Home / МАҚОЛАЛАР / ИСРОФ УЧУН ЖАЗО МУҚАРРАР

ИСРОФ УЧУН ЖАЗО МУҚАРРАР

Муқаддас динимизда ҳар бир ишда мўътадиллик – ўрта ҳол бўлиш маъқулланиб, исрофгарчилик ва ҳаддан ошишлик эса қораланган. Одатда исрофгарчилик деганда инсон ҳаётида зарур бўлган ҳар қандай неъмат, хоҳ у табиий бойлик бўлсин, хоҳ моддий бойлик бўлсин улардан фойдаланишда ҳаддан ошиш, яъни меъёрдан ортиқча ишлатиш ҳолатлари тушунилади. 

Шу ўринда исроф сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларига қисқача тўхталиб ўтсак.

Исроф луғатда – “чегарадан чиқиш” – “ҳаддан ошиш” ва “бир нарсани қасддан унутиш” маъноларини англатади.

Истилоҳда – моддий ва маънавий маънода ишлатилсада, кўпроқ моддий сарф харажатларда ортиқча ва ҳожатидан ташқари фойдаланиш ёки ишлатишда ўз ифодасини топади. 

Исрофнинг маънавий, моддий ва маиший[1] турлари мавжуд бўлиб, булардан энг хавфлиси маънавий исрофдир. Зеро, моддий ва маиший исрофлар асосини аввало маънавий исроф, яъни бузуқ эътиқод – тушунча, илмсизлик – жоҳиллик ёки лоқайдлик каби иллатлар ташкил этади.

Шу ўринда айтиш лозимки, исрофгарчиликни амалга оширувчи шахсни “исроф қилувчи, исрофчи” дейилади. Исроф қилувчилар ҳақида Қуръони каримнинг “Исро” сурасининг 27- оятида шундай марҳамат қилинган:

إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِۖ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا

“Албатта, исроф қилувчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир”.

Исрофчи Аллоҳ таоло тарафидан берилган неъматларнинг қадрига етмайди, унга шукр ҳам қилмайди. Агар шукр қилганида эди уни исроф қилмасдан – ҳаром ва беҳуда ишларга сарфламасдан, неъматларни берган Аллоҳ таолони розилиги йўлида ҳалол, пок, тўғри ва савобли ишларга сарфлаган бўлар эди.

Одатда, кўпчилик тўй ёки марака қилаётган вақтида маҳалладошлари, дўсти биродарлари ёки таниш билишлари ўртасида обрўйим тўкилиб, уялиб қолмай, деган андишага бориб, исрофгарчиликка йўл қўяди. Натижада, меҳнати ва пешона териси эвазига топган бойлигини яхшилик кунларига сарфлаш чоғида ўзи билмаган ҳолда гуноҳкор бўлиб қолади.

Исроф нафақат тўй-маросимлардаги ортиқча тўкин-сочинликда бўлади, балки, кунлик эҳтиёжидан ташқари улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечак каби нарсаларнинг арзонроғи турган ҳолда, бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб олиш, ҳам такаббурлик, ҳам исроф ҳисобланади.

Исрофнинг яна бир маъноси – ҳар бир неъматни ўз ўрнидан бошқа ўринга ишлатиш ёки сарф этишдир! Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Агар инсон молининг ҳаммасини ҳаққа сарф этса – у исроф қилгувчи бўлмайди. Агар у заррачасини бўлса ҳам ноҳақ сарф этса – исроф қилгувчи бўлади”, – деганлар.

Динимизда исроф ва хасислик ўртасида мўътадил – ўрта ҳол бўлишга чақирилган. Бу борада, Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасининг 67-оятида шундай марҳамат қилган:

» وَالَّذِينَ إِذَا أَنفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَٰلِكَ قَوَامًا.»

Улар нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар.

Шунингдек, Пайғамбар алайҳис салом ҳам Аллоҳ таоло мўъминларнинг исрофгарчиликка йўл қўйишларини хуш кўрмаслигини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ اللَّهَ كَرِهَ لَكُمْ ثَلَاثًا قِيلَ وَقَالَ وَإِضَاعَةَ الْمَالِ وَكَثْرَةَ السُّؤَالِ». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ.

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Аллоҳ сизлардан уч нарсани – ғийбатни, молни исроф қилмоқни ва кўп савол бермоқни хуш кўрмайди (ёқтирмайди)”, – деб айтаётганларини эшитдим”. Имом Бухорий ривояти.

Ҳозирги кунда исрофнинг яна бир тури – маиший исрофгарчилик ҳам авж олиб бормоқда. Жумладан, айрим мактаб ёшидаги болалар уйларида китоб ўқиш ўрнига кўчаларда ахлоқсиз ишларни қилиб, ёшлигини ва қимматли вақтларини исроф қилмоқда. Баъзи ота-оналар фарзандларига одоб-ахлоқда, тарбияда ва китоб ўқишда ўрнак бўлиш ўрнига оилавий жанжаллар билан ўзлари ва фарзандлари ҳаётини ҳамда келажагини исроф қилмоқда. Баъзи ҳолларда ёши катта кексалар ҳам фарзанду набираларига ҳаётда, таълим-тарбияда ва ибодатда ибрат бўлиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиш ўрнига кўчаларда, жамоат жойларида тўпланиб, нарда, фойдасиз машғулотлар, карта ва бошқа қимор ўйинлари билан вақтларини ва умрини исроф қилаётганига гувоҳ бўласан киши. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар бир ота-она ўз фарзандига берилган умрни исроф этишдан сақланмоғини ўргатиши, умрнинг ҳар бир лаҳзасини ўзи ва атрофидагилар учун фойдали ишларга машғул бўлиб ўтказиш лозим эканлигини унинг мурғак қалбига қуйиб бориши керак.   

Шуни ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, ҳар қандай исрофгарчилик учун жазо муқаррардир. Чунки, Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 31-оятида шундай марҳамат қилган:

» وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلاَ تُسْرِفُوا إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ.»

Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Албатта, У зот исроф қилувчиларни севмайди”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларни покиза нарсалардан истеъмол қилишга ва неъматларни исроф қилмасликка чақириш билан бирга исроф қилгувчиларни севмаслигини ҳам баён қилмоқда. Зеро, банданинг барча амаллари авваламбор, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бўлиши лозим. Шундагина қилинган амал учун савоб ёзилишидан умид қилса бўлади.

Минг афсуслар бўлсинки, на миллий ва на диний қадриятларимизда мавжуд бўлмаган бир қатор, янгидан-янги исроф турлари кундан кунга авж олиб, жамиятимизга сингиб бормоқда. Исрофдан сақланиб, тежамкор ва тадбиркор бўлиб, тежалган нарсаларни фарзандлар келажаги, таълим олишлари учун сарф қилинса, ёшлар билимли ва доно бўлиб улғаяди. Ёшлари билимли ва ДОНО бўлган диёр келажакда ҳеч қандай хору-зорликни кўрмайди. 

Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими
Йўлдошхон ИСАЕВ
[1] Маиший исроф турига ўз умрини ичкиликка, жиноятга қўл уриб қамоқхонада ўткзишга, ўйин-кулгуга бахшида этганлар киради.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …