Нашрга тайёрловчилар: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Отабек Муҳаммадиев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Олим Жўраев
Китоб ҳажми: 152 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: “Амирул мўъминийна фил ҳадис” (Ҳадис илмида мўминлар амири), “Имомуд дунё” (Дунё имоми) каби юксак ва шарафли номларга сазовор бўлган муҳаддислар султони – Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида.
Имом Бухорий 810 йили Бухорода туғилган. У зотнинг асл исми Муҳаммад. Аллома 870 йилда Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида вафот этган.
Имом Бухорий ўзининг бундай ноёб қобилият ва қувваи ҳофизасининг кенглиги билан ўз давридаги муҳаддис ва илм аҳлларини ҳайратда қолдирган. Муҳаддис “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган шиорига содиқ қолиб, 40 йил илм талабида мусофир юртларда ҳаёт кечирган. Чексиз меҳнат-машаққат чекиб, ҳар бир ҳадисни асарга киритишда мустаҳкам тақво ва зуҳд* ила 16 йил давомида Қуръондан кейинги манба деб тан олинган “Саҳиҳул Бухорий” асарини ёзган.
Муҳаммад ибн Ҳотим айтади: “Мен унинг бир кечада ўн беш, йигирма марта туриб, чақмоқни олиб чироқ ёққанини, сўнгра ҳадисларни ўқиб яна бошини ёстиққа қўйганини кўрар эдим”. Асарнинг қадри ва қиймати юксаклигининг асл сири ҳам ҳеч шубҳасиз, шу холис меҳнатда бўлган.
Ушбу китобни тайёрлашда асосан тўрт жиҳатга эътибор қаратилди:
- Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти.
- Сийрати ва гўзал ахлоқлари.
- Устоз-шогирдлари ва илмий-маънавий мероси.
- Олимлар томонидан Муҳаддис ҳақида билдирилган фикрлар ва юксак эътирофлар.
Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли, инсонни маънавий етукликка чорловчи диний, маърифий, ахлоқий-тарбиявий мазмунга эга ўгитлари бутун башарият учун ибрат ва намуна ҳисобланади. Аллома асарларининг бош ғояси инсонни бахтга етакловчи илмга эга қилиш, уни икки дунё саодатига эриштиришдан иборат.
Китобда таъкидланганидек, Имом Бухорий ҳар бир масаланинг моҳиятига чуқур кириб борган, муаммони илмий асосда ўрганган. Бунинг учун эса у ўз даврининг забардаст алломаларидан сабоқ олган. Шу сабабли ҳам Имом Бухорий эгаллаган илмнинг асоси мустаҳкам эди. Ислом илмлари олими Жаъфар ибн Муҳаммад Қаттон* айтади: “Мен Бухорийнинг ўзидан эшитдим. У зот шундай деди: “Мен мингдан ортиқ устозу олимлардан ҳадислар тингладим. Менда исноди (силсиласи) зикр этилмаган биронта ҳам ҳадис йўқдир”.
Китобда аллома тўплаган саҳиҳ ҳадислардан намуналар ҳам берилган бўлиб, улардан бирида шундай дейилади:
“Мўмин – мўминнинг ойнасидир. Мўмин – мўминнинг биродаридир. У биродарига зиён келтирадиган йўлларни тўсади ва уни орқасидан ҳимоя қилади”.