9 апрель
Амир Темур (1336-1405)
Бугун буюк саркарда, давлат ва сиёсат арбоби, соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун.
Амир Темур 1336 йил 9 апрель куни Кеш вилоятининг Хўжа илғор қишлоғида амир Муҳаммад Тарағай хонадонида дунёга келган.
Тарихдан маълумки, Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳр ҳудудида илм-фан, маданият ва санъат юксак даражада тараққий этган. Кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилган.
Амир Темур ўз даврида кўплаб муҳташам иморат ва иншоотлар, саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурдирган, шаҳар атрофида боғ-роғлар ва бўстонлар барпо эттирган. Илм-фан, маданият ва санъат аҳлини ўз ҳомийлигига олиб, уларга юқори иззат-икром кўрсатган.
Мовароуннаҳр ҳудудидан нафақат ислом дини ривожига, балки жаҳон мамлакатлари илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк мутафаккир ва алломалар етишиб чиққан.
Мамлакатимизда истиқлолнинг ўтган даври мобайнида миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни тиклаш, аждодларимиз хотирасини абайдийлаштириш, илмий меросини чуқур ўрганиш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу жараёнда, албатта, илмий тадқиқот ишлари муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис сўнгги икки йил давомида юртимиздаги таълим муасасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тадқиқот ишларини рағбатлантириш, илм аҳлига зарур шарт-шароит яратиб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги тадқиқот муассасалари бунёд этилмоқда. Мавжудлари мукаммал таъмирдан чиқарилмоқда, такомиллаштирилмоқда, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланмоқда.
Бу эзгу ишлар мамлакатимиз илмий доиралари вакилларини хорижий тадқиқот марказлари олимлари билан ҳамкорликда аждодларимизнинг улкан маънавий меросини ўрганишга кенг йўл очмоқда. Натижа ўлароқ Амир Темур каби донғи дунёга таралган бобокалонларимизнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб асарлар яратишга, илмий тадқиқотлар амалга оширишга, уларнинг янгидан-янги қирраларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.