Home / ЯНГИ НАШРЛАР / АЛОУДДИН АЛ-УСМАНДИЙ АС-САМАРҚАНДИЙ

АЛОУДДИН АЛ-УСМАНДИЙ АС-САМАРҚАНДИЙ

Китоб муаллифи: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Отабек Муҳаммадиев

Китоб ҳажми: 232 бет.

Китобнинг қисқача мазмуни:  Ушбу китобда XII асрнинг забардаст фақиҳи ва мутакаллими, мутафаккир олимларидан бири Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандий – Ўсмат Ота ҳаёти ва илмий мероси ҳақида сўз юритилган.

Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Мовароуннаҳр ва ундан ташқарида мотуридийлик таълимотининг кенг ёйилишига беназир ҳисса қўшган олим бўлиб, Имом Мотуридийнинг издоши ҳисобланади.

Манбаларда аллома 1095 йили Самарқандга қарашли Усманд (Ўсмат) қишлоғида туғилиб, 1157 йили шу ерда вафот этгани ҳақида маълумотлар келтирилган.

Олимнинг тўлиқ исми – Абул Фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абд Ҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Усмандий Самарқандийдир.

Тарих китобларида асарларида Абул Фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абд Ҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Усмандий Самарқанд аҳлидан бўлиб, “Оламнинг устуни” сифати билан машҳурдир, деб келтирилади.

Аллома Самарқанднинг “Усманд” қишлоғида туғилгани ёки оиласи мазкур қишлоқдан бўлгани учун Усмандий нисбаси билан танилган. Ҳозирда Жиззах вилояти ҳудудидаги Бахмал тумани марказининг Усмат номи билан юритилиши масалага бир қадар ойдинлик киритади. Буни вилоят марказидан 70 км  узоқликда жойлашган шу номли шаҳарча ҳамда туман марказида, Қўрғонтепа пойида “Ўсмат Ота” зиёратгоҳининг мавжудлиги ҳам тасдиқлайди.

Аллома ўзидан ҳозирги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган улкан илмий мерос қолдирган. Унинг “Лубобул калом” (Калом илмининг жавҳари), “Тариқатул хилоф байнал аслоф”(Ўтган уламолар ўртасида фиқҳ илмидаги ихтилофлар), “Базлун назари фил усул” (Усул ал-фиқҳ илмига чуқур назар), “Мухталафур ривоя” (Ривоятларнинг турлилиги) каби асарлари шулар жумласидандир.

Манбаларда алломанинг жами 15 га яқин фиқҳ, калом, тафсир ва хилоф илмларига доир асарлар ёзиб қолдиргани қайд этилган.

Алоуддин Усмандийнинг шоҳ асари бўлмиш – “Лубобул калом” асари мотуридийлик таълимотининг муҳим тамойилларини ёритишга бағишланган қимматли асар ҳисобланади.

Муаллифнинг ушбу асар қўлёзмаси муқаддимасида келтиришича, у ушбу асарни “Лийакуна ҳидоятан ли-л-мубтади фи тасҳиҳи-л-эътиқод” (Илк бошловчига эътиқодни тузатишда тўғри йўл кўрсатувчи китоб) бўлиши мақсадида таълиф қилган.

Аллома ушбу асарни ёзишда ҳанафий мазҳаби олимлари ва айниқса, мотуридий мутакаллимлари йўлидан бориб, шу эътиқодга қатъий амал қилган. Асар муқаддимасида усулид дин ва унга тааллуқли бўлган илм ва назар, бандаларнинг феъллари, имон, исмлар ва ҳукмлар ва ниҳоят охират ва имомат*га тегишли калом илмига оид муҳим масалалар бўйича ўз қарашларини баён этган.

Илм ва назар ҳақидаги бобда аллома илмга таъриф бериш жараёнида уларнинг ҳам мартабаси борлигини таъкидлаган ҳамда жами илмлар орасида тавҳид, яъни калом илмининг алоҳида ўринга эгалиги, унинг бошқа илмлардан айрим жиҳатлари билан ҳатто афзал ҳам эканлигини далиллар орқали баён этган.

Шунингдек, ушбу бобда ҳиснинг беш тури*, ақл ва тўғри хабар ҳақида ҳам фикр билдирилган. Бундан ташқари, аллома ўз асарида нубувват , пайғамбарлар мўъжизалари, илоҳий китоблар, Қуръондаги ривоятлар ва келажак ҳақидаги башоратларга алоҳида тўхталган.

Усмандий бандаларнинг амаллари (“Афъолул ибод”) масаласида фикр юритиб, ўз қарашларида жабарийлар*  ва мўътазилийлар* нинг ғояларини мувофиқлаштиришга уринган. Унинг фикрича, Аллоҳ таоло инсонни яратиб, яхши ва ёмонни, фойда ва зарарни ажрата олиши учун унга ақл ва иродани берган. Бандаларнинг амалларини Аллоҳ йўқдан бор қилади, аммо уни касб қилиш ва ўзлаштириш банда томонидан амалга оширилади. Аллоҳ бандасига маълум бир ишни қилиш вақтида унга куч ва қудрат ато этади. Шу билан бирга, Аллоҳ бандасининг зиммасига унинг тоқати ва қудратидан ортиқ нарсани юкламайди. Аммо инсоннинг амалларидан ҳисобланган катта ва кичик гуноҳлар ҳам, гарчи Аллоҳнинг розилигига хилоф бўлса-да, Яратганнинг иродаси ва яратишига биноан содир бўлади.

Бу қарашлар юртимизда асрлар давомида амал қилиб келинаётган аҳли сунна вал жамоа эътиқодига ҳамоҳанг бўлиб, ўз ўрнида муътазилийя, жабарийя ва уларнинг фикрларини қабул қилган айрим адашган тоифаларга ўринли раддия ҳам ҳисобланади.

Бундан ташқари, асарда имон, охират, қабр азоби, Мункар ва Накир, мийзон*, сирот кўприги, шафоат*, имомат каби калом илмининг муҳим масалаларига ҳам алоҳида ўрин берилган.

Алоуддин Усмандий ўзининг “Лубобул калом” асарида калом илмига оид муҳим масалаларнинг таҳлилида, кўриниб турганидек, мотуридия ақидавий мазҳаби амал қилган тамойилларга таянган. Бу эса, ҳозирги ғоялар кураши авж олган бир даврда аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос халқимиз, хусусан, ёшларимизга муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, айниқса, ақидавий масалалар ҳақида баҳс юритувчи калом илмининг мотуридийя йўналиши қарашларини баён қилиш, ботил даъволарни илгари сураётган айрим оқим ва фирқаларга ғоявий зарба беришда дастуруламал сифатида муҳим омиллардан ҳисобланади.

Бундан ташқари, китобда аллома ҳаёти, илмий-ижодий фаолияти атрофлича таҳлил этилган. Асарларининг айрим жойлари ўзбекчага ўгирилиб китобга киритилган. У зотнинг илм излаб қилган сафарлари, бу йўлда чеккан машаққатлари ҳақида маълумотлар баён этилган.

Ҳозирги кунда дунё кутубхоналари фондида сақланаётган аллома қаламига мансуб асарлар ҳақида ҳам маълумотлар жамланган.

Эътиборли жиҳати шундаки, китобни тайёрлашда юртимиздан етишиб чиққан калом илми олимларининг ҳаёти, илмий ижоди ёритилган маҳаллий ва хориж адабиётларидан фойдаланилган.

Мазкур китоб калом ва фиқҳ илмларига қизиқувчилар учун қимматли  манбалардан бири ҳисобланади. 

* (араб. — бошқармоқ)
* Ҳидлаш, кўриш, ушлаш, эшитиш, таъм билиш.
* «Нубувват» луғатда «наба» муҳим хабар бериш, ва «нубу» юқорилаш маъноларини билдиради. Нубувват Аллоҳ таолодан бўлган хабарнинг ваҳий йўли ила У зот Ўзи бандалари ичидан танлаб олган шахсга етишидир.
* (араб. жабр сўзидан – зўрлик ишлатиш, мажбур қилиш маъносида) – 7 аср охири 8 аср бошида ислом илоҳиётида пайдо бўлган оқим тарафдорлари.
* 8 асрда араб халифалигида вужудга келган, мусулмонлардан ажралиб чиққан оқим.
* Қабрда сўроққа тутувчи икки фаришта номи.
* Қиёмат кунида инсонлар амаллари ҳисоб-китоб қилинадиган тарозу.
* Шафоат, луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ёрдам бериш ва ёнини олиб, бирор нарсани унинг учун сўрашдир. Кўпгинча, шафоат, мартабаси ва ҳурмати юқори шахснинг ўзидан паст одамнинг тарафини олиб унга қўшилишига истеъмол қилинади. Қиёматдаги шафоат ҳам шундандир.

Check Also

Ислоҳотлар – соҳа ривожининг асоси

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 17 май куни ислом динининг Ҳанафий-Мотуридий талқинига бағишланган халқаро симпозиум бошланди. …