنِ عُيَيْنَةَ حَدَّثَنَا وَأَخْبَرَنَا وَأَنْبَأَنَا وَسَمِعْتُ وَاحِدًا وَقَالَ ابْنُ مَسْعُودٍ حَدَّثَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ الصَّادِقُ الْمَصْدُوقُ وَقَالَ شَقِيقٌ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَلِمَةً وَقَالَ حُذَيْفَةُ حَدَّثَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَدِيثَيْنِ وَقَالَ أَبُو الْعَالِيَةِ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِي عَنْ رَبِّهِ وَقَالَ أَنَسٌ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَرْوِيهِ عَنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ وَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَرْوِيهِ عَنْ رَبِّكُمْ عَزَّ وَجَلَّ.[15: 1: 23]
[رأيتُ فلانا] (роайту фулона – фалончини кўрдим), Имом Бухорий бу ўтимли феълни санад силсиласи аввалида асосан тобеин ва саҳоба ривоятида қўллаган. Санадда бу иборанинг мавжудлиги Имом Бухорий наздида олий санадликдан далолат беради. Масалан:
124 — حَدَّثَنَا أَبُو نُعَيْمٍ قَالَ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ أَبِي سَلَمَةَ عَنْ الزُّهْرِيِّ عَنْ عِيسَى بْنِ طَلْحَةَ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عِنْدَ الْجَمْرَةِ وَهُوَ يُسْأَلُ فَقَالَ رَجُلٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ نَحَرْتُ قَبْلَ أَنْ أَرْمِيَ قَالَ ارْمِ وَلَا حَرَجَ قَالَ آخَرُ يَا رَسُولَ اللَّهِ حَلَقْتُ قَبْلَ أَنْ أَنْحَرَ قَالَ انْحَرْ وَلَا حَرَجَ فَمَا سُئِلَ عَنْ شَيْءٍ قُدِّمَ وَلَا أُخِّرَ إِلَّا قَالَ افْعَلْ وَلَا حَرَجَ.[15:1: 37]
[قال](қола – у айтди) Имом Бухорий бу ўтимли феълни ҳозирги ва ўтган замонда аксар ҳолда санад ўртасида ровийнинг (ҳаддасана, ахбарона, самиъту) сўзларидан олдин ва санад аввалида, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадисни эшитган саҳобий табақасида қўллаган. Масалан:
كَيْفَ كَانَ بَدْءُ الْوَحْيِ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَوْلُ اللَّهِ جَلَّ ذِكْرُهُ{إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَى نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ مِنْ بَعْدِهِ}
1 — حَدَّثَنَا الْحُمَيْدِيُّ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ الزُّبَيْرِ قَالَ حَدَّثَنَا سُفْيَانُ قَالَ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ الْأَنْصَارِيُّ قَالَ أَخْبَرَنِي مُحَمَّدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ التَّيْمِيُّ أَنَّهُ سَمِعَ عَلْقَمَةَ بْنَ وَقَّاصٍ اللَّيْثِيَّ يَقُولُ سَمِعْتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَلَى الْمِنْبَرِ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى دُنْيَا يُصِيبُهَا أَوْ إِلَى امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ.
[كتبتُ عن فلان](катабту ан фулон – фалончидан). Имом Бухорий санадда бу ўтимли феълни ҳам жуда камдан-кам ҳолларда ишлатган. Санадда бундай сўзни қўллаш устоздан ҳадисни ёзиб олишга ижоза бўлганини билдиради [15: 1: 552]. Масалан:
2514 — حَدَّثَنَا خَلَّادُ بْنُ يَحْيَى حَدَّثَنَا نَافِعُ بْنُ عُمَرَ عَنْ ابْنِ أَبِي مُلَيْكَةَ قَالَ كَتَبْتُ إِلَى ابْنِ عَبَّاسٍ فَكَتَبَ إِلَيَّ إِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَضَى أَنَّ الْيَمِينَ عَلَى الْمُدَّعَى عَلَيْهِ .[15: 3: 143]
Имом Бухорий ҳадис санадини боғлашда [عن] – [عن]услубини қўллаган. Масалан:
[عن فلان عن فلان] (ан фулонин ан фулонин – фалончидан – фалончидан). Ҳадис уламолари санадда бу услубни қўллаши ҳадиснинг даражасини туширишини айтган бўлса-да, муҳаддиснинг ровийлар силсиласини боғлашдаги услубини санаднинг чўзилиб кетмаслиги учун қилингани билан изоҳлаб, Имом Бухорийнинг шартига кўра, бундай услуб санаднинг муттасиллигига ва ҳадиснинг саҳиҳлигига зарар етказмайди, деб ҳисоблаган [11: 82]. Масалан:
حَدَّثَنَا قُتَيْبَةُ حَدَّثَنَا سُفْيَانُ عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْقَاسِمِ (فى النصخة الأصلية: القسم) عَنْ أَبِيهِ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ دَخَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِسَرِفَ وَأَنَا أَبْكِي فَقَالَ مَا لَكِ أَنَفِسْتِ قُلْتُ نَعَمْ قَالَ هَذَا أَمْرٌ كَتَبَهُ اللَّهُ عَلَى بَنَاتِ آدَمَ اقْضِي مَا يَقْضِي الْحَاجُّ غَيْرَ أَنْ لَا تَطُوفِي بِالْبَيْتِ وَضَحَّى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ نِسَائِهِ بِالْبَقَرِ .[16: 1326]
ح] – تحويل [ (таҳвил – санадни қайтадан бошлаш) – муҳаддис ўзига икки йўл билан етиб келган ҳадисни келтирганда, унинг санади ўртасида маълум бир ровийга етгандан сўнг бу ҳадис матнининг ўзига етиб келишдаги иккинчи йўлини ҳам ривоят қилиб келтирганда шу белгини қўллаган. Таҳвил – бир ҳадисни муҳаддисга икки йўл билан ривоят қилиб, ягона бир ровийда жамланишидир. Масалан:
6 — حَدَّثَنَا عَبْدَانُ قَالَ أَخْبَرَنَا عَبْدُ اللَّهِ قَالَ أَخْبَرَنَا يُونُسُ عَنْ الزُّهْرِيِّ ح و حَدَّثَنَا بِشْرُ بْنُ مُحَمَّدٍ قَالَ أَخْبَرَنَا عَبْدُ اللَّهِ قَالَ أَخْبَرَنَا يُونُسُ وَمَعْمَرٌ عَنْ الزُّهْرِيِّ نَحْوَهُ قَالَ أَخْبَرَنِي عُبَيْدُ اللَّهِ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ وَكَانَ يَلْقَاهُ فِي كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ فَلَرَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدُ بِالْخَيْرِ مِنْ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ .[15:1: 8]
Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий” ни таълиф этишда ҳадисларни бобларга тасниф қилиб, уларни фиқҳий масалаларга мувофиқ тартиб билан келтирганки, бу ҳам ўқувчига китобдан фойдаланишда енгиллаштиради.
Ҳар бир китобнинг ва бобларнинг аввалида оят ва шарҳларнинг келтирилиши ҳам ўзига хос бир услуб бўлиб, бу ўқувчининг фикр доирасини кенгайтиришга хизмат қилади. Имом Бухорий бу ҳадис тўпламини “Ваҳийнинг бошланиши” китобидан бошлаб “Тавҳид” китоби билан якунлагани ҳам бир ҳикмат бўлиб, ўқиш жараёнида эътиборли китобхон бу билан Имом Бухорийнинг нимага ишора қилаётганини пайқаб олади. Яъни, ислом дини ваҳий орқали нозил бўлиб, унинг асоси тавҳид (яккахудоликка эътиқод)дир.
Имом Бухорийнинг илмий мероси даврлар оша ўз қадру қийматига эга бўлган ҳолда китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилиниб, тадқиқотчилар томонидан бу борада мунтазам илмий изланишлар олиб борилмоқда. Зеро, инсоният тараққиёти тарихида ўчмас из қолдирган мўътабар зотларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари ва асарлари ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган. Муҳаддис алломанинг ҳаёти ва илмий меросини асраб – авайлаш, ўрганиш ва ёш авлод вакилларига ўргатиш, динимиз моҳиятини тўғри тушуниш ҳамда унинг ғоя ва таълимотларини халқимизга тўғри етказиш бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир.
-
Абдуғани Абдулхолиқ. “Имом Бухорий ва Саҳиҳуҳу” – “Дорул минор”, Жидда.
-
Абдусалом Муборакфурий. “Сийратул Имом Бухорий”. Ҳиндистон. 1986.139-142 бетлар.
-
Абу Бакр Аҳмад ибн Али Бағдодий “Тариху Боғдод ав мадинатис салом”, “Дорул кутубил илмия” Байрут 1997. Ж.7.
-
Абу Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир “Шурутул аимматис-ситта ва ялиҳи шуруту аимматил хамса” Байрут 1984. – Б18.; Ҳамза Абдуллоҳ Малиборий “Манҳажул Имам ал-Бухорий фий тасҳиҳил аҳадиси ват таълилиҳа” Дору ибн Ҳазм. Байрут 2000. – Б366.
-
Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий. Ж.2. “Тадрийбур ровий” Дору Ибн Жавзий. – Байрут. 2010.
-
Ибн Халликан. Вафайат. Т. 1. С. 199-200, Шамсиддин Заҳабий. “Сияру аъламун нубало” Т. 11. С. 358-383.
-
Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий. – Байрут. Дорул маърифа, 1959.
-
Ибн Ҳожар Асқалоний. “Фатҳул борий бишарҳи Саҳиҳул Бухорий”, Қоҳира. 1988. Б -513-514;, Мустафо Саидхон ва Бадиъус Саид Лиҳом “Ал-изоҳ фий улумил ҳадис вал истилоҳ”. – Дамашқ. Дорул калимит тоййиб. 2009. Б-60.
-
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ. “Муснад”. Мактабатул иймон. – Мадина 1991. Ж.5.
-
Мазкур жадвал тайёрланиш жараёнида 400дан ортиқ ҳадис ва ҳадис истилоҳига оид манбалар кўриб чиқилди.
-
Маҳмуд Таҳҳон. “Тайсиру мусталаҳил ҳадис” Қадимий кутубхона. Карачи. Қайта нашри “Мовароуннаҳр” нашриёти. – Т.: Мозийдан таралган зиё. – Т.: 1998.
-
Маҳмуд Тоҳҳан. Тайсийру мустолаҳу-л-ҳадис. Мактабату-л-маъориф. Риёз 2010. –Б44.
-
Мустафо Саидхон ва Бадиъус Саид Лиҳом. “Ал-ийзоҳ фий улумил ҳадис вал истилоҳ”. – Дамашқ. “Дорул калимит тоййиб”. 2009.
-
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий “Тарих ал-Авсат”, Ж.4 1036
-
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” Ж.1 “Дору тавқун нажот” матбааси. 2000.
-
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. “Саҳиҳул Бухорий” Германия Лейпциг университет фонди №1326.
-
Сайид Абдулмажид Ғовий. “Муъжамул мусталаҳотил ҳадис”. – Дамашқ. “Дару Ибн Касир” нашриёти. 2007.
-
Тожиддин Субукий. Табақотуш-шофиъияти-л-л-кубро. Ж.2. – Қоҳира. Дорул Ҳажр, 1992.
-
Туркия Диёнат Вақфи Ислом энциклопедияси; Исҳоқ ибн Роҳавайҳ. Муснад. Ж.1. – Мадина. “Мактабатул иймон”. 1991.
-
Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. Ж.2. – Бағдод. “Дорул кутубил илмия”.
-
Ҳамза Абдуллоҳ Малиборий “Манҳажул Имам ал-Бухорий фий тасҳиҳил аҳадиси ват таълилиҳа” “Дору ибн Ҳазм”.Байрут 2000. – Б71.
-
Шамсиддин Заҳабий “Сияру аъламун нубало” Ж.11.