“Ал-фиқҳу-л-муқорин” (Қиёсий ҳуқуқшунослик) ёки “Илму-л-хилоф” (Хилоф илми) ‒ бу исломий фиқҳий илмлардан биридир. Унда муайян фиқҳий масалаларнинг ҳукмлари борасидаги фақиҳларнинг далиллари, тушунишлари ва қиёслашларига кўра ихтилофлари ҳақида баҳс юритилади.
Унинг истилоҳий маъноси қуйидагича келади:
عِلْمٌ يَبْحَثُ فِي تَعَارُضِ الآرَاءِ الشَّرْعِيَّةِ وَكَيْفِيَّةِ الاسْتِدْلَالِ وَدَفْعِ الشُّبَهِ.
Хилоф илми ‒ шаръий фикрлардаги тафовут, муҳокама ва натижаларнинг кайфияти ва шубҳаларни даф қилиш ҳақида баҳс юритадиган илмдир.
عِلْمُ الخِلاَفِ يُعْرَفُ بِهِ كَيْفِيَةُ إِيرَادِ الأَقْوالِ وَالحُجَجِ وَطُرُقُ دَفْعِ الشُّبَهِ وَقَوَادِحِ الأَدِلَّةِ، والنَّظَرِ فِي الاسْتِنْباطاتِ والاجْتِهادَاتِ المُخْتَلِفَةِ مِنَ الأَدِلَّةِ الإجْمَالِيَّةِ أَوْ التَّفْصِيلِيَّةِ. وهو علمُ الجَدَلِ إلا أَنَّهُ خُصَّ بالمقاصدِ الدِّينيَّة. وَالهَدَفُ مِنْ عِلْمِ الخِلافِ أَنْ يُتَوَصَّلُ بِهَا إلَى المُحَافَظَةِ عَلى حُكْمٍ مُسْتَنْبَطٍ أَوْ مُعارَضَةِ حُكْمٍ آخَرَ.
Хилоф илми орқали сўзлар ва ҳужжатлардан иқтибос келтиришнинг қандайлиги, шубҳаларни даф қилиш ва далилларни чиқариш йўллари, умумий ва тафсилий далиллардан олинган турлича хулосалар ва ижтиҳодларни текшириш маълум бўлади. У жадал (баҳс, тортишув) илмидир. У диний мақсадларга тегишли илмдир. Хилоф илмидан кўзланган мақсад ‒ қабул қилинган ҳукмнинг муҳофазасига эришиш ёки бошқа ҳукмга солиштиришдир[1].
Шаръий далиллардан чиқарилган фиқҳий масалаларда хилоф кўп бўлади. Чунки мужтаҳидларнинг манбалари ва услублари ҳамда назарлари турличадир. Шунинг учун бу каби хилофларнинг бўлиши оддий ҳолдир[2].
Пайғамбримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг ислом уммати улуғ саҳобаларга эргашдилар. Ҳар қандай масалага жавобни ўзлари эргашган олим саҳоблардан изладилар. Саҳобалардан сўнг тобиъийнлар даврида ҳам вазият шу тарзда бўлди.
Кейинчалик одамлар тўрт фиқҳий мазҳаб имомларига эргашдилар. Ҳанафий, Шофиъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари Ислом миллати учун асл бўлиб қолди.
Хилоф ҳам айнан шу тўрт мазҳабга эргашувчилар орасида бўлади. Ана шу мазҳабларни тутганлар ўз имомининг гапини қўллаш учун бошқалар билан мунозаралар қиладиган бўлди. Улардан ҳар бири ўз мазҳабининг чиқарган ҳукми тўғри эканини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар келтиради[3].
Аммо эътибор беришимиз керакки, хилоф деганда уламолар бир-бирини тамоман қоралаб ташлаган деган фикрдан йироқ бўлишимиз керак. Хилоф фақатгина бирор бир масалага ечим топишда муждаҳидлар томонидан олинган шаръий далилларнинг турличалигида бўлган. Мужтаҳид олим бирорта масалага ҳукм чиқаришда бирор далилни кучлироқ санаса, бошқа бир мужтаҳид айнан шу масалага бошқа бир далилни кучлироқ санаган. Шу сабабли бир ҳукм борасида мазҳаблар ўртасида фарқлича ёндашилган.
Масалан, Абу Ҳанифа ва Имом Шофеъий ўлимтикнинг терисини ошлаш билан пок бўлишига иттифоқ қилишган. Аммо Абу Ҳанифа чўчқанинг терисини, Имом Шофеъий эса ит ва чўчқанинг терисини ошласа ҳам пок бўлмаслигига ҳукм чиқарган.
Шу тариқа мазҳаблар ўртасидаги хилофлар жузъий масалаларда ва манбалардан фойдаланишига кўра бўлган. Ушбу баҳс ва мунозалар олиб борган кишилар ҳам чуқур билим ва тафаккурга эга олим кишилар бўлишган. Баҳс ва мунозараларда ҳам ўз фикрларини ишончли манбаларга таянган ҳолда исботлашга уринишган.
Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китобида мунозара қилишнинг шартлари ҳақида қуйидагича келтиради:
“Ҳақни излаш учун ўзаро ёрдамлашиш диндан экан, тўғри даъво. Лекин унинг шартлари бор, уларни билиш лозим. Бас, мужодала ва мунозара қилишнинг саккизта шарти бор:
- Мунозара билан шуғулланувчи кимса фарзи кифояларга бош қотиришдан аввал фарзи айнларни ўрнига қўйган бўлмоғи керак.
- Фарзи кифояни мунозарадан муҳим билмаслик керак.
- Мунозара қилувчи ўз раъйи билан фатво берувчи мужтаҳид бўлмоғи лозим.
- Мунозара ҳаётда содир бўлган ёки кўпинча содир бўлиши мумкин бўлган масалалар устида қилиниши керак.
- Мунозара имкон қадар хилватда, мунозарачи учун маҳбуб ҳолатда бўлиши керак.
- Мунозара қилувчи тортишувни фақатгина ҳақни билмоқ, топмоқ учун қилиши керак.
- Қаршисидаги мунозарачи ҳамкорини бир далилдан бошқа далилга, бир мушкулдан бошқа мушкулга ўтишига монеълик қилмаслиги лозим.
- Мунозара фойдали илмлар ила машғул бўлган кишилар билан қилиниши лозим.
Хилоф илми бўйича кўплаб асарлар ёзилган. Имом Абу Ҳанифанинг “Ихтилофи саҳоба”, имом Абу Юсуфнинг “Ихтилофи Абу Ҳанифа ва Ибн Абу Лайло”, Имом Таҳовийнинг “Китоби ихтилофи фуқаҳо”, Нажмиддин Умар Насафийнинг “Манзумату-н-Насафий”, Абу Зайд Дабусийнинг “Таъсис ан-назар” китоблари шу соҳада ёзилган қимматли асарлардир.
Олимлар Абу Зайд Дабусийни ислом ҳуқуқшунослигида “Илмул хилоф” илмининг асосчиси эканлигини таъкидлайдилар.
Алломанинг “Таъсис ан-назар”, “Китобут-таълийқа” асарлари ушбу соҳада ёзилган нодир китоблар ҳисобланади. “Таъсис ан-назар” асари мазҳабларнинг муаммоларни ҳал қилишдаги ёндашув принципларини ёритиб берди. Асарда Ҳанафий мазҳаби асосчилари Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад Шайбоний ва бошқаларнинг қарашлари баён этилган. Ушбу китоб Мустафо Муҳаммад Қоббоний Димашқий томонидан тадқиқ қилинган ва алоҳида китоб қилиб нашр этилган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Хилоф илми муҳим исломий илмлардан биридир. Ундан мазҳаб имомларининг фиқҳий масалалар ҳукмлари борасидаги далиллари, тушунишлари ва қиёслашларига кўра ихтилофлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Аммо бу ихтилофлар фақатгина жузъий масалалардагина бўлган.