Ғоя муаллифи: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукурилло Умаров.
Нашрга тайёрловчилар: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Китоб ҳажми: 184 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Китоб буюк аждодимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти, бой илмий-маънавий мероси ҳақида.
Имом Бухорий 810 йилда Бухорода туғилган. У зотнинг асл исми Муҳаммад бўлган. Аллома 870 йили Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида вафот этган.
Китобни тайёрлашда Имом Бухорий ҳақидаги барча маълумотлар жамланиб, бирламчи манбалар асосида бойитилди. Турли тиллардаги 100 га яқин адабиётлардан фойдаланилди.
Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли, инсонни маънавий етукликка чорловчи диний, маърифий, ахлоқий-тарбиявий мазмунга эга ўгитлари бутун башарият учун ибрат ва намуна ҳисобланади. Аллома асарларининг бош ғояси инсонни бахтга етакловчи илмга эга қилиш, уни икки дунё саодатига эриштиришдан иборат.
Китобда таъкидланганидек, Имом Бухорий ҳар бир масаланинг моҳиятига чуқур кириб борган, муаммони илмий асосда ўрганган. Бунинг учун эса у ўз даврининг забардаст алломаларидан сабоқ олган. Шу сабабли ҳам Имом Бухорий эгаллаган илмнинг асоси мустаҳкам эди. Ислом илмлари олими Жаъфар ибн Муҳаммад Қаттон айтади: “Мен Бухорийнинг ўзидан эшитдим. У зот шундай деди: “Мен мингдан ортиқ устозу олимлардан ҳадислар тингладим. Менда исноди (силсиласи) зикр этилмаган биронта ҳам ҳадис йўқдир”.
Китобда “Саҳиҳул Бухорий” (Бухорийнинг саҳиҳи), “ал-Адаб ал-муфрад” (Одоб дурдоналари), “Холқу афъол ал-ибод” (Бандалар феълларининг яратилиши), “ат-Тарих ал-кабир” (Катта тарих) каби йигирма учта асари тўғрисида батафсил маълумотлар келтирилган.
Қадимдан Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини саёҳатчилар ўзлари билан доим олиб юришга одатланганлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Бу асар ҳидояга бошловчи маълумотларга бойлиги сабабли ундан кенг кўламда фойдаланилган. Аллома Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамзанинг ёзишича: “Мен тақво аҳлидан* эшитдим: “Саҳиҳул Бухорий” мушкул кунда кишига нажот йўлини топишда ёрдам беради”.
“Имом Бухорий” китобида қуйидаги маълумотларни ёритишга эътибор берилди:
– Имом Бухорий ҳаёти ва ижоди;
– муҳаддиснинг насл-насаби ва гўзал фазилатлари;
– Имом Бухорийнинг устоз ва шогирдлари, ёзган асарлари;
– буюк муҳаддис ҳақида билдирилган фикрлар ва юксак эътирофлар;
– нодир асарларининг қўлёзма нусхалари ва уларнинг сақланиши ҳамда қисқача каталоги;
– Имом Бухорий асарларининг қўлёзма нусхаларидан намуналар;
– Имом Бухорий ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар;
Китобда “Саҳиҳул Бухорий” (Бухорийнинг саҳиҳи) асарининг жаҳон кутубхона фондларида сақланаётган қўлёзма нусхалари ва унга ёзилган шарҳлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Марказий осиёлик муҳаддислар ва улар ўртасидаги илмий алоқалар, Имом Бухорийнинг уламолар наздидаги даражалари ёритилган.
Имом Бухорийнинг тенгсиз заковатига ҳасад қилган кимсалар, унга нисбатан турли адоват ва бўхтон сўзларни тарқатганлар. Жумладан, Абу Абдуллоҳ Ҳоким айтади: “Имом Бухорий Нишопурга* келганларида Муҳаммад ибн Яҳёдан* ушбу сўзларни эшитган: “Бу солиҳ кишининг олдига боринглар. Ҳадисларини эшитинглар”. Одамлар ҳадис эшитиш учун Имом Бухорий томон юзланишди. Ҳатто, Муҳаммад ибн Яҳёнинг олдида ҳадис тингловчилар камайиб қолди. Шундан кейин Муҳаммад ибн Яҳё ҳасад қилиб, Бухорий тўғрисида ноўрин сўз айта бошлади”. Бироқ бундай кимсалар буюк аждодимизнинг қадр-қимматини, асарларининг оламшумул довруғини пасайтира олмади. Мана, 12 аср ўтган бўлса ҳам бутун дунё “Саҳиҳул Бухорий” асарини Қуръони каримдан кейинги манба сифатида юксак қадрлайди.
Ушбу китобнинг аҳамияти шундаки, уни ўрганган инсон илм-маърифатга меҳрли бўлади, бу йўлда сабр-қаноатли бўлишга интилади. Илм-маърифат инсонни жаҳолатдан қутқарувчи ягона манба эканини англаб етади.