Home / ПРЕСС-РЕЛИЗЛАР / “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” мавзусида ўтказиладиган халқаро Форум

“Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” мавзусида ўтказиладиган халқаро Форум

“Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида
“Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи”
мавзусида ўтказиладиган халқаро Форум

ПРЕСС РЕЛИЗИ

1-3 ноябр 2022 йил                                                                                          Самарқанд шаҳри

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 282-сон Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 октябрдаги мажлиси 104-баёни ижроси юзасидан жорий йил 1-3 ноябрь кунлари “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA-ИРСИКА) ҳамда қатор мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Самарқандда “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” мавзусида халқаро Форум ўтказилмоқда.

Форумдан кўзланган мақсад – Ислом тарихи ва маданиятига оид қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари, бу борада Ўзбекистон ва хориж тажрибаси, китобат, муқовасозлик, хаттотлик санъатини тиклаш ва ўрганишга доир замонавий илмий-тадқиқот натижалари билан танишиш ва тажриба алмашишдан иборат.

Форум доирасида “Ўзбекистон фондларида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхалари” мавзусида халқаро кўргазма, “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестиваль ва ҳунармандлар савдо ярмаркаси, шунингдек, “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилади.

Тадбирларда маҳаллий ва етакчи нуфузли хорижий ташкилотлар ва илмий муассасалар раҳбар ҳамда тадқиқотчилари, соҳа мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган хаттотлар, кулоллар, наққошлар, қоғоз ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, диний соҳа вакиллари, таниқли исломшунос олимлар ва ОАВ ходимлари иштирок этади.

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни, соат 15.00 да Самарқанддаги “Боқий шаҳар” мажмуасида Форумнинг очилиши бўлиб ўтади. Унда ташкилотчилар (Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, IRCICA Бош раҳбари, Маҳмуд Эрол Қилич, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров) меҳмонларни қутлаб, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самаралари хусусида сўз олишади ҳамда форумнинг мақсад ва вазифалари, унинг доирасида ўтказилаётган тадбирлар моҳияти ҳақида маълумотлар беришади.

Форумнинг асосий тадбирлари шу ернинг ўзида “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестивал ва савдо ярмаркаси билан бошланади. Фестивал ва ярмаркада мамлакатимизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистондан 30 нафарга яқин ҳунарманд усталар ишлари намойиш этилади.

Тарихдан маълумки, араб ёзуви ислом динининг маънавий-маърифий ҳамда маданий тараққиёти учун катта хизмат қилган. Дастлаб Қуръони карим тери, сопол, ёғоч ва қоғозларга кўчирилиб жамланди. Ўрта асрларда, ҳали китоб чоп этиш ихтиро этилмаган маҳалда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китоб ҳолига келтирилган. Шу боис, китоб кўчириш ўша даврда энг эътиборли ҳунар ва санъат ҳисобланган. Бу ҳунар эгалари хаттот ёки котиб деб ном олиб, кўплаб алломаларимиз ҳам ўз асарларини шу касб эгаларига кўчиртирган. Натижада қоғоз ишлаб чиқариш, хат турлари, терига ишлов бериш, ёғоч ва буюмларга нақш солиш каби бир қанча исломий санъат турлари шаклланди. Араб ёзуви турли санъат намуналарига кўча бошлади.

Бугун қайта чирой очаётган тарихий обидаларимиз, масжид ва мадрасаларимизнинг пештоқидаги хаттотлик намуналари киши эътиборини ўзига тортади. Айниқса, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъат туридир. Ўрта Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан бу ўлкага “Қуръони карим” нозил қилинган араб ёзуви кириб келди. Бу санъат азалдан Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган.

Давлатимиз тарихида Бухоро, Хива, Қўқон, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланган. Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъати жумладан, абру, кулолчилик, кандаҳорлик, майолика, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги ва зардўзликда ҳам кенг фойдаланилган.

Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРСИКА) билан ҳамкорликда ўтказилаётган форум доирасидаги фестивал ва савдо ярмаркаси ҳам асрлар давомида ота-боболаримиздан бизгача етиб келаётган хаттотлик, абру, кулолчилик, кандакорлик, майолика, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, қоғоз ишлаб чиқариш, миниатюра, зардўзлик, каштачилик, пичоқчилик, гиламдўзлик санъатини янада ривожлантириш, юртимизнинг турли ҳудудларида мазкур санъат мактабларини ташкил этиш ва бу соҳаларга қизиқувчилар орасида ушбу санъатни кенг тарғиб қилиш мақсадларини кўзлайди.

Мажмуада фестивал ва савдо ярмаркаси билан биргаликда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва IRCICAнинг Халқаро ислом хаттотлик кўргазмаси ҳам ташкил этилади.

Араб каллиграфияси бўйича маҳорат дарси ва ислом санъатига оид давра суҳбати Форумнинг навбатдаги тадбири ҳисобланади. Тадбир “Боқий шаҳар” мажмуасида шу куннинг ўзида соат 16.30 да бошланади. Маҳорат дарси ва давра суҳбати Туркияда ўтказилган хаттотлик мусобақасининг 10 дан ортиқ ғолиблари томонидан олиб борилади. Иштирокчилар амалий машқлар асосида хаттотлик санъати намуналарини яратиш кўникмалари ҳамда ислом санъати борасидаги билимларини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлишади.

2 ноябрь, соат 10.00 да Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Марказий Осиё-ислом санъати ўчоғи” халқаро форуми доирасида Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари кўргазмаси ташкил этилиб, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган “Катта Лангар Қуръони: кеча ва бугун” лойиҳаси тақдимоти ўтказилади.

Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари кўргазмасини ўтказишдан кўзланаётган асосий мақсад юртимиз узоқ тарихдаёқ миллий ва диний қадриятлар, илм-фан, цивилизациялар маркази бўлганини яна бир бор кенг жамоатчиликка, халқаро илмий доира вакилларига намоён этишдан иборат. Кўргазмада Тошкентда сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафининг терига кўчирилган нусхаси, Катта Лангар Қуръонининг кўчирилган ва факсимиле нусхалари ҳамда юртимиз фондларида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхалари намойиш қилинади.

Ушбу кўргазма ҳамюртларимиз қалбида алоҳида фахр уйғотишига шубҳа йўқ. Негаки, дунёда Мусҳафи шарифнинг илк нусхаларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мамлакат, қолаверса, ҳадис, тафсир, фиқҳ, калом каби исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалари бор халқ камдан-кам топилади. Кўргазмага ташриф буюрганлар мутафаккирларимиз нафақат математика, география, астрономия, фалсафа, тиббиёт, грамматика, этнография каби дунёвий илмлар, шунингдек, меъморлик, наққошлик ва рассомлик сингари нафис санъат бобида, балки диний илмлар соҳасида ҳам яратган ўлмас асралари орқали юксак натижаларга эришганига яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Ушбу тадбир орқали IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг “олтин даври”га айланишида айнан Мовароуннаҳр олимларининг ҳиссаси беқиёс бўлгани ҳам тарғиб этилади.

Айни пайтда ушбу кўргазма халқаро жамоатчилик, хориждаги манфаатдор илмий доиралар учун ҳам ғоят фойдали тадбир бўлади. Чунки, чет элликлар Қуръони каримнинг энг қадим нусхалари билан танишиш баробарида, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларга садоқати, буюк аждодлар хотирасига ҳурмат-эътибори, илм-фанга бўлган муносабатига гувоҳ бўлишади. Янги Ўзбекистонда ёш авлодни ҳам жисмонан, ҳам маънан етук инсонлар этиб вояга етказиш борасидаги ютуқлар, миллий-маънавий соҳалардаги ислоҳотлар бераётган юксак натижалардан баҳраманд бўлишади.

Шу куни соат 11.15 да Марказда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида халқаро конференция очилади. Унда маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, университетлар, илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимлари иштирок этади. Конференциянинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришда Ўзбекистон ва хориж тажрибаси” номли I шўбаси йиғилишида юртимиз ва Туркия ҳамда Қозоғистон давлатларидан 22 нафар олим ва мутахассис маъруза қилади.

3 ноябрь, соат 9.00 да “Ипак йўли” Туризм ва маданий мерос халқаро университетида мазкур халқаро конференциянинг “Нодир манбаларни консервация ва реставрация қилиш, реестр тузиш ва рақамлаштириш масалалари” мавзусидаги II шўъбаси иш бошлайди. Унда мамлакатимиз, Туркия, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг яна шунча (22) нафар олим маърузалари тингланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” ПҚ-126-сон қарорига асосан ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизими йўлга қўйилди. Қарорда қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш ва уларни консервация ҳамда реставрация қилиш вазифалари белгилаб берилди.

Халқаро конференция ҳам қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимидаги мавжуд муаммоларни амалий фаолият асосида бартараф қилиш, нодир манбаларни консервация ва реставрация қилишни янада такомиллаштириш борасида Ўзбекистон ва хориж тажрибасини мувофиқлаштириш ҳамда уни қадимий ёзма манбалар реестрини тузиш ва рақамлаштириш ишида амалиётга кенг қўллаш мақсадларини кўзлайди.

Анжуман давомида тизимдаги муаммолар аниқланиб, ютуқ ва камчиликлар белгилаб олинади ҳамда соҳани янада такомиллаштиришга оид таклиф ва мулоҳазалар ишлаб чиқилади.

Конференция якунларига кўра мамлакатимиздаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузиш ва доимий мониторингини юритиш бўйича соҳа мутахассисларининг кўникмалари оширилади, давлат реестри асосида қадимий ёзма манбаларнинг турлари бўйича (қўлёзма, тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатлар) каталоглар ва электрон нусхаларини яратиш жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил этилиб, манбалар консервацияси ва реставрацияси билан шуғулланаётган соҳа ходимларининг мунтазам равишда касбий салоҳиятини ошириш бўйича Ўзбекистон ва хориж тажрибаси ўрганилади.

Иштирокчиларда музейлар, кутубхонaлар ва давлат ташкилотларидaги ёзма манбалaрга оид маълумотлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизaцияси мaрказига мaжбурий тартибдa, бошқа шaхслар (фуқаро ва шахсий қўлёзма фонд эгалари) эса ихтиёрий aсосда тақдим этиш тартиби бўйичa кўникма ҳосил қилинади. Шунингдек, нодир ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш борасидаги ишлар кенг жамоатчиликка етказилади.

Конференция сўнгида кўрилган масалалар ва тингланган маърузалар асосида якуний хулоса қабул қилинади.

“Марказий Осиё – Ислом санъати ўчоғи” номли халқаро форум сўнггида иштирокчиларнинг Имом Бухорий илмий меросини ўрганишнинг аҳамиятини ёритувчи якуний баёноти қабул қилинади.

Маълумот ўрнида: сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар нафақат юртимиз балки, бутун Ислом оламида машҳур соҳа вакиллари томонидан ҳам юксак эътибор билан тан олинмоқда.

Жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб эътироф этилаётган бу давр мобайнида Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган халқаро даражадаги илмий-тадқиқот марказлари дунёнинг энг нуфузли илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, биргаликда йирик илмий лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Ислом тарихи ва маданияти йўналишига оид билимларни ошириш, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни таъмирлаш йўналишида ҳамда асрлар давомида шаклланиб келаётган маданий мерос, хаттолик санъати ва ҳунармандлик каби соҳалар яна қайтадан тикланмоқда.

Форум тадбирлари Ўзбекистоннинг ислом санъати ўчоғи бўлганлигини яна бир бор намойиш этиш билан бирга, юртимизда зиёрат туризмини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати