3 – عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قُلْتُ: مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قُلْتُ: مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قُلْتُ: مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أَبَاكَ، ثُمَّ الْأَقْرَبَ فَالْأَقْرَبَ».
3. Баҳз ибн Ҳаким отаси орқали бобосидан ривоят қилади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Кимга яхшилик қилай?» дедим.
«Онангга», дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» дедим.
«Онангга», дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» дедим.
«Онангга», дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» дедим.
«Отангга. Сўнгра яқинларга ва яна яқинларга», дедилар».
Шарҳ: Бу кўпчилигимиз биладиган жуда машҳур ҳадис. Уламолар мана шу ҳадисдан «Онанинг ҳаққи отаникидан кўра уч баравар кўп» деган хулосани ҳам чиқаришган. Ота-она, албатта, ҳар бир фарзанд учун улуғ зотлар. Лекин онанинг тутган ўрни алоҳида таъкидланади, чунки она фарзандига ҳомиладор бўлганидан бошлаб унинг машаққатини тортади. Тўққиз ой давомида қорнида кўтариб юради. Ҳомиладорликнинг қанчалик қийин кечишини ҳар бир ақли бор одам яхши билади. Фақат фарзанд учун фидокорлиги туфайлигина она ана шу машаққатларни кўтаради. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.
Қолаверса, ҳар бир фарзанднинг туғилиши қанчалик оғир машаққат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Туғиш дарди ўлимни бўйинга олиш билан баробар эканини айниқса аёллар яхши биладилар. Шунинг учун ҳам онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.
Кейин уни эмизиб, ювиб-тараб, тўғри тарбия бериб катта қилиш қанчалик улкан меҳнат эканини ҳам ҳамма яхши билади. Бу машаққатли меҳнатни ҳам фақат онагина яхшилаб адо эта олади. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади. Шунинг учун ҳам уч марта «Онангга яхшилик қил», деганларидан сўнггина, тўртинчи мартада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчига «Отангга», деб жавоб бердилар ва улардан кейингина яқинларга – яқин қариндошларнинг ҳаммаларига яхшилик қилиш кералигини таъкидладилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Олим кишидан одамлар билан қандай муомала қилиш ҳақида сўраб-ўрганиш кераклиги.
2. Фарзанд учун энг аввало онага яхшилик қилиш зарурлиги.
3. Онанинг ҳаққи отаникидан уч марта зиёд экани.
4. Онадан кейинги ўринда яхшилик қилишга энг сазовор шахс ота экани.
5. Ота-онадан кейин яқин қариндошларга яхшилик қилиш кераклиги. Уларнинг яхшиликка ҳақдорликлари яқинлик даражасига қараб тартибга солинади.
4 – عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ؛ أَنَّهُ أَتَاهُ رَجُلٌ فَقَالَ: إِنِّي خَطَبْتُ امْرَأَةً، فَأَبَتْ أَنْ تَنْكِحَنِي، وَخَطَبَهَا غَيْرِي فَأَحَبَّتْ أَنْ تَنْكِحَهُ، فَغِرْتُ عَلَيْهَا فَقَتَلْتُهَا، فَهَلْ لِي مِنْ تَوْبَةٍ؟ قَالَ: أُمُّكَ حَيَّةٌ؟ قَالَ: لَا، قَالَ: تُبْ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَتَقَرَّبْ إِلَيْهِ مَا اسْتَطَعْتَ. فَذَهَبْتُ فَسَأَلْتُ ابْنَ عَبَّاسٍ: لِمَ سَأَلْتَهُ عَنْ حَيَاةِ أُمِّهِ؟ فَقَالَ: إِنِّي لَا أَعْلَمُ عَمَلًا أَقْرَبَ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ بِرِّ الْوَالِدَةِ.
4. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Унинг олдига бир одам келиб:
«Мен бир аёлга совчилик қилувдим, у менга тегишдан бош тортди. Ўша аёлга мендан бошқа одам совчилик қилган эди, унга тегмоқчи бўлди. Рашким келиб, ҳалиги аёлни ўлдириб қўйдим. Энди мен тавба қилсам бўладими?» деб сўради.
«Онанг тирикми?» деди.
«Йўқ», деди ўша одам.
«Унда Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил. Унга қўлингдан келганича қурбат ҳосил қил», деди.
(Ато ибн Ясор айтади:) Шунда Ибн Аббоснинг олдига бориб:
«Нима учун ундан «Онанг тирикми?» деб сўрадинг?» дедим.
«Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирадиган амални билмайман», деди».
Шарҳ: Қотил қасос, товон ҳақи қандай бўлади, нима қилишим керак, деган маънода эмас, балки тавба қабул бўладиган йўл бор-йўқлиги ҳақида сўраган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Агар онанг тирик бўлганида, онангга яхшилик қилсанг, тавбанг қабул бўларди», деган жавобни айтмоқчи бўлиб, ундан онаси бор-йўқлиги ҳақида сўраганлар. Қотилнинг онаси йўқлигини билганларидан сўнг, унга тавба қилишни ва яхши ишларни кўпроқ бажаришни тавсия этганлар.
Мана шундан онанинг ҳақлари қай даражадалигини, онага яхшилик қилиш ҳаттоки қотилликдек улкан бир гуноҳнинг ҳам кечирилишига сабаб бўлиши мумкинлигини билиб оламиз.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Билиб-билмай гуноҳ ишларни қилиб қўйган одамлар олимлардан гуноҳни ювиш йўлларини сўраб, ўрганишлари лозимлиги.
2. Олим одам сўровчининг ҳолини ўрганиши кераклиги.
3. Олим одам сўровчига унинг ҳолидан келиб чиқиб тавсиялар бериши кераклиги.
4. Онанинг розилигини топиш билан катта гуноҳларнинг мағфират қилинишига эришиш мумкинлиги.
5. Гуноҳкор одам Аллоҳ таолога тавба қилишга шошилиши зарурлиги.
6. Гуноҳнинг кечирилиши учун Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган яхши амаллар қилиш кераклиги.