Ҳақ таоло Усмонхон Алимов ҳазратларини барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ
~•~•~
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бизларга бир мусибат етди. Биродаримиз Шайх Усмонхон Алимов вафот этдилар. Албатта, бизлар Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчимиз. Аллоҳ таоло у кишини ўз раҳматига олсин ва жаннатларидан жой ато қилсин. Шайх Усмонхон Алимов халқ суйган, самимий, азиз инсон эдилар. Мен у кишини 1990-йилдан бери танийман. У киши Марокашнинг Фас шаҳрига келганларида биринчи бўлиб мен кутиб олган эдим. У кишини саккиз ой уйимда меҳмон қилиб, араб тилидан сабоқ берганман. Сўнгги бор 2007-йил Тошкент шаҳрида учрашган эдик.
Аллоҳ таоло у кишини ўз раҳматига олсин, аҳли оилаларига сабри жамил ато айласин.
Марокашлик олим, профессор Ҳамид Лаҳмар
~•~•~
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини сиддиқлар ва солиҳлар билан бирга айласин. Я Рабб.
Албаниялик профессор, имом Ромиз Мустафо Закоий
~•~•~
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳ таолонинг қазосига иймон келтирган ва унинг ҳукмига рози бўлган ҳолда…
Бутундунё мусулмон жамиятлари кенгаши раиси – муҳтарам доктор Алий Нуаймий, бош котиб доктор Муҳаммад Башорий жаноблари ва кенгашнинг бошқа барча аъзолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, фазилатли шайх Усмонхон Алимовнинг вафоти муносабати билан чуқур маҳзунлик ва қайғу изҳор этади:
Албатта, бизлар Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчимиз. Аллоҳ таоло у зотнинг покиза руҳини ўзининг раҳмати билан ўрасин ва кенг жаннатларидан жой ато этсин. Бу дунёдаги масканларидан кўра хайрли маскан, аҳлларидан кўра, хайрли аҳл насиб айласин. Барчаларимизга сабри жамил ато айласин.
У кишининг аҳли оилаларига ва бутун ислом оламига ўз умрини Ўзбекистон ҳамда Ўрта Осиё мусулмонлари хизматига бахшида этган улуғ олимлардан биридан жудо бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирамиз.
Албатта, бизлар Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчимиз.
~•~•~
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Боқийлик ва барҳаётлик Аллоҳга хосдир. Аллоҳ таоло ажрингизни улуғ, мусибатингизни енгил қилсин. Марҳумни мағфират айлаб, уни солиҳлари қаторига қўшсин. Албатта, бизлар Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчимиз. Аллоҳим у кишини мағфират эт, ўзинг раҳм айла, сўроқларини осон қил, қабрларини мунаввар ва кенг айла. У зотни мусаффо сувлар билан ювгин ва хато-ю гуноҳларини кетказгин. Ва солиҳлар қаторида қабул қилгин.
Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси директорид, доктор Назир Муҳаммад Айяд
Ҳамдардлик мактублар келиши давом этмоқда