Home / МАҚОЛАЛАР / САРОБ ҲЕЧ ҚАЧОН ҲАҚИҚАТ БЎЛА ОЛМАЙДИ (Маҳмуд Абдулмўмин («Ҳизбут таҳрир»)нинг халифалик даъволарига раддия) 

САРОБ ҲЕЧ ҚАЧОН ҲАҚИҚАТ БЎЛА ОЛМАЙДИ (Маҳмуд Абдулмўмин («Ҳизбут таҳрир»)нинг халифалик даъволарига раддия) 

Насронийликда “Иегово шоҳидлари”, “Пятидесятник” каби радикал оқимлар мавжуд бўлгани каби мусулмонлар орасида мутаассиблик ғояларига асосланган гуруҳлар тарихда ҳам, ҳозир ҳам етарлича топилади. Бундай тўдалар, қайси ўзини динга мансуб деб кўрсатишидан қатъий назар, фаолияти дин ва жамият равнақига эмас, аксинча, тор доирадаги ғаразли шахс ё гуруҳлар, яъни учинчи томон манфаатларига хизмат қилишга қаратилган. Ана шундай оқимлардан бири “Ҳизбут таҳрир”дир. Бундай фикрни баён қилишимиз учун етарлича асос бор. Бу ва шунга ўхшаш оқимлар кириб борган ва фаолият юритаётган мамлакат ва жамиятлар нотинчлик ва беқарорликка маҳкумдир. Хусусан, “Ҳизбут таҳрир” қайси давлат ҳудудида фаолият юритмасин, жамиятда мусулмонлар орасига нифоқ солиб, уларни қарама-қарши фикрлар, нотўғри ақидалар гирдобига улоқтиради.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг аниқ билан тасвирлаб берганлар: Мен (Ҳузайфа): “…Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик борми?” дедим. У зот: “Ҳа, жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Уларга ким ижобат қилса, уни жаҳаннам ичига улоқтирурлар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, уларни бизга таърифлаб беринг”, дедим. “Улар ўзимизнинг қавмдандир. Ўзимизнинг тилимизда гапирадилар”, дедилар.[1] Яъни, улар биз мансуб бўлган дин – исломда бўлиб, бизнинг тилимиз – ислом динидан гапириб, мусулмонларни жаҳаннамга етаклайдиган “дуъо ала абвоби жаҳаннам” – жаҳаннам эшиги олдида туриб, оташга чақирувчи даъватчилардир.

“Ҳизбут таҳрир” аъзолари халифалик ўрнатиш ҳақида ислом номидан гапиради ва ўз даъволарининг тасдиғи учун қуйидаги ҳадисни далил сифатида келтиради. Бу ҳадис ҳақиқатан ҳам уларнинг халифалик ўрнатиш ҳақидаги даъволарига далилми? Буни ойдинлаштириш учун асл матннинг маъноси ва шарҳларига тўхталиб ўтамиз.

 18430 — ثنا سليمان بن داود الطيالسي حدثني داود بن إبراهيم الواسطي حدثني حبيب بن سالم عن النعمان بن بشير رضي الله عنه الله، قال: كنا جلوساً في المسجد فجاء أبو ثعلبة الخشني فقال: يا بشير بن سعد أتحفظ حديث رسول الله صلى الله عليه وسلم في الأمراء، فقال حذيفة: أنا أحفظ خطبته. فجلس أبو ثعلبة. فقال حذيفة: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: تكون النبوة فيكم ما شاء الله أن تكون، ثم يرفعها الله إذا شاء أن يرفعها، ثم تكون خلافة على منهاج النبوة فتكون ما شاء الله أن تكون، ثم يرفعها الله إذا شاء أن يرفعها، ثم تكون ملكًا عاضًا فيكون ما شاء الله أن يكون، ثم يرفعها إذا شاء الله أن يرفعها، ثم تكون ملكًا جبرية فتكون ما شاء الله أن تكون، ثم يرفعها الله إذا شاء أن يرفعها، ثم تكون خلافة على منهاج النبوة، ثم سكت.

Бизга Сулаймон ибн Довуд Таясолий[2] сўзлаб берди: Менга Довуд ибн Иброҳим Воситий[3] сўзлаб берди: Менга Ҳубайб ибн Солим[4] Нўмон ибн Башир[5] розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Биз Набий соллалоҳу алайҳи васаллам масжидларида ўтирган эдик Абу Саълаба Хашаний келиб қолди. У: “Эй Башир ибн Саъд! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан амирлар ҳақида ҳадис эшитганмисан?” деб сўради. Ҳузайфа (ибн Ямон): “Мен у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хутбаларида шу ҳақда ҳадис эшитиб, ёдимда сақлаб қолганман”, деди. Абу Саълаба ўтирди, шундан сўнг Ҳузайфа ҳадисни ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пайғамбарлик орангизда Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бўлади, шундан сўнг Аллоҳ таоло пайғамбарликни Ўзи кўтаришни хоҳлаган вақтда (орангиздан) кўтаради. Шундан сўнг орангизда пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик (бошқаруви) бўлади. Халифалик орангизда Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бўлади, шундан сўнг Аллоҳ таоло халифаликни Ўзи кўтаришни хоҳлаган вақтда (орангиздан) кўтаради. Шундан сўнг орангизда зўравон подшоҳ (бошқаруви) бўлади. Бундай подшоҳлик тузуми орангизда Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бўлади, шундан сўнг Аллоҳ таоло Ўзи кўтаришни хоҳлаган вақтда у подшоҳликни (орангиздан) кўтаради. Шундан сўнг орангизда золим подшоҳ (бошқаруви) бўлади. Бундай подшоҳлик тузуми орангизда Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бўлади, шундан сўнг Аллоҳ таоло Ўзи кўтаришни хоҳлаган вақтда у подшоҳликни (орангиздан) кўтаради. Шундан сўнг орангизда пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик (бошқаруви) бўлади”, дедилар.” Шу сўзларни айтгандан кейин Ҳузайфа сукут қилди.[6]

Ҳадиснинг умумий маъноси:

“Пайғамбарлик орангизда Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бўлади, шундан сўнг Аллоҳ таоло пайғамбарликни Ўзи кўтаришни хоҳлаган вақтда (орангиздан) кўтаради. Шундан сўнг орангизда пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик (бошқаруви) бўлади. Халифалик орангизда Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бўлади, шундан сўнг Аллоҳ таоло халифаликни Ўзи кўтаришни хоҳлаган вақтда (орангиздан) кўтаради”.

Дарҳақиқат, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик даврлари йигирма уч йил давом этиб, Аллоҳ ирода қилган ҳукмларни одамларга етказиб бўлганларидан сўнг Яратганнинг хоҳиши билан ниҳоясига етди. Бу муддат давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат ислом шариатини одамларга етказдилар, балки муқаддас динимизни ер юзига тарқатадиган давлатчилик асосидаги бир умматни ҳам шакллантирдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг жамиятни бошқариш услуби пайғамбарлик минҳожи (дастури, йўли)га асосланган давлат – халифалик юзага келди ва у, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидек, ўттиз йил[7] давом этди. Бу муддат давомида халифалик бошқарувида бўлган халифалар: Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абдулмуттолиб (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин).[8] Бу сўзга ислом динининг барча уламолари иттифоқдир.

Ҳадис матнидан маълум бўладики, пайғамбарлик бошқаруви билан у зотдан сўнг келадиган пайғамбарлик минҳожи асосидаги бошқарув ўртасини ажратувчи фарқ (бошқа бир бошқарув тузуми) йўқдир. Аммо Имом Боний барча уламоларимизга зид ўлароқ, ҳадис матнида башорат қилинган чориёрлар халифалик даврини Умар ибн Абдулазиз халифалиги деб шарҳлаган. Албатта, бу хатодир. Чунки, ҳадис матнида айтилган икки хил подшоҳлик тузуми Умар ибн Абдулазиз халифалигидан кейин эмас, аксинча, олдин бўлган. Жумладан, Имом Бонийнинг мазкур шарҳи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “мендан сўнг халифалик ўттиз йил” деган ҳадисларига зиддир.

“Шундан сўнг орангизда зўравон подшоҳ[9] (бошқаруви) бўлади. Бундай подшоҳлик тузуми орангизда Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бўлади, шундан сўнг Аллоҳ таоло Ўзи кўтаришни хоҳлаган вақтда у подшоҳликни (орангиздан) кўтаради. Шундан сўнг орангизда золим подшоҳ (бошқаруви) бўлади. Бундай подшоҳлик тузуми орангизда Аллоҳ хоҳлаган вақтгача бўлади, шундан сўнг Аллоҳ таоло Ўзи кўтаришни хоҳлаган вақтда у подшоҳликни (орангиздан) кўтаради”.

Уламоларимиз ҳадиснинг ушбу матнини ўз ҳукмини маҳкам тутган подшоҳлар ва раиятга (халққа) зулм қиладиган золим шоҳлар деб шарҳланган. Уламоларимиз бу икки хил подшоҳликнинг биринчиси Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга тегишли, деб айтган. Чунки, унинг бошқарув тузуми ислом аҳкомларига асосланган бўлса-да, ҳокимият тепасига мусулмонлар байъати орқали келмаган. Шундай бўлишига қарамай, мусулмонларга ислом аҳкомларига кўра, унга итоат этиш вожиб саналади. Гарчи, Муовия бошқарувида зўравонлик мавжуд бўлган эса-да, унга қарши исён қилишга ислом аҳкомлари йўл бермайди. Муовия вафотидан сўнг унинг ўрнига бошқарув (ҳ. 60-64 йиллар) ҳадисда айтилган золим ва қонхўр Язид ибн Муовия қўлига ўтади. Унинг халифалиги даврида жуда кўп саҳобанинг қони тўкилади, жумладан, Имом Ҳусайн ўлдирилган Карбало фожиаси ҳам билвосита Язид ибн Муовия туфайли содир бўлади.

“Шундан сўнг орангизда пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик (бошқаруви) бўлади”, дедилар. Шу сўзларни айтгандан кейин Ҳузайфа сукут қилди”.

Пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифаликдан сўнг орадан ўттиз беш йил ўтиб бошқарувга келган халифа Умар ибн Абдулазиз[10] ўз ҳукмронлиги даврида мисли кўрилмаган ислоҳотлар ўтказиб, қонунлар ижроси ва адолатни ўрнатади. У бор йўғи икки йил халифалик қилади. Икки йил – жуда қисқа давр, аммо Умар ибн Абдулазиз мана вақт давомида жуда улкан хайрли ишларни амалга оширади. Халқ шунчалик фаровон яшайдики, ҳатто ислом олами жамиятларида закот олувчи топилмай қолади. Шу сабабли ҳам Умар ибн Абдулазиз тарихда “адолатли ҳукмдор”, “бешинчи халифа” номларини олган. Давлат ишларидаги ислоҳотлари билан бир қаторда, тарихда биринчи бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини йиғиб, китобларга ёзиш ҳам айнан ушбу халифа ташаббуси билан амалга оширилади. Албатта, халифа Умар ибн Абдулазизнинг халқ, дин, илм-маърифат ривожи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бардавомлигини сақлаб қолиш учун қилган хизматларини бу мўъжазгина мақолада санаб, ниҳоясига етказиб бўлмайди. Уламолар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари сўнгидаги “Шундан сўнг орангизда пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик (бошқаруви) бўлади” сўзларида айнан уммавийларнинг саккизинчи халифаси Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ назарда тутилганини айтади. Бу мўътабар ҳадис шарҳларида ўз ифодасини топган.

Ҳубайб деди: Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганда, Язид ибн Нўъмон ибн Башир унинг ёнида эди. Унга мактуб ёзиб жўнатганимда, шу ҳадисни ҳам эслатдим. “Пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифа” Умар ибн Абдулазиз бўлиши мумкин, деб ўйлашимни айтдим. У Умар ибн Абдулазиз ҳузурига кириб, мактубимни берибди. Умар ибн Абдулазиз уни ўқиб хурсанд бўлибди, аммо менинг сўзларимдан ажабланибди.

Ўша аср уламолари ва кейин яшаб ўтган муҳаддис алломаларнинг бирортаси Ҳубайбнинг мазкур ҳадисни таъвил қилган сўзларига эътироз билдирмаган. Аксинча, бу ҳадисни келтирганда, остидан Ҳубайбнинг сўзларини ҳам, албатта, таъкидлаб ўтган. Чунки, муҳаддислар нотўғри таъвил оқибатлари умматга қандай зарарлар келтиришини яхши билган. Улар хавотир олган зарарлардан бири ўтган асрда “Ҳизбут таҳрир”нинг халифалик ҳақидаги даъвосида ўз аксини кўрсата бошлади. Ушбу ҳадисни шарҳлаган салаф уламолар каззобга, умматга хиёнат қилганга чиқарилиб, уларнинг шарҳлари инкор қилинди, солиҳ уламоларимизнинг сўзларини тасдиқлайдиган ҳозирги давр олимларига “сарой мулласи”, “демократия қули” тамғалари қўйилди ва ҳадис ботил фикрларга мослаб шарҳланди.

Ҳизбчилар ҳадис матнида айтилган икки подшоҳлик “араблар ва усмоний турклар подшоҳлиги”ни дея шарҳлаб, “Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган шундай халифаликни биз ўрнатамиз”, деб чиқди. Биз “икки подшоҳлик” сўзларини улар айтган маънода тушунадиган бўлсак-да, ҳизбчиларни “пайғамбарлик минҳожига асосланган халифалик”ка муносиб деб ҳисобламаймиз. Бунга бир қанча асослар мавжуд.

Биринчидан, матнда “пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик бўлади”, дейилмоқда, “ўрнатилади” эмас. Ҳизбийлар эса “халифаликни ўрнатамиз”, дейди. Шунга кўра, уларнинг айтгани Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “бўлади” деганларига хилофдир. Ҳадисга кўра халифалик ўз-ўзидан, табиий равишда вужудга келади. Имом Маҳдий Дажжолни қатл этганидан кейин унинг фитналаридан, жамиятдаги зулм ва куфрдан зада бўлган халқлар табиий равишда Имом Маҳдий томонидан таклиф этилган “пайғамбарлик минҳожи асосидаги халифалик” тузумини танлайди. Яъни, халифалик ҳизбийлар томонидан ўрнатилмайди.

Иккинчидан, Тақиюддин Набаҳоний (1909-1979) “Ҳизбут таҳрир” оқимига асос солган дастлабки йилларда[11]  халифаликни 13 йилда қуришини айтган эди. Аммо 13 йилда халифалик бўлмади, кейин “23 йилда халифалик ўрнатамиз” дейишди, бу ҳам бўлмади. Кейин “40 йилда” дейишди, у ҳам бўлмади, кейин “60 йилда”… Кўриб турганимиздек, ҳеч нарса барпо бўлмади. Бўлмайди ҳам! Улар яна неча йилни ваъда қилса, қилаверсин, барибир бўлмайди. Чунки, халифалик, улар айтганидек, ўрнатилмайди, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, пайғамбарлик минҳожи асосида бўлади – ўзи вужудга келади.

Учинчидан, “Ҳизбут таҳрир”нинг вужудга келишидаги яна бир нозик нуқтани диққат билан кўриб чиқамиз. Бунда Тақиюддин Набаҳоний социолог олим бўлганини, “Ҳизбут таҳрир” партияси эса диний эмас, сиёсий ташкилот эканини ҳам эътиборга олишимиз керак. Маълумки, социализм таълимотида феодализм (ёки капитализм)дан социализмга, социализмдан коммунизмга, яъни икки босқичдан сўнг коммунизм тузумига ўтиш ғояси мавжуд. Карл Маркс ва Фридрих Энгельс назарияси таъсирида улғайган Набаҳоний уларнинг ғоясини ўзи туғилиб ўсган халқлар орасида тарғиб этмоқчи бўлади. Аммо араблар даҳрийликка асосланган коммунистик мафкурани қабул қилмаслигини яхши билгани учун уни ислом динига мослаштиришга ҳаракат қилади, қисман бунинг уддасидан чиқади ҳам. Таққослаб кўрсак, социализм тарғиботчилари, юқорида айтиб ўтилганидек, икки босқичдан сўнг халқларни коммунизмга етказиш ғоясини ишлаб чиққан. Набаҳоний эса мазкур ҳадисда айтилган “икки подшоҳлик”ни ўз мақсади йўлида таъвил қилиб, социалистлар ғоясига мослаштиради ва уларнинг таълимотидаги “коммунизм қуриш”ни “халифалик барпо этиш” деб талқин қилади. Карл Маркс ва Фридрих Энгельс назарияси пуч ғоялардан иборатлиги, коммунизм шунчаки чўпчак эканини вақт кўрсатиб берди. Энди шу назария таъсирида вужудга келган ҳизбчиларнинг ғояларига эргашиш ҳам саҳрода саробга интилиш билан баробардир. Ваҳоланки, сароб ҳеч қачон ҳақиқат бўла олмайди, у фақат кўзига ёқадиган рўё бўлиб, одамларни адаштиришдан бошқа нарсага ярамайди.

[1] Ҳадиснинг тўлиқ матни:
حذيفة بن اليمان رضي الله عنه قال: كان الناس يسألون رسول الله عن الخير وكنت أسأله عن الشر مخافة أن يدركني، فقلت: يا رسول الله، إنا كنا في جاهلية وشرًّ، فجاء الله بهذا الخير، فهل بعد هذا الخير من شرًّ؟ قال: نعم. قلت: وهل بعد هذا الشر من خير؟ قال: نعم وفيه دخن. قلت: وما دخنه؟ قال: قوم يهدون بغير هديي، تعرف منهم وتنُكر. قلت: فهل بعد ذلك الخير من شر؟ قال: نعم، دُعاة على أبواب جهنم، من أجابهم إليها قذفوه فيها. قلت: يا رسول الله، صفهم لنا. قال: هم من جلدتنا ويتكلمون بألسنتنا. فقلت: فيما تأمرني إن أدركني ذلك؟ قال: تلزم جماعة المسلمين وإمامهم. قلت: فإن لم يكن لهم جماعة ولا إمام؟ قال: «فاعتزل تلك الفرق كلها ولو أن تعضًّ بأصل شجرة حتى يدركك الموت وأنت على ذلك» «رواه البخاري».
“Одамлар Расулуллоҳ алайҳиссаломдан яхшиликлар (савоб ишлар) ҳақида сўрар эди. Мен ўзимга етиб қолмасин деб хавфсираб, ёмонликлар (гуноҳ амаллар) ҳақида сўрар эдим. У зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз жоҳилиятда ва ёмонликда эдик. Бас, Аллоҳ бизга ушбу яхшиликни келтирди. Ушбу яхшиликдан кейин ёмонлик борми?” дедим. У зот: “Ҳа”, дедилар. “Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик борми?” дедим. “Ҳа. Унинг тутуни ҳам бор”, дедилар. “Унинг тутини недир?” дедим. “Ҳидоятсиз йўл бошлайдиган қавмдир. Улардан (баъзи нарсаларни) ёқтирасан ва (баъзи нарсаларни) инкор қиласан”, дедилар. “Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик борми?” дедим. “Ҳа, жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Уларга ким ижобат қилса, уни жаҳаннам ичига улоқтирурлар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, уларни бизга таърифлаб беринг”, дедим. “Улар ўзимизнинг қавмдандир. Ўзимизнинг тилимизда гапирадилар”, дедилар. “Ўша нарса менга етса нима қилишимга амр қиласиз?” дедим. “Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомини лозим тутасан”, дедилар. “Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?!” дедим. “Ўша фирқаларнинг барчасидан четда бўл. Агар дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам. Сенга ўлим келганда ҳам ўшал ҳолда бўлишга ҳаракат қил”, дедилар”.
Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
[2] Абу Довуд Сулаймон ибн Довуд Таёлисий Форисий (133ҳ/750м. — 204ҳ./819м.)– ровий, ҳадис ҳуффозларидан бири, муҳаддис , “Муснад” ҳадис тўплами муаллифи. Басрада вафот этган.
[3] Санаддаги Довуд ибн Иброҳим Воситий ал-Уқайлий – ҳадиси матрук, муттаҳамун бил-кизб (ёлғон сўзлагани билан иҳтимом қилинган). Аксар ҳадис илми уламолари, жумладан Ибн Жавзий “аз-Зуъафооу ва –л-матрукун” китобида Довуд ибн Иброҳимни “шахси номаълум, каззоб” деган. Санаддаги бир ровийнинг сифатига етган жароҳат сабабли уламолар ушбу ҳадисни заиф санаганлар.
Суриялик муҳаддис аллома Салоҳиддин ибн аҳмад ал-Идлибий ушбу ҳадисни ровийларидан бири Довуд ибн Иброҳимнинг ҳолати мажҳул (номаълум) бўлгани сабабли ҳамда сифати тўғрисида шак бўлгани учун у ҳадисдан ҳукм чиқаришдан тўхташ вожибдир, деганлар (2014й).
[4] Ҳубайб ибн Солим – саҳоба Нўъмон ибн Бишрнинг озод қилган қули ва котиби, ишончли ровий.
[5] Нўъмон ибн Башир ибн Саид ибн Саълаба ансорий хазражий, ҳижратдан сўнг энг биринчи туғилган саҳоба, у туғилганда онасига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан “У ҳамд айтиб яшайди, шаҳид қилинади ва жаннатга киради” деб жаннатга кириши башорат қилинган.
[6] Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад. 4-жуз. –Б273. 18430-ҳадис.
[7] Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ ибн Ҳиббон би тартиби Ибн Булбон. 15-жуз. –Б 392. 6943-ҳадис. Мақоланинг биринчи қисмида ҳадиснинг тўлиқ матни ва шарҳи берилган.
[8] Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан сўнг бошқарувга келган тўрт халифа тарихи жуда машҳур ва улкан тарих бўлиб, бу хусусда мўъжазгина мақолада батафсил тўхталишнинг имкони йўқ.
[9] Матннинг аслида “мулукан ооззон – бир нарсани маҳкам тишлаб олган шоҳ” деб келтирилган.
[10] Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон (м. 680-720) – уммавийларнинг саккизинчи халифаси, тобеинлардан, адолатли ҳукмдор. Ҳижрий 99-101 йилларда давлатни бошқарган. Адолати ва давлатни идора қилиш ишларидаги ислоҳотлари, халқпарварлиги сабабли халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)га қиёс қилиб, уни “Иккинчи Умар” деб аташган. Умар ибн Абдулазиз ислом илмлари борасида ҳам замондошлари орасида тенгсиз бўлган.
Имом Зуҳрийдан бундай ривоят қилинади: “Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ: “Уламолар Умарнинг олдида шогирд бўлиб қолади”, деган”.
Мужоҳид айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг олдига келдик, у бизнинг илмимизга муҳтож деб ўйлардик, ҳузуридан чиққанимизда эса, унинг илмига муҳтож эканимизни билдик” (“Бидоя ван ниҳоя”).
Маймун ибн Меҳрон айтади: “Умар ибн Абдулазиз олимларнинг муаллими эди”.
Уламолар саййиди Аюб Сухтиёний айтади: “Биз кўрган уламолардан ҳеч ким пайғамбар илмини унингчалик билмас эди” (“Таҳзибут таҳзиб”).
Ҳофиз ибн Саъд: “Умар ибн Абдулазиз ишончли ровий, оманатдор, унда етарлича фиқҳ, илм, тақво бор. Кўп ҳадис ривоят қилган одил амир эди, Аллоҳ рози бўлсин” (“Сияру аъломин нубала”).
Имом Заҳабий айтади: “Фақиҳ имом, суннатни яхши билган мужоҳид, шаъни улуғ ҳужжат эди” (“Тазкиратул ҳуффоз”).
Лайс ибн Саъд айтади: “Менга Умарнинг қўл остида ишлаган бир киши айтиб берди: “Бирор масалани билмай қолсак, Умар ибн Абдулазиздан сўрардик, у илмнинг аслини ҳам, қўшимча масалаларини ҳам яхши биларди, уламолар унга шогирд эди” (Ибн Касир. “Бидоя ван ниҳоя”).
[11] “Ҳизбут таҳрир” 1953 йили Исроилда ташкил топган.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …