Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 684 йиллигига
Соҳибқирон Амир Темур буюк саркарда ва сиёсатчи бўлиши баробарида маданият, илм-фан ва адабиётнинг улуғ ҳомийси сифатида тарихда қолди. Амир Темур ва темурийлар даврида туркий тил ва адабиёт юксак чўққиларга кўтарилди. Ўнлаб буюк шоирлар етишиб чиқди, юзлаб бебаҳо дурдоналар яратилди.
Алишер Навоий “Мажолисун-нафоис” асарида кўплаб ҳукмдорлар орасида Амир Темурни биринчи бўлиб тилга олган, “Агарчи бу улуғ зот шеър ёзмаган бўлса-да, у айтган ҳар бир байт минг байтга тенг” деб лутф қилганди.
Шайх қўрққанидан Қуръонга чанг солди
Навоий юқоридаги фикрнинг исботи сифатида қуйидги воқеани мисол келтиради.
Амир Темур замонасида машҳур мутасаввиф олим Абу Саййид Абулхайрнинг бир шеъри жуда шуҳрат қозонган, ҳатто бу рубоийнинг ғайриоддий хусусиятлари ҳақида гап-сўзлар тилдан-тилга кўчиб юрарди.
Бу рубоийнинг шарҳи хусусида кейинчалик Хожа Аҳрори Валий ўзининг “Ҳавроия” номли қасидасини ҳам битган эди.
Мана ўша рубоий:
Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,
Як холи сияҳ бар он рухон мутраф зад,
Ризвон ба ажаб бимонду каф бар каф зад,
Абдол зи бийм чанг бар мусҳаф зад.
(Маъноси: ҳурлар нигоримни томоша қилиш учун саф тортишди. Бир қора хол уларнинг юзларига парда тортди. Жаннат ҳам ҳайратда қолиб, кафтини кафтига урди. Пир қўрққанидан Қуръонга чанг солди.)
Бу рубоийдан ўз вақтида Амир Темур ҳам хабардор бўлган.
Ўша пайтларда Озарбайжон бошқаруви Амир Темурнинг иккинчи ўғли Мироншоҳ Мирзога топширилган. Бироқ, Мироншоҳнинг ичкиликка муккасидан кетиши давлат ишларига таъсир кўрсата бошлади. Унинг ғалати қилиқлари ҳақидаги гап-сўзлар Самарқандга ҳам етиб келади. Соҳибқиронга Мироншоҳнинг ичкиликка берилишига уч кишининг сабабчи экани етказилди. Амир Темур учовини ҳам жазолашни амр қилади. Мулозимлар улардан икки нафарини тутиб қатл қилишади. Аммо учинчиси – Хожа Абдулқодир ўзини девоналикка солиб дарбадарликни ихтиёр қилади.
Соҳибқирон Ироққа юриш қилганида, Хожанинг шу атрофда юрганини хабар қилишади. Ниҳоят уни қўлга олиб, подшоҳ ҳузурига олиб келишади. Хожа Абдулқодир ўз вақтида Қуръон қироати билан ҳам шуҳрат қозонган бўлиб унинг гўзал овози бор эди.
Амир Темурнинг ҳузурига олиб келишлари билан у қўрққанидан нима қиларини билмай, Қуръон оятларини тиловат қилишга тушади. Бу ҳолатни кўрган Соҳибқирон кулиб юборди ва ўша машҳур рубоийнинг охирги мисрасини айтади?
Абдол зи бийм чанг бар мусҳаф зад,
Яъни, пир қўрққанидан Қуръонга чанг солди.
Гарчи фалсафий маънога эга бўлган бу рубоийда ушбу мисра бошқача маънога эга бўлса-да, Амир Темур уни закийлик билан ўз ўрнида ишлатган, буни Навоий “йилда бир, асрда бир юз берадиган ҳодиса” сифатида баҳолаган эди.
…Қайтадур бир кун анга
Амир Темур форс ва араб тилларини пухта билса-да, она тили – туркий тилни ардоқлар, кўпгина номалари, фармонлари, тарихий китобларини шу тилда битар эди. Маълумотларга кўра, унинг таржимаи ҳоли ва ўгитларини ўз ичига олган “Темур тузуклари” асари ҳам даставвал туркий тилда битилган, кейинчалик Бобурийлар саройида форсчага ўгирилган.
Маълумки, Соҳибқиронга иттифоқчи бўлган Амир Ҳусайн очиқчасига хиёнат қилган. Шу хиёнат сабаб Амир Темур 1365 йилда Чиноз яқинида юз берган «Лой жанги»дан мўғулларга енгилган эди. Чунки, Амир Ҳусайн ўз қўшини билан ёрдамга етиб келмаган, шу боис саркарда жуда катта талафотга дуч келган эди.
Бу Ҳусайннинг Амир Темурга ягона хиёнати эмасди. Соҳибқирон Амир Ҳусайн билан марказлашган давлат барпо этиш мақсадида юрган кезлари Амир Ҳусайннинг ҳийласи билан улар орасига нифоқ тушади. Шундай оғир бир вазиятда Амир Ҳусайн Амир Темурни ўлдиришни режалаштириб, унга “дўстлик ва қардошликни” таклиф этади ва Қуръонни қўлга олиб қасам ичади. Ва уни Темурга юбориб, элчи орқали “ўртадаги аҳду-паймолимизни янгиласак, худо хаққи дуруст бўлур эди”, деб Чакчек дарасида учрашишни таклиф этади.
Амир Ҳусайннинг нияти қора эди. У Амир Темурни ўлдирмоқчи, йўлидаги асосий ва бирдан-бир “ғов”ни олиб ташламоқчи эди. Буни Амир Темур жуда яхши тушуниб турар эди. Шундай бўлсада, Қуръон ҳурматини сақлаб, айтилган жойга боради. Лекин эҳтиёт чораси билан икки юз отлиқни ўша ерга махфий жойлаштиради. Бундан бехабар Амир Ҳусайн минг навкари билан Амир Темур устига тўсатдан ҳужум қилади. Лекин Оллоҳнинг иродаси билан Амир Темур ғалаба қозонади. Шунда саркарда Амир Ҳусайнга ушбу мазмунда туркий байт ёзиб юборади:
Ёрга еткур сабо, ким макр қилмишдур манга,
Қилди эрса кимга макрин, қайтадир бир кун анга.
Яъни ким менга макр, ҳийла қилса сабо (тонг шамоли) уни ёрга (яъни Оллоҳга) етказади. Ким кимга макр, ҳийла қилса бир кун ўзига қайтади, Рўзи Маҳшарда жавоб беради.
Бундай сермазмун ва сержило байтни битиш учун юксак тафаккур ва катта маънавий салоҳият соҳиби бўлиш керак. Бинобарин, Соҳибқирон Амир Темур ана шундай улуғ ҳофиза ва ақл-заковат соҳиби эди.
Шоир ва фотиҳ учрашуви
Соҳибқирон Хуросон устига қилган фатҳ юришларидан бирида форс мамлакатининг пойтахти Шерозни ҳам олади. Бу шаҳарда жаҳонга машҳур форс шоири, Ҳофиз Шерозий истиқомат қиларди.
Шоирнинг:
Агар кўнглим шод этса, ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони,
– деган байти жаҳонга таралиб кетган эди.
Айтишларича, Амир Темур Шерозда шоирни ўз ҳузурига чақиртиради ва унга: “Мен ер куррасининг жуда катта қисмини бўйсундирдим ва ўз ҳукуматим ўрнашган қадрдон шаҳарларим Самарқанду Бухорони обод қилиш учун топган-тутганимни аямадим, сен эса ҳар икковини бир қизнинг қора холига бериб юбормоқчимисан?”– дейди. Шунда Ҳофиз Шерозий қўл қовуштириб туриб: “Аълоҳазрат, шунақа қўли очиқлигимдан ўзингиз кўриб турган гадолик ҳолига тушдим-да”, – деб жавоб қилади. Бу жавоб Соҳибқиронга маъқул бўлади ва шоирга қимматбаҳо совғалар ҳадя қилади.
Амир Темур ва Ҳофиз Шерозий орасидаги мунозараларнинг турли талқинлари мавжуд бўлиб, бошқа бир ривоятга кўра, Соҳибқирон: “Эй шоир, сиз Шероздан бошқа жойни кўрмаганингиз учун, Шероздан гўзал жой дунёда йўқ деб ўйлайсиз. Сизнинг Шерозингиз менинг Самарқандимга қараганда кичик ва кўримсиз. Самарқанд илгаридан дунёнинг гўзал шаҳарларидан эди. Мен уни яна ҳам гўзллаштирдим ва дунёнинг обод шаҳарларидан қилдим. Истасангиз юринг, сизни Самарқандга олиб кетай” дейди.
Аммо Ҳофиз кекса ёшда бўлгани учун ўз шаҳрини қўйиб қолган умрини Самарқандда ўтказишга рози бўлмайди. Соҳибқирон ҳам унинг раъйига қарши бормай, фаровон ҳаёт кечирмоғи учун минг динор туҳфа қилади.
Ана шу мисолларнинг ўзи ҳам Амир Темурнинг шеърий иқтидорга эгалиги, шеъриятга, шоирларга, адабиёт аҳлига алоҳида ғамхўрлик кўрсатганидан дарак беради.
Манба:ЎзА