Марказ жамоаси халқаро миқёсда эришилган келишувларни он-лайн режимда муҳокама қилиб, хорижлик таниқли олимлар иштирокида илмий-семинарлар ўтказишни давом эттирмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси 24 апрель куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Малайзия Ислом цивилизацияси институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда юртимизда диний-маърифий йўналишда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва муассасаларнинг 50 дан зиёд олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Он-лайн семинар “Ўрта асрларда исломда таълим тизими” деб номланиб, унда “Мусулмонларнинг инсоният цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси”, “Ислом – маърифатпарвар дин”, “Исломда таълим тизимининг ривожланиш босқичлари” каби мавзуларда муҳокамалар бўлиб ўтди.
Семинарда “Ислом, аввало, шахсни ақлан ривожлантиришга, унинг қалби, сурати ва сийратини юксалтиришга, масъулиятини оширишга қаратилгандир. Пайғамбаримизнинг (с.а.в) “Бешикдан қабргача илм изланг!” деган ҳадисида ҳам шу маъно-мазмун мужассам”, деб таъкидлади Малайзия Ислом цивилизацияси маркази директори Муҳаммад Юсуф Усмон.
Олим ислом дини илмни “озод” қилганини алоҳида қайд этди. Яъни, муқаддас динимиз ирқи, миллати, дини, жинси, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар ҳар бир инсон учун илм-фанни умумий қилди. Ислом энди-энди шаклланаётган пайтдаёқ, аввало, масжидлар қурилиб, улар нафақат ибодат, балки таълим ва маърифат марказларига айлантирилди.
Малайзиялик олим, 737 йилда Тунисда Аз-Зайтуна университети, 786 йилда Ироқда “Байтул Ҳикма”, 786-788 йилларда Испанияда Кордоба университети, 813 йилда Маъмун академияси, 859 йилда Марокашда Қаровиййин университети, 972 йилда Мисрда Ал-Азҳар университети, 984 йилда Малида Санкор университети очилгани айнан ислом динининг шарофати эканини таъкидлади. Унинг фикрича, Европадаги биринчи олий таълим муассасаси бўлмиш Болонья университети (1088), сал кейинроқ Оксфорд университети (1096) очилишида маърифатпарвар исломга тақлид ва ҳавасни кўриш мумкин.
Муҳаммад Юсуф Усмон исломда таълимни ривожлантиришга мовароуннаҳрлик алломалар беқиёс ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этди. Унинг айтишича, илм – фандан хабардор ҳар бир инсон Басра, Бағдод, Қоҳира, Дамашқ, Кордоба каби илм марказлари қаторида Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона сингари шаҳарларимизни ҳам ҳурмат билан тилга олади. Алкоголь, алкали, алгебра, алгоритм, мусиқа, камера каби атамаларнинг илм-фанга киритилиши бевосита Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Форобий сингари мовароуннаҳрлик буюк алломалар номи ва меҳнати билан боғлиқ. Бутун ислом дунёси бу шахсларни Ўзбекистон марваридлари деб тан олади.
Исломда ибодатни мукаммал адо этиш учун вақтни билиш, макон ва замонда ҳисобдан чалғимаслик (ориентация) зарурати география, геофизика, астрономия, тригонометрия каби фанлар ривожланишига асос бўлди.
Муҳаммад Юсуф Усмон Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикрини билдириб, ушбу жараёнларни юқори баҳолади.
“Ислом оламининг энг етук мутафаккирлари Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан. Бугун юртингизда ушбу улуғ зотлар илмий-маънавий меросига ҳурмат юқори даражада. Бу борада олиб борилаётган тадқиқот ишлари яхши йўлга қўйилган. Кейинги уч йилда ушбу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кучайтириш мақсадида халқаро даражадаги марказлар ташкил этилгани эътирофга муносиб. Ушбу марказлар дунё илм аҳли билан фикрлашмоқда, маълумот алмашмоқда. Малайзиядаги ислом цивилизацияси маркази ҳам Ўзбекистондаги қатор муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан самарали келишувларга эришганмиз”, деди малайзиялик олим.
Қизиқарли ўтган семинар давомида ўзбекистонлик ёш олимлар тадқиқот ишларига доир ўзларини қизиқтирган саволларга олим томонидан батафсил жавоблар олди.