Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ДИНИНИНГ КОРЕЯДА ТАРҚАЛИШИГА ДОИР ТАРИХИЙ ВА ИЖТИМОИЙ АСОСЛАР

ИСЛОМ ДИНИНИНГ КОРЕЯДА ТАРҚАЛИШИГА ДОИР ТАРИХИЙ ВА ИЖТИМОИЙ АСОСЛАР

Корея давлатчилик тарихи ўзига хос хусусият ва минтақа маданияти умумий манзарасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатган жиҳатларга эга. Корейс манбаларида Корея яримороли ва мусулмон дунёси ўртасидаги алоқалар XI асрдан, араб манбаларида эса мусулмонларнинг ушбу яриморол билан муносабатлари Бирлашган Силла (661-935 йй.) подшолиги давридан бошлангани қайд этилган. Савдо мақсадида Хитойга келган корейс тижоратчилари иш юзасидан мусулмонлар билан муомалада бўлганлар. Ўз навбатида, мусулмон савдогарлари Хитойдаги корейс ҳамкасблари кўмагида Корея яриморолига ўз савдо йўналишларини кенгайтиришга эришганлар. Албатта, икки томон ўртасидаги алоқаларда тижорат асосий омил бўлса-да, айни пайтда, ислом маданияти белгиларидан баъзилари Корея яриморолига кириб келган. Ушбу даврга оид маълумотларни IX-XVI асрларда ҳаёт кечирган мусулмон олимларининг тарих ва географияга оид асарларида учратиш мумкин. Ибн Хурдазбиҳ, Абул Фазл ва бошқа олимлар Силланинг географик жойлашуви, маданий муҳити ҳақида ёзиб қолдирганлар [6: 24].

Мусулмон олимлари Корея яриморолининг географик ўрни ва тузилиши ҳақида хабар бериш билан бир қаторда, корейс халқининг келиб чиқиш тарихига алоҳида эътибор қаратганлар. Корейс ирқининг келиб чиқишига оид манбалар орасида 851 йилда Сулаймон ал-Тожир томонидан ёзилган “Хитой ва Ҳиндистонга йўлланма” ва Масъудийнинг “Билим ва умумий кузатувлар” асарлари учрайди. Икки муаллиф ҳам Силла халқини оқ ирққа мансублигини таъкидлаган: “Силла халқи Хитой ва унинг атрофидаги миллатлар билан биргаликда еттинчи жамоатга тегишлидир. Улар Нуҳнинг ўғли Ёфас, Ёфас ўғли Амур авлодларидандир. Улар бир подшоҳга бўйсунган ҳолда ягона тилдан фойдаланадилар” [5: 24]. Масъудий эса ўзидан аввалги олимлар фикрларидан таъсирланган ҳолда корейс миллатини Амур авлодлари сифатида қайд этади. Амур Европа тилларидаги Гомер исмининг эквиваленти бўлиб, Эски Аҳдга кўра, у Нуҳ фарзанди Ёфаснинг тўнғич ўғлидир. Масъудий дунё халқларини етти гуруҳга ажратиб, шундан Силла халқини хитойликлар билан бирга еттинчи гуруҳга киритади.

Масъудий Силлада истиқомат қилган баъзи мусулмон хорижликлар, хусусан, ироқликлардан у ерни тавсифи ҳақида эшитганларини батафсил ва аниқ ёзиб қолдирган: “Хитой соҳилларидан ўтилса, Силла номи билан танилган ороллар мажмуи кўринади. У ерда ироқлик ва бошқа хорижликлар муқим туриб, ўзларининг ватани сифатида қабул қилганлар. Улар Силлани тоза ҳавоси, мусаффо суви, серунум тупроғи, минерал ва қимматбаҳо тошларга бойлиги сабабли тарк этишни ўйламай, баъзиларни истисно этмаганда, у ерда кўпчилик доимий яшаб қолганлар” [4: 155-156].

Ислом дунёсида етишиб чиққан олимлар томонидан ёзилган асарлардан ташқари, Хитой-Корея тарихий солномалари ҳам мусулмонларнинг Корея яриморолига кириши ҳақида хабар берувчи қадимги манбалардан саналади. Корея яриморолида корейс ва мусулмонлар ўртасида кечган алоқаларни акс эттирувчи илк расмий ҳужжатлар тўплами, бу – Корё сулоласи (936-1392) солномаси “Корёса” ҳисобланади. Унда мусулмонларнинг мамлакатга келиши ва уларнинг савдо фаолияти ҳақида қуйидаги йиллар кесимида маълумот берилган: “1024 йил, Ар-Розий ва юзга яқин киши Таши (мусулмон-араб халифалигининг ўрта аср хитой манбаларида номланиши) давлатидан Кореяга ташриф буюриб, ўзлари билан келтирган маҳсулотларни қиролга тортиқ қилишди. 1025 йилнинг сентябрида Ҳасан ва Розий ҳамда яна юз нафар киши Таши давлатидан келиб, ўзлари билан келтирган маҳсулотларни қиролга тортиқ қилишди” [3].

1270 йилда мўғуллар Корея устидан тўлиқ назоратни ўрнатгач, Хитойдаги Юан-мўғул империяси ҳукуматига хизмат қилиб, маъмурий ишларда ўз салоҳияти ва маҳоратини намоён қилган ҳамда бу борада юқори лавозимларга кўтарилган кўплаб мусулмонлар мўғуллар билан биргаликда Кореяга кириб келганлар. Мазкур мусулмонлар таркибида турли халқ вакиллари, хусусан, марказий осиёликлар ҳам бўлишган. Улардан бири – Корё қироли Чунгнёолга туҳфа қилинган мўғул маликасининг ёрдамчисидир. Унинг асл исми Самга бўлиб, Кореяда муқим қолишга қарор қилгач, қирол унга корейсча Жанг Суннёнг исмини берган. Жанг кореялик аёлга уйланиб, Дэоксу Жанг уруғининг асосчисига айланган. Унинг авлодлари кўплаб расмий давлат лавозимларини эгаллаб, асрлар давомида Кореядаги конфуцийлик тарафдорлари ҳурматига сазовор бўлганлар [1: 195].

XIII аср ўрталарида Корё мўғул империяси тасарруфидаги автоном давлатга айланиши оқибатида Корея яриморолидаги мусулмонларга нисбатан Хитойда бўлгани сингари “хуэй” тушунчаси (Хитойда “huihui” шаклида) ишлатилган. Кўп йиллар мобайнида корейс ва мусулмонлар ўртасида алоқаларни мазкур атама мисолида ўзгартиришга урғу берилганлиги Юан-мўғул империясида мусулмонлар мақоми барқарор ва аҳамиятли бўлгани ҳамда улар маҳаллий ҳаётда фаол иштирок этганини кўрсатади. Демак, биринчи босқичда мусулмон ва корейслар ўртасидаги муносабатлар тижорат асосида бошланиб, мусулмонлар шунга монанд равишда “daesik” деб аталган. Кейинги босқичда мусулмонларга нисбатан “hoehoe” атамаси ишлатилиб, бу ном ягона географик ҳудудда яшаб, шахсий тараққиёт йўлида у ернинг маҳаллий аҳолиси билан ҳамкорлик қиладиган ва ўз навбатида, рақобатга кирашадиган хорижий халқларнинг умумий мазмунини ифодалаган.

Мўғул империяси томонидан турли ўлкаларнинг босиб олиниши маҳаллий билим ва маданият белгилари кенг ҳудудларга тарқалишига ҳам асос бўлганлигини кўрсатади. Корё Юан-мўғул империясининг мустамлака ҳудудига айланганидан эътиборан, мўғулларнинг истило қилган ўлкаларидаги расмий вакили – “даругачи”[1] вазифасини Корея яриморолида баъзи мусулмонлар бажаришган.

Корё даврида мусулмонлар жамият ҳаётида фаол иштирок этгани ва маҳаллий анъаналарга мослашиб кетгани қабртошларида ҳам кўзга ташланади. 1985 йилда Гуанжоудаги ноҳиялардан бирида жойлашган мусулмонлар қабристонлари устида қурилиш ишлари бошланиши натижасида ўзига хос конструкцияга эга қабртошлари топилди. Уларнинг шакли ва тузилиши Шарқий Осиё услубини эслатса-да, араб ва хитой тилларидаги каллиграфик ёзувлари билан ўзаро фарқланиб туради. Араб ёзувида қабр тошига Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 255-ояти ёзилган бўлса, хитой ёзуви қабртош четидаги нақш чизиғи вазифасини бажарган ва унда Корё даврида корейс мусулмонлари орасида тарқалган “Рамазон” исми қайд этилган. Шунингдек, қабртошида у Гуанси провинциясида “даругачи” лавозимида ишлагани ёзилган[2].

Корё даврида мусулмонларнинг турли ижтимоий қатлам вакили сифатида фаолият юритганлиги икки маданият ўртасида ўзаро таъсир ва тарихий боғлиқлик мавжуд бўлганидан далолат қилади. Айни пайтда, Чосон сулоласи ҳукмронлигининг илк йилларига қадар давом этган мазкур бирдамлик муҳити корейс мусулмон идентификацияси шаклланиши учун дастлабки босқичга айланди. Иккинчи босқич эса нисбатан шиддатли кечиб, Чосон империяси (1392-1910)[3]нинг ассимиляция сиёсати остида Кореяда юқори ижтимоий ва иқтисодий мавқега эга бўлган мусулмонлар муқаддам риоя қилинган миллий кийимлар, урф-одатлар ва маросимларидан воз кечишга мажбур бўлдилар.

Чосон империяси даврида конфуцийлик жамият учун ғоявий асос вазифасини ўтаган бўлиб, корейс халқи мазкур фалсафий таълимотга тегишли тушунча ва қарашлар орқали борлиқ ва динни англашга ҳаракат қилган. Аслида, корейслар IV асрданоқ конфуцийлик таълимоти ҳақида муайян маълумотга эга бўлганлар. Чосон империяси ҳукмронлиги даврига келиб, ушбу таълимот қарашлари корейс жамиятида ҳукмрон мавқега эга бўлди. Бунда икки омил принципиал ўрин тутди: биринчидан, конфуцийлик расман давлат дини, деб эълон қилинди. Иккинчидан, Сун сулоласи (960-1279) ҳукмронлиги даврида Хитойда шаклланган конфуцийликнинг янги шакли Чосон даврининг дастлабки йиллари Кореяда ҳам кенг тарқалди [7]. “Нео-конфуцийлик”[4] деб номланган бу таълимот ҳукумат бошқаруви бўйича ахлоқий кўрсатмалар ва маслаҳатлар бериш билан бир қаторда, бошқа динларнинг фаолият доирасини, жумладан, улардаги бажариш мумкин бўлган маросимлар ва маросимларда иштирок этиш ҳуқуқига эга шахсларни белгилаб берган.

1427 йилда қирол Сежон (King Sejong, 1397-1450/1418-1450) Маросимлар вазирлиги (Yejo) томонидан ишлаб чиқилган “Чосон ҳудудидаги диний озчилик гуруҳларнинг урф-одатларини тартибга келтириш ҳақидаги” қарорни имзолаши Кореядаги мусулмонлар учун янада ноқулай муҳитни юзага келтирган. Ушбу қарорда мусулмонларнинг кийиниш тарзи маҳаллий аҳолиникидан ажралиб туриши бошқа миллат вакиллари билан ўзаро никоҳ алоқаларини боғлашга монелик қилувчи омил сифатида қораланиб, улар анъанавий кийиниш тарзига ўтиш орқали мазкур фарқни бартараф этишлари ва эътиқодларига оид ибодатларни бажаришни тўхтатишлари лозимлиги қайд этилган [8]. Бошқа томондан, диний озчилик ҳақида чиқарилган мазкур қарор орқали мамлакатда мусулмонлар ўз ўрни ва нуфузига эга бўлганини тахмин қилиш мумкин. Чунки мусулмонларга маҳаллий аҳоли билан ўзаро турмуш қуриш талаби қўйилиши, улар Корея яриморолида “вақтинча жамоа” эмас, “доимий фуқаро” сифатида эътироф этилганлигини билдиради. Шунингдек, бу даврда ислом динининг минтақага хос хусусияти – мусулмонларнинг туб ерлик халқ турмуш тарзига мослашиб кетиши натижасида, диний тушунчаларнинг маҳаллий тилга мувофиқ аташ анъанаси тарқалган. Масалан, мусулмонлар орасида етук диний билимга эга олимлар “хуэй-самун”, яъни, “мусулмон имом” ва ибодатларни бажаришда бош бўлувчи маъносидаги “доро” тушунчалари билан аталган.

Маданий ўзига хосликка қарши қаратилган сиёсат[5] қаршисида мусулмонлар конфуцийлик қарашлари ва туб ерлик аҳоли орасида тарқалган билимларни ўзлаштириш, Чосон турмуш тарзи асосида ҳаёт кечириш, исмларини ўзгартириш орқали ассимиляция жараёнига киришиб кетиб, корейс жамиятининг тўлақонли аъзосига айланиб бордилар. Цивилизацияларни бир-бирига таъсир қилиб, ўзгаришларга юз тутиб туриши ва маданиятларнинг ўзаро синтези тарихий нормал жараёндир. Шу маънода, ислом ҳам Шарқ ва Ғарб цивилизициялари ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини бажарган. Масалан, ушбу давр давомида кашф қилинган астрономик ҳаракатлар ўлчови (celestial globe), сув соати, қуёш ўлчови (sundial), астрономик соат ва ёғингарчилик миқдорини ўлчовчи (rainfall gange) ускуналар ҳамда исломий санъат, тиббиёт ва адабиётга доир янгиликлар Шарқий Осиё халқларини орасига кириб борди [2: 57-75].

Демак, минг йилдан ортиқ даврга бориб тақалувчи ислом дунёси ва Корея яримороли ўртасидаги маданий алоқаларда, Чосон империяси ҳукмронлик вақтидаги диний аккультурация сиёсатини ҳисобга олмаганда, жиддий қарама-қаршилик ҳамда урушлар учрамаган. Яриморолга ислом динининг тарқалиши жараёни маҳаллий аҳоли билан ўзаро тинч, очиқ ва бағрикенгликка асосланган мулоқот шароитида кечган.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Grayson, James Huntley. Korea: A Religious History. – USA, Routledge, 2002.
  2. Hee-Soo Lee. The Spread of Islamic Culture to the East Asia Before the Era of Modern European Hegemony // Islam araştirmalari dergisi,  Sayi 7, 2002.
  3. Koryosa.5, ʼSe-gaʼ Vol. l5, 15-16 th reign of King Hyun-jong.
  4. Абул Ҳасан ибн Али Масъудий. Муруж аз-заҳаб ва маъодин ал-жавҳар. – Байрут: Ал-мактабат ал-асрият, 2005.
  5. Абул Ҳасан Али Масъудий. Китаб ал-танбийҳ ва ал-ишраф. – Қоҳира: Мактабат ал-шарқ ал-исламият, 1938.
  6. Абу Қосим Муҳаммад ибн Хурдазбиҳ. Китаб ал-масалик ва мамалик. – Лейден, 1882.
  1. http://asianhistory.oxfordre.com/view/10.1093/acrefore/9780190277727.001.0001/acrefore-9780190277727-e-192
  2. https://www.islamawareness.net/Asia/KoreaSouth/ks_article101.pdf
[1] “Даруга”, “даругабек”, “даругачи” – ўрта асрлар Марказий Осиё хонликларида хоннинг шахсий мулки тасарруфини назорат қилувчи расмий лавозим номи. Унинг асосий вазифаси хонлик ҳудудида солиқ ишларини бошқаришдан иборат бўлган. “Даругачи” Бухоро ва Хива хонликларида катта нуфузга эга бўлиб, ҳатто, ҳарбий қўшин фаолияти назоратида ҳам иштирок этган.
[2] Илк бор мазкур қабртошни ўрганиш ишларини кореялик олим Парк Хюн-Гю ўзининг 2003 йил Хитой жанубига амалга оширган илмий сафари давомида олиб борган. 
[3] Чосон қироллиги 1392 йилда Йи Сеонгге томонидан ташкил қилиниб, тахминан 1897 йилга қадар давом этган. 1897 йил октябрь ойида у расман Корея империяси номини олган.
[4] Нео-конфуцийлик эътиқоди тарафдорлари аждодлар руҳи сингари ғайритабиий тушунчаларнинг мавжудлигига ишонишса-да, улар “Мутлақ Қудрат соҳиби” – Худо ҳақидаги эътиқодни қабул қилмаганлар. Шунингдек, бу таълимотда бутун борлиқни яратган “Яратувчи”га эътиқод ҳам мавжуд эмас. Нео-конфуцийлик таълимотига кўра, дунё ўз-ўзини ҳамиша яратибгина қолмай, бу жараён давомида ўзининг ахлоқ кодексларини ҳам юзага келтиради.
[5] Ўрта асрларда Мин сулоласи бошқарувидаги Хитой ва Чосон қироллиги ҳукмронлигидаги Кореяда “миллийлаштириш” сиёсати олиб борилган бўлса-да, ушбу сиёсатни амалга ошириш ва унга ёндашув борасида икки империя ўртасида кескин фарқлар учрайди. Масалан, Мин хитойи ўз ҳудудидаги “хорижий” дин ва маданиятлар вакиллари турмуш тарзи ва савдо-сотиқ фаолиятига қисман мустақиллик бериш (“laissez-faire policy”) ва улар ўртасидаги маданий чегараларга ҳурмат кўрсатиш орқали “хитойлаштириш” сиёсатини олиб борган. Аксинча, Чосон империяси эса хорижликларни маҳаллий урф-одат ва маданиятга мослашишга мажбурлаш воситасида яхлит жамият қуриш йўлидан борган.   
Одилжон ЭРНАЗАРОВ,
ЎзХИА Илмий тадқиқотлар,
инновациялар ва илмий педагог кадрлар тайёрлаш сектори бошлиғи,
 тарих фанлари бўйича PhD

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …